» » Жиззах вилоят ҳокимининг байрам табриги 

Жиззах вилоят ҳокимининг байрам табриги 

08 декабрь 2018 г 3 715 Комментарии: 0

Жиззах вилоят ҳокими Э.А.Салиевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан байрам  табриги.

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

Аввало, Сиз азизларни, Жиззах воҳаси аҳлини мустақил Ватанимизнинг Бош Қомуси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Бугунги глобал ўзгаришлар муҳитида тарихи буюк, келажаги порлоқ она Ватанимиз - Ўзбекистон Республикасининг жаҳон давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, юртдошларимизнинг фаровон турмуш тарзи, ёшларимизнинг эртанги кунининг ёруғ бўлиши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, барча жабҳалардаги ислоҳотлар салмоқдорлиги – бари-бариси Бош Қомусимиз асосида яратилган ҳаётий қоидалар билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, Ўзбекистон Конституцияси халқимиз иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида акс эттирган Асосий қонунимиздир.

Бугунги кунда Конституциямиз билан мустаҳкамлаб қўйилган тамойилларни амалга ошириш йўлидан дадил одимлаб бораётганимиз, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг жадал ўсиб, юртимиз қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни бутунлай ўзгариб бораётгани барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бугун ўзини шу юрт равнақига, ёрқин келажагини қуришга дахлдор ҳисоблаган инсон борки, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар “Инсон – энг олий қадрият” деган тамойилга асосланганини қалбдан ҳис этади.

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда 2018 йил муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"деб эълон қилиниб, алоҳида Давлат дастури ишлаб чиқилганди.

Вилоятимизда ушбу Давлат дастурида белгиланган тадбирларни ўтган давр мобайнида изчил амалга оширилиши натижасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, айниқса иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилди.

Хусусан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан умумий қиймати  899 миллиард сўмлик 243 та лойиҳалар ишга туширилди. Фақат ушбу лойиҳалар эвазига 3200 га  яқин  янги иш ўринлари яратилди.

Саноат корхоналарида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларининг жадаллаштирилиши натижасида  2018 йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида 2 триллион 470 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланиб, ўсиш суръати 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 103,1 фоизни ташкил этди.

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар 2018 йилнинг ўтган даврида 2023 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш имконини берди ва жами кичик бизнес корхоналари сони 11 585 тадан ошди. Бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 115 фоизга кўпдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 77 фоизни ташкил этди. Барчамизга аёнки, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда.

Жумладан, жорий йилда вилоятимизда 38 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, бугунги кунда фаолият юритаётган ушбу корхоналар сони 115 тадан ошди.

Жиззах вилоятига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш, табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат соҳаларини жадал ривожлантириш орқали янги технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда аҳолининг бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан  29-30 август кунлари Жиззах шаҳрида Халқаро инвестицион форум ва мамлакатимиздаги товар ишлаб чиқарувчиларнинг Миллий кўргазмаси ўтказилди.

Ушбу Халқаро инвестицион форумда 29 та давлатдан (Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Латвия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Украина ва бошқалар) 206 тадан ортиқ хорижий компаниялар иштирок этди.

Халқаро инвестицион форум доирасида умумий қиймати  833 миллион АҚШ долларилик 28 та шартнома имзоланди. Шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори  631 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 

Азиз юртдошлар!                                                                    

Асосий Қомусимизда белгиланган барча ҳаётий тамойиллар мана шу юртнинг ёрқин истиқболи, фуқароларнинг миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, тенг ҳуқуқли яшашига хизмат қилиши билан дунё ҳамжамиятида ўзининг юқори баҳосини олган. Бу борада, Конституциямизда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам кафолатланган.

Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан олиб борилаётган изчил сиёсат  замирида жамиятимизда инсонпарварликка асосланган тартиб-қоидаларнинг устувор бўлиши, одамларнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар турибди.

Бунга ёрқин мисол сифатида Улуғ байрамимиз Конституциямизнинг қабул қилинганининг 26 йиллиги байрами арафасида  Муҳтарам Президентимизнинг Фармонига мувофиқ халқимизга хос меҳр-шафқат, инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни янада юксак намоён этиш мақсадида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган  136 нафар фуқаро афв этилди.

Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир. Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Мазкур дастур доирасида мамлакатимизда биринчи бўлиб, бизнинг вилоятимизда - Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда Мирзачўл туманининг Гагарин шаҳрида инсонни ҳайратлантирадиган, дилда фахр, ифтихор уйғотадиган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Эътиборлиси, ушбу йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳа юртимизнинг, хусусан вилоятимизнинг барча туманларида 2 тадан оғир турмуш шароитидаги қишлоқларида  изчил татбиқ этилмоқда.

Чунончи, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида шаҳар ва туманлардаги жами 35 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 656,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига  10470 та якка тартибдаги аҳоли уйлари ва кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, 187 километрлик ичимлик суви тармоқларини қуриш,  275 километр электр тармоқларини реконструкция қилиш, 217 километр ички йўлларни таъмирлаш, 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Шу юксак эътибор туфайли 2018 йил 4 майда “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан 2018-2020 йилларда “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятини 182 километр ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳасига 448 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг ўзида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 48 миллиард сўм ажратилиб, бош пудратчи “Ўзбекистонтемирйўллари” АЖ томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Фаол ижтимоий сиёсатни амалга оширишни давом эттириш мақсадида яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож қишлоқ оилалари учун 1200 та, ижтимоий ҳаётда фаол бўлган ёш оилалар учун 28 та, ҳарбий хизматчилар учун 90 та, миллий гвардия хизматчилари учун 30 та, ички ишлар хизматчилари учун 60 та, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари учун 73 та, ички ишлар профилактика инспекторлари учун 54 та ва фавқулодда вазиятлар хизматчилари учун 30 та арзон уй-жойларни қуриш бошланиб, яшаш учун барча қулайликларга эга хонадонлар босқичма-босқич ўз эгаларига топширилмоқда.

Жорий йилда жами 4775 та ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 600 дан зиёд уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилиши таъминланади. Мазкур уй-жойларнинг 1625 таси намунавий лойиҳадаги турар жойлар ва 3150 таси аҳоли томонидан якка тартибда қурилаётган уй-жойлардир.

Ҳурматли дўстлар!

Барчангизга аёнки, муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил  27 июндаги  фармонига асосан “Yоshlаr - kеlаjаgimiz” Давлат дастури қабул қилинди. Дастурга асосан, ёшлар билан суҳбат қилиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан вилоят, шаҳар ва туманларнинг ҳокимликлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар-ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳлари фаолият юритмоқда.

Улар томонидан “Yоshlаr - kеlаjаgimiz” Давлат дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган вилоятдаги 322 нафар ёшларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, 31 миллиард 896 миллион сўмлик бизнес лойиҳалари Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш республика комиссиясига тақдим этилди.

Давлат дастури доирасида вилоят бўйича жами 197 та лойиҳага 19 миллиард 826 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиб, 1 175 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари ҳамда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ташкил этилмоқда.

Албатта, бундай юксак мақсадларга эришиш барчамиздан фидойилик ва машаққатли меҳнат, катта синовлардан ўтишни, Юртбошимиз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттиришни, юксак ватанпарварликни, бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлик билан баҳамжиҳат ҳаракат қилишни талаб этади.

Қадрли дўстлар!

Бош Қомусимизга асосланиб ишлаб чиқилган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ҳаётий меваси сифатида бугун ҳар биримизнинг хонадонимизга фаровонлик ва тўкинлик кириб келмоқда.

Барча бунёдкорлик ва яратувчилик ишларида, эришаётган ютуқларимизда – у шаҳарда бўладими ёки марказдан олис ҳудудлардами барчасида маҳалланинг ўрни катта  дея ғурур ва ифтихор билан айта оламиз.

Азалдан энг халқчил тузилма сифатида эътироф этилган маҳалла бугунги глобал тараққиёт даврида ҳам тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Ҳаётимизни маҳалласиз тасаввур этиш қийин. Чунки ҳар бир фаолиятимиз маҳалла билан боғлиқ. Қай бир юмушимиз бўлса, аввало, маҳаллага чиқиб, оқсоқоллардан маслаҳат сўраймиз, уларнинг гапига қулоқ тутамиз.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинларини жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Қарори эса жамиятимизда маҳалла институтининг ўрни ва ролини янада кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактик тадбирлар ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларини тақдирлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Бугун мазкур қарор ижроси доирасида маҳалла тизимини ривожлантириш, унинг мавқеини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишдаги фаоллиги ҳамда бу борада эришган алоҳида ютуқлари учун  вилоятимиздан 11 нафар шижоатли, фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмаларининг вакиллари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча мукофот соҳиблари — фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар, ўз ишининг устаси бўлган сиз азизларни чин қалбимдан табриклаб, ҳаммангизга янги-янги зафарлар тилашга ижозат бергайсиз.

Азиз юртдошлар!

Сизларни яна бир бор, Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги байрами билан қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик, эзгу ишларингиз ва ташаббусларингиз рўёбида муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!