» » Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов: Хорижлик журналистларга айтар сўзим бор

Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов: Хорижлик журналистларга айтар сўзим бор

08 декабрь 2018 г 2 799 Комментарии: 0

Эрталаб ташкилотимиз биноси ёнида жиззахлик уста деҳқон, моҳир миришкор, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Анвар-А” фермер хўжалиги раҳбари Анорбой Эшматовни учратиб қолдим. Анорбой акани Бош Қомусимизни 26 йиллиги ва Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан табрикладим.

Қаҳрамон миннатдорчилик билдиргач, сайтимиз орқали ўз фикрларини билдирмоқчи бўлиб, келаётганини айтди.
“Нима гап, байрам муносабати билан дил изҳорларими”, деган саволимга Анорбой ака “Йўқ, хорижлик ҳамкасбларингизга айтар сўзим бор”, деди.
— Биласизми, хорижий нашрлар ҳамон бизни орамизга нифоқ солиш истагидан воз кечгани йўқ, – дея сўз бошлади фермер. – Бу дегани, халқ ва давлат, мулкдорлар ва давлат ташкилотлари ўртасини бузиш истагида турли иғволарни тарқатмоқда. Куни кеча бир хабар тарқалибди. Ўзбекистон ҳукумати фермерларнинг охирги нонини, буғдойни тортиб олмоқчи эмиш...
Шу жараёнда тобланган, қозондан қайнаган инсон сифатида баралла айта оламан, бу бўҳтон. 40 йил ишлаган бўлсам, ҳеч ким бир сўм пулимни “туя” қилгани йўқ. Кимки фалончи нонимни олиб қўйди, ҳақимни бермади деса ишонмайман, сабаби ўзида хато бор. Ғалласи ёки пахтаси бўлмаган. Шунинг учун уйдирма гаплар, бўхтонлар, халқ орасидаги аҳилликни бузадиган сўзларга ишониб бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев учрашувларда бежизга, такрор-такрор ҳар бир одам ўзига юклатилган вазифани ҳалол, виждонан бажарса ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтмоқда.
Бир ҳақиқатни тан олиш ва айтиш керак. Бу ҳам бўлса кимки ишлаётган бўлса рўзғори, эртанги куни учун меҳнат қилади. Ўзим ҳам 22 ёшимдан буён даладаман. Сал кам 40 йилки, буғдой ва пахта етиштираман. Турли қийинчиликларни кўрсам-да, ҳамиша яхши ҳосил олганман.
Тўғри, тан олиш керак бу йил оғир келди. Нафақат бизда, аслида дунё қишлоқ хўжалиги учун мураккаб бўлди. Шунга қарамай ҳар бир одам чин юракдан меҳнат қилиши керак. Ёлғон гап билан ҳеч ким мақсадга етмайди. Шунинг учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг вилоят кенгаши раиси сифатида шу ҳудуддаги мулк эгалари номидан сўзласам, барча имкониятлар бўлган ҳолда биз хатога йўл қўйдик. Ҳосилдорликни таъминлай олмадик.
Насиб бўлса, 2019 йилда бу хатони тўғирлаймиз ва барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил оламиз. Бу чин юракдан айтилаётган гаплар.
Шаҳд билан айтилаётган бу сўзларини бўлиб, секин сўрайдим: “Анорбой ака, фермерлар қасам ичгани ҳақида маълумотлар бор? Шу ростми?”
— Биз қасамёд қилмадик, – дейди суҳбатдошим. – Лекин, инсон дилдаги гапини айтса, шу қасам бўлади. Ота-боболаримизда лафз бўлган.
Бизнинг замонда гапни ёки ишни тасдиқлаш учун нотариусга бориш ёки шартнома имзолаш керак. Олдин ундай бўлмаган-ку, лафз ва ҳалоллик бўлган. Агарда деҳқон бир тонна буғдойни 10 минг ёки 5 минг сўмдан бераман деган бўлса, кейин нарх ошиб кетса ҳам шу сўзида турган. Йўқса, одамлар нега сўзингдан қайтдинг, субутсиз экансан дея таъна қилганлар. Агар инсон лафзида турса, демак, унга теварак атрофдагиларнинг ишончи ортиб боради. Тескариси бўлса, аксинча, ҳеч ким ишонмай қўяди.
Бахтдан сўрадилар, сен қаерга борасан, яшаш манзилинг қаерда. Бахт деди: аҳиллик бор жойга бораман. Одамлар орасидаги меҳр- оқибат кўтарилмаса, уларнинг бир-бирига ҳурмат- иззати ошаверса, кучли давлатга айланамиз. Биз ҳолатга ақл билан баҳо беришни ўрганишимиз, бировнинг қўшиғига эргашиб кетишимиз керак эмас. Биз ахир, мустақил Ўзбекистон фарзандларимиз.
