» » Мамлакат тарихининг янги саҳифаси

Мамлакат тарихининг янги саҳифаси

24 ноябрь 2018 г 2 584 Комментарии: 0

2018 йил мамлакатимиз янги тарихида кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган йил сифатида алоҳида саҳифа бўлиб қолиши шубҳасиз. 

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан олис ва чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимиз ҳаётига янги мазмун бахш этган “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишлар чиндан унутилмас воқеа бўлди.
Манас қишлоғи намунаси
“Юртимизда кейинги икки йилда амалга оширилган ҳайратланарли, йирик лойиҳалар ҳақида аниқ мисоллар, амалий натижалар билан узоқ гапириш мумкин. Назаримда, бу лойиҳалар ичида одамларни давлатдан, ҳаётдан рози қилишдаги аҳамияти билан “Обод қишлоқ” дастури алоҳида ажралиб туради”.
Мен бу гапни “Обод қишлоқ” дастурига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган оддий инсон, Жиззах шаҳрида яшовчи собиқ ҳарбий хизматчи, ҳаваскор фотосуратчи Юрий Владимирович Строжукдан эшитдим. Турли тарихий воқеалар, бетакрор манзаралар суратини ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасига жойлаштириб борадиган бу тиниб-тинчимас ижодкорни Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида учратган эдим.
Дарҳақиқат, “Обод қишлоқ” дастури туфайли Манас қишлоғи завқланишга, бу завқни бошқаларга улашишга арзирли обод ҳудудга айланди. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу дастур юртимизда биринчи бўлиб Манас қишлоғида ҳаётга татбиқ этилганидир. Бу қишлоқ ушбу дастурни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда намуна-синов майдони бўлиб хизмат қилди.
Дастурни амалда синовдан ўтказиш учун Манас қишлоғи танлангани бежиз эмас. Бунгача вилоятдаги барча қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмаси ўрганиб чиқилган эди. Жиззах чўлларини ўзлаштиришнинг илк даврида вилоят марказидан 70 километр олисда барпо этилган Манас қишлоғининг аҳволи одамлар учун яшаш шароити оғирлиги билан умумий эталон вазифасини ўтайдиган даражада эди. Уни одамлар учун яшаш шароити энг қулай бўлган обод қишлоққа айлантириш вазифаси қўйилди.
1 минг 45 та хонадонда турли миллат вакилларидан иборат 6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган қишлоқда яқин-яқингача ҳам инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик ва электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш бугунги кун талабларига жавоб бермасди, деган таъриф камлик қилади. Ўз даврида чўлнинг янги ўзлаштирилган қисмидаги обод манзиллардан бўлган қишлоқда кейинги чорак аср давомида инфратузилма иншоотлари фойдаланиш муддатини ўтаб бўлганди. Бунинг устига кейинги 25-30 йилда таъмирланмаган қишлоқнинг ташқи қиёфаси ҳам бироз қўрқинчли, аниқроғи, уруш ҳақидаги бадиий фильмлардаги манзарани эслатарди.
Барча тирик жонзот каби инсон ҳам ташқи муҳитга мослашувчан. Йиллар давомида секин-аста давом этиб келган қишлоқ инқирозига одамлар ҳам кўникиб қолган, бу қийинчиликни тақдирнинг, қисматнинг иши сифатида қабул қила бошлаганди. Биров 2-3 километр узоқдаги сувни ташиб ичишга эшак араваси борлигидан, биров намгарчилик пайтлари қишлоқ кўчасининг тизза бўйи лойига йиқилиб қолмасдан ўтганига, бошқаси қишда исинишга ғўзапояси, дастурхонида уч маҳал чой-нони борлигига шукр қиларди.
2.jpg
3.jpg
– Халқимиз муаммоларини яхши биладиган ва уни ҳал эта оладиган Президентимизнинг назари бизнинг қишлоққа тушиши манасликларнинг бахти, – дейди “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, меҳнат фахрийси Жалил Кенжаев. – Манас юртимиз тарихида энг қисқа фурсатда бутунлай қайта қурилган қишлоқ бўлса керак. Атиги 45 кун давом этган ҳашар давомида амалга оширилган ишларнинг барчасини санаб чиқиш қийин. Бу ишнинг бутун кўламини, маҳобатини ҳис этиш учун қишлоққа келиб кўриш керак. Шундай бўлмоқда ҳам, юртимизнинг турли ҳудудларидан одамлар келиб, кўриб кетмоқда.
