Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Фориш туманида «Обод қишлоқ» дастури доирасида қилинган ишлар хусусида

Фориш туманида «Обод қишлоқ» дастури доирасида қилинган ишлар хусусида

04 декабрь 2018 йил
220
0

Президентимиз ташаббуси билан олис ва чекка қишлоқларимизда «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари юртдошларимиз ҳаётига янгича мазмун бахш этди.

Дастур доирасида йил давомида Фориш тумани «Оқтом» ва «Хонбанди» маҳаллаларида катта бунёдкорлик ишлари бажарилди.

2018 йилнинг ўтган ойлари давомида 13 километрлик 16 та кўчага қум-шағал тўкилиб, текисланди. Электр линияларининг эскирган ёғоч таянчлари ўрнига 146 та бетон таянчлар ўрнатилиб, янги линиялар тортилди.

Маҳалла аҳолиси томорқасига 2500 туп мевали дарахт кўчатлари экилди. Дастур доирасида тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланиши ободликка, фаровонликка ҳисса қўшувчиларни кўпайтирди.

«Маҳалла» ҳудудида «Мадина капитал» хусусий корхонаси томонидан 3 гектарлик мевали боғ ташкил этилди. 13 та кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар уй-жойлари таъмирлаб берилди. Маҳалладаги эски ташландиқ бино капитал реконструкция қилиниб, кўркам «Маҳалла гузари» бунёд этилди.

«Зарифа – Лазиз» масъулияти чекланган жамияти томонидан маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, айниқса таҳсинга лойиқ. Тадбиркорнинг 200 миллион сўм ўз маблағи, «Қишлоқ қурилиш банк» АТБнинг 400 миллион сўм кредит маблағи эвазига ҳаммом, гўзаллик салони, сартарошхона, кийимларни кимёвий ювиш (химчистика) масканлари қурилиб, ишга туширилди ва аҳолига хизмат кўрсатиш борасида барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилди.

Бундан ташқари якка тартибдаги тадбиркор Фарҳод Мирзабековга маҳалладаги эски савдо дўкони ноль қийматда инвестиция киритиш мажбурияти билан берилди. Тадбиркор эса бу бинони таъмирлаб, ўз маблағи эвазига нон пишириш печлари харид қилиб, нонвойхона ташкил этди ва маҳалладошларига мазали нонлар тайёрлаб бермоқда.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Маҳалладаги «Меҳнатобод» қишлоқ врачлик пункти 300 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига таъмирланди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Аҳоли бу ерда кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнун.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида маҳалладаги муаммолар барҳам топди, – дейди Муҳаббат Эрдонова. – Оилам кам таъминланган оила. Мен ҳам меҳр-эътибордан четда қолмадим. Уйимни таъмирлаб, том қисмига 120 дона шифер қоқиб беришди. Бундай ғамхўрликлар учун халқимиз номидан муҳтарам Президентимиздан беҳад миннтадормиз.

Бир сўз билан айтганда «Оқтом» маҳалласида олиб борилган ишлар барчани кўнглини шод этди. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг кўлами, қамрови, суръати, одамларни келажакка бўлган ишончини орттирди.

Рашид КАРИМОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар