» » Жиззах вилояти тоғли ҳудудлар қишлоқларининг ривожланиш хусусиятлари

Жиззах вилояти тоғли ҳудудлар қишлоқларининг ривожланиш хусусиятлари

24 май 2018 г 6 320 Комментарии: 0

 

  Жиззах вилояти тоғли ҳудудларига Бахмал, Зомин, Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод туманлари киради. Уларнинг умумий ер майдони 17,0 минг км кв, вилоят умумий ер майдонининг 80 фоизи, аҳолиси 491,2 минг киши бўлиб, вилоят умумий аҳолисининг 45 фоизини ташкил этади. 

Минтақа Ўзбекистон Республика-сининг қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан биридир. Вилоят аҳолисининг асосий қисми ҳам қишлоқларда истиқомат қилади (74 %, 2007 й.). Шу билан бирга қишлоқ аҳоли манзилгоҳларининг жойлашувида ҳам ўзига хос ижтимоий - иқтисодий ривожланиш қонуниятлари мавжуд. 

XX аср ўрталаригача йирик қишлоқлар асосан тоғ ва тоғ олди зоналарида жойлашган бўлиб, Мўғол, Сартюз, Ойқор, Боғишамол каби қишлоқлар Сангзор водийсида, Ғўбдун, Кўкбулоқ, Мирзабулоқ ва бошқа қишлоқлар Ғаллаорол текислигида, Ғаллакаор, Гулшан, Чорвадор, Омонгелди, Қизилқум, Қораобод, Эшбулоқ сингари бир қанча қишлоқлар эса Зомин ва Нурота тоғ олди ҳудудларида лентасимон қўринишда шаклланган. Қишлоқларнинг бундай ҳудудий ташкил топгани аҳолининг катта - кичик сой ва дарёлар атрофида, сувга яқинроқ жойлашишга бўлган интилишидир. 

Республикамиз иқтисодиётининг асосини қишлоқ хўжалиги ташкил этаганлиги боис Жиззах вилояти аҳолисининг асосий қисми ҳам боғдорчилик, чорвачилик ва лалмикор дончилик билан шуғулланиб келади. Масалан, Ғаллаорол тумани ғалла етиштиришга, Фориш - узумчиликка, Бахмал тумани олма, Зомин эса донли экинлар етиштиришга ихтисослашган. 

Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳудудидаги чўлларнинг кенг миқёсда ўзлаштирилиши собиқ Иттифоқ даврида амалга оширилган ва бу тоғ ҳамда тоғ олди аҳолисини чўлга кўчириш орқали амалга оширилган. Албатта, аҳолининг кўп қисми чўлга ўз ихтиёри билан кўчиб борган, чунки ўша даврда тоғ қишлоқларида меҳнат ресурсларининг иш билан таъминланиши анча чегараланган бўлган. Агар ўша даврдаги чўл ва тоғ қишлоқ аҳоли манзилгоҳлари бир - бири билан солиштирилса, жуда катта фарқларни кўриш мумкин. Айни вақтда тоғ ва тоғ олди зоналаридаги қишлоқлар кенгайиб бормоқда, аҳолининг тирикчилик манбаи яна ўша боғдорчилик, чорвачилик ва лалмикор дончилик бўлиб қолган. 

Жиззах вилоятидаги тоғ ва тоғ олди ҳудуди қишлоқлари Бахмал, Зомин Янгиобод, Ғаллаорол, Фориш туманларида жойлашган. Қолган  туманлар эса асосан ўзлаштирилган чўл ҳудудларида ташкил топган бўлиб, улар ҳам ўз навбатида ўзига хос демографик хусусиятларга эга. 

1 - жадвал 

Жиззах вилояти тоғ ва тоғ олди туманларининг маъмурий - ҳудудий таркиби қуйидагича (2007 йил)



Туманлар

Туманга бўйсинувчи шаҳарлар

Шаҳар -чалар

Қишлоқ фуқаролик йиғинлари

Қишлоқ аҳоли манзилгоҳлари

Маҳал -лалар сони

Бахмал

-

1

10

102

6

Зомин

1

1

12

80

23

Фориш

-

2

11

112

17

Ғаллаорол

1

2

14

106

19

Янгиобод

-

-

5

30

15



Жадвал Жиззах вилояти статистика бошқармаси маълумотлари асосида тузилган.

Жадвалдан кўриниб турибдики, энг кўп қишлоқлар, яъни Омонгелди, Гулзор, Арнасой, Гараша, Қизилқум, Қораобод, Нарвон, Эгизбулоқ, Омонсой, Фориш, Ухум каби қишлоқлар Фориш туманига тўғри келади. Бу туманнинг ҳудуди 9670 км кв бўлиб, аҳолиси 75,6 минг кишини ташкил этади. Ушбу туманнинг катта қисми чўл минтақасида жойлашган ва бу чўл ҳудудида бир қанча хўжаликлар ташкил қилинган бўлсада, йирик қишлоқлар кўпроқ тоғ ва тоғ олди зонасида ўрнашган. Катта ёшли туман аҳолисининг асосий қисми қишлоқ ва ўрмон хўжалигида банд. 

Вилоят туманлари аҳолисининг кўпчилиги ҳам қишлоқларда истиқомат қилади. Бунда урбанизация кўрсаткичи 15 фоиздан (Зомин тумани) 28,8 фоизгача (Жиззах тумани) фарқ қилади. Тоғли туманлар аҳолисининг турмуш тарзи қишлоқ ҳўжалиги билан боғлиқ. Бу ҳудудларда шаҳар ва шаҳарчалар мавжуд, лекин уларнинг аҳолиси ҳам деярли тўлиқ