Кўрмаган одамларда бу маҳобатли ўзгаришлар, янги иншоотлар қурилиши, қайта қуришлар ҳақида тўлиқроқ тасаввур уйғотиш учун айрим факт ва рақамларни келтириб ўтишга тўғри келади.
Бир ой ичида 34 та тўрт қаватли уй капитал, 30 дан зиёд шахсий хонадон жорий таъмирдан чиқарилди. Иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муассасаси, 500 томошабинга мўлжалланган маданият саройи капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. 22 та кўчанинг барчасига тўлиқ тош-шағал ётқизилди. Улардан 10 таси 6 метр кенгликда асфальтланди. Йўл ва кўчаларнинг чекка қисмига сув қочириш учун 6 километрдан зиёд лоток ўрнатилди.
Бу иш қандай амалга оширилгани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида доимий хабар бериб борилди. Шунинг учун энг хароб қишлоқ энг обод қишлоқнинг намунавий модулига айлантирилгани ҳақида батафсил тўхталишга ҳожат йўқ. Чунки бу тарихий янгиланиш фақат бизнинг матбуотда эмас, хорижда ҳам эътироф этилди. Масалан, Болосоғун номидаги Қирғизистон миллий университети доценти Мирсаид Анарбаев “Ачык соз” (“Очиқ сўз”) газетасининг 2018 йил 13 сентябрь сонида эълон қилган “Беқиёс ўзгарган Манас” сарлавҳали каттагина мақолада ўз кўзи билан кўрганларини батафсил ҳикоя қилади. Олим мақолани шундай якунлайди:
“Манас қишлоғи Ўзбекистонни Эрон, Афғонистон ва Туркманистон билан боғлайдиган улуғ йўлга яқин жойлашган. Энг муҳими, қишлоққа Президентнинг назари тушди. Уни кўргани атайин узоқлардан ташриф буюрувчиларнинг қадами узилмаяпти. Истагимиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошлаган ушбу хайрли ташаббус қанот ёзиб, бутун мамлакат обод ва фаровон бўлсин”.
“Манас тажрибаси” асосида, аммо ундан ҳам кўламлироқ, ҳайбатлироқ 
Манас қишлоғида орттирилган тажриба Мирзачўлнинг Ғалаба маҳалласида янада бойиди. Сабаби, Манас бошқа қишлоқлар билан туташмагани боис бу ерда амалга оширилган ишлар фақат шу ҳудуднинг ўзи билан чегараланди. Ғалаба маҳалласи туман марказида жойлашгани туфайли бу ерда амалга оширилган ишлар унга туташ Мустақиллик, Ўзбекистон, Мирзадала, Дўстлик, Ержар, Боғбон маҳаллаларини – амалда Гагарин шаҳрини тўлиқ ва бирмунча олисдаги Ўзбекистон қишлоғини ҳам қамраб олди. 
Дастурни амалга оширишда Ғалабанинг ўзига хос яна бир жиҳати – 2 мингга яқин аҳоли яшайдиган 317 та барак уйдан иборат каттагина массив бузилиб, замонавий турар жой бинолари барпо этилди. Шунинг учун бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам кўлами Манасдагидан бир неча бор катта, суръати юқори, сифати чинакам шаҳармонанд бўлиши керак эди. Амалда шундай ҳам бўлди. Қисқа фурсатда намунавий лойиҳа асосида 4 сотихли 2-3 хонали 223 та намунали уй, 94 та кўп қаватли уй май-октябрь ойлари давомида қуриб битказилди.
4.jpg
5.jpg
Кўп қаватли уйлар атрофидаги ноқонуний иншоотлар олиб ташлангани, йўл ёқасидаги уй деворлари ичкарига кўчирилиши натижасида кўчалар, йўллар кенгайтирилди. Кўп йиллар таъмирланмаган уйлар таъмирланиб, бир хил рангдаги турар жойлар шаҳарга шинамлик, кенглик ва кўркамлик бағишлади.