Бизга нима вазифа юклатилган?.. Шахсан менга деҳқончилик юклатилган. Деҳқончилигимдан мўл ҳосил олиб, катта даромад қилдим. Фарзандларимни, оиламни камини тўлдирсам, қолганига бировга ёрдам берсам, ҳожатини чиқарсам, юртимизнинг юксалишга бевосита ҳисса қўшган бўламан-ку.
— Анорбой ака, сиз ҳақингизда ҳисобчидан чиққани учун бирор ишни бошлашда, аввало, фойда ва зарарни ҳисоблаб чиқади, хўжалигида ҳамма нарсанинг, айниқса, ер ва сувнинг ўлчови қатъий деган сўзлар юради. Хабарингиз бор, куни кеча, бошоқли экинлар масаласида қарор чиқди?
– Тўғри, бу ҳам бизнинг манфаатимизга хизмат қилади. Бу эртанги кунимизга режа. Агарда шу йўлдан борсанг, эртага мўл ҳосил оласан дейилмоқда. Келинг, оддий тилда тушунтирай. Унда 60 центнердан ошиқ ҳосил олганларга ортиқча ҳар килограмм учун қўшимча бир ярим минг сўм тўланади, дейилмоқда. Мисол учун, 100 тонна ғалла олсам, унинг 60 центнеригача бўлганига 1.200 сўм, ундан ортиғи учун 1.500 сўм оламан.
Солиқда ҳам енгиллик бўлади. Лекин, 30 центнердан кам ҳосил олсам, килограмми учун давлат 900 сўм тўлайди. Солиқ тўловим ҳам икки баробарга ошади.
Ақл билан ўйлаб, кўрилса, бу фермерни уйғотиш, сергаклантириш. Ахир, 30 центнердан кам ҳосил олган фермернинг на рўзғорига, на давлатга нафи тегади. Энди, оддий ҳисоб-китоб қиламиз. Менга 30 центнер ҳосил олиб қўшимча солиқ тўлаганим яхшими ёки 60 центнердан кўп ҳосил олиб, бир ярим минг сўмдан пул олганим яхшими?
— Анорбой ака, сиз тажрибали, моҳир деҳқонсиз, лекин энди иш бошлаётган фермерларимиз бор. Улар орасида деҳқончилик илмини тўлиқ эгаллаганлар кам. Бунинг устига маблағдан қийналган бўлиши мумкин?
— Энди маблағ муаммо бўлмайди. 2019 йилдан бошлаб, 100 тонна ҳосил олмоқчи бўлсангиз, давлат шунинг пулини олдиндан тўлиқ беради. Мисол учун, 100 тонна маҳсулот 750 сўмдан 75 миллион бўлсин. Ана шу пулни олдиндан оласиз. Уни минерал ўғитга, ёқилғи ёки техника учун керагича сарфлайсиз. Тўғри авваллари ҳам берилар эди. Фақат олдиндан 60 фоиз, қолгани ҳосил йиғилгандан кейин бериларди.
Яна бир гап. Гектаридан 60 центнердан ошириб, ҳосил олиш учун тажриба, иккита диплом ва кучли калла керак эмас. Биринчи ўринда инсон ерга меҳр бериши, у билан тиллашмоғи керак. Ана шунда ҳосилда барака, ишда унум бўлади.
Ўсимлик ҳам тирик жон. Экинларни суғориш, агротехникасини ўз вақтида, ўз муддатида бажариш керак. Эртага қиламан, деб бўлмайди. Унгача кеч бўлиши мумкин. Биласизми бу жараённи инсонни жарроҳлик амалиётидан чиққан ҳолатига ўхшатаман. Мисол учун, операциядан чиққан инсонни оғзи қуриса лабини намлаймиз, у шунга муҳтож. Агарда буни ўз вақтида қилмасак, инсон ҳаёти хавф остида қолади. Тасаввур қилинг, бугун операциядан яхши чиқди, эртага келиб, сув бераман десангиз, нима бўлади.
 
Ўсимлик ҳам шундай нозик. Ўз вақтида сув ва минерал қўшимчалар берилмаса, бугун байрам, вақтим йўқ, эртага қиламан, десак нима бўлади.? Демак, меҳр керак. 40 йилдан буён ерга, экинларга меҳр бериб, ишлаб обрў топдик, элга танилдик. Ҳаммаси меҳнат эвазига.
Ўзбекистон Қаҳрамонини жонкуярлик билан айтаётган мулоҳазаларини тинглаб, қувондим. Тўғриси, бугун юртимизда Анорбой Эшматовга ўхшаш фермерлар кўплиги боис юртимиз иқтисоди йил сайин яхшиланиб бормоқда. Ана шундай жонкуяр, янгиликка интиладиган мулкдорлар янада кўпайса, халқининг юки ерда қолмайди.
Сайёра Шоева, ЎзА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!