Ҳудуддаги давлат идоралари ҳам туман марказида кечаётган ўзгаришларга монанд таъмирланиб, шаҳарнинг умумий меъморий қиёфасига мослаштирилди. Бу ўзгаришлар шаҳарга янада ҳашамат, ҳайбат ва кўркам қиёфа бағишлади. 100 дан ортиқ хотин-қиз ишлайдиган тикувчилик цехи, аҳолининг қорамол ва қўй-эчкиси боқиладиган чорвачилик мажмуаси барпо этилди.
Шундай янгиланиш туман марказидан 20 километр узоқдаги “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳам амалга оширилди. Бу қишлоқда ноқонуний бино ва иншоотлар туфайли машина қайрила олмайдиган кўчалар беш метрга кенгайтирилди. Айни шу бузилишлар сабаб қишлоқдаги 148 та оила истиқомат қилаётган 12 та кўп қаватли уй замонавий қиёфа касб этди.
Турар жойларга алюминий профилли ромлар ўрнатилиб, ташқи қисми, йўлаклар таъмирдан чиқарилди. Болалар майдончалари, тандирхона ва ўтинхоналар қурилди. Мавжуд 24 та кўчанинг барчасига ичимлик суви тармоғи тортилди. 28,8 километрлик ички йўлларга шағал ва асфальт ётқизилди.
Дастур доирасида тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланиши ободликка, фаровонликка ҳисса қўшувчиларни кўпайтирди. 20 нафар тадбиркор имтиёзли шартлар асосида кредит олиб, ўз ишини кенгайтирмоқда. 2 нафар кам таъминланган оила вакилига 4 фоизлик кредит ажратилди. 
Қишлоқ тадбиркорлари томонидан мини-маркет, йирик савдо мажмуаси, ҳаммом, тўйхона, спорт зали, сартарошхона, гўзаллик салони, фитобарга эга маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилди. Тадбиркорлар қишлоқ марказидаги бўш турган бинони реконструкция қилиб, савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасига айлантирди. Бу ерда кунига 2 мингта қолипли нон пишириш цехи, озиқ-овқат, газлама ва пойабзал дўконлари фаолияти йўлга қўйилди. 100 ўринли тикувчилик цехи, 180 ўринли тўй ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган чойхона қурилди
6.jpg
8.jpg
“Обод қишлоқ” дастури асосида “Баҳор” мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинаётир. Бу ишга 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Муассаса 6 бинодан иборат бўлади. Бинолар ойнаванд йўлаклар билан боғланади. Ҳовлида эса 1 сотихлик иссиқхона, сузиш ҳавзаси қурилади.
– Муассасамизда болаларни замонавий талаблар асосида улғайтириш учун барча шароит муҳайё қилинади, – дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Зулфия Маматова. – Инглиз ва рус тиллари, жисмоний тарбия ва мусиқа, ўқиш ва ёзишни ўргатиш учун замонавий шароит яратилади. Шу мақсадда барча зарурий жиҳоз, асбоб-ускуна, 40 миллион сўмлик стол-стул ва китоблар олиб келинди.
Қишлоқ оилавий поликлиникаси 800 миллион сўм эвазига таъмирдан чиқарилди. Бу ерда терапевт, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог каби шифокорлар хизматидан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, муолажа, автоклав, рўйхатхона ҳамда 4 ўринли кундузги бўлим, шошилинч тиббий ёрдам шохобчаси аҳоли хизматида.
“Обод қишлоқ” дастури вилоятнинг ҳар бир туманида иккитадан қишлоқда амалга оширилаётир. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида ва кўп ёзиш мумкин, ёзиляпти ҳам. Бироқ, бу дастур ижроси доирасидаги ишлар оммавий ахборот воситалари мавзусига сиғмаслиги ҳам кўриниб қолди. Давлатимизнинг аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга ошираётган “Обод қишлоқ” дастури илмий-амалий жиҳатдан ўрганишга молик тарихий мавзуга айланди. Шундай бўлиши ҳам шубҳасиз.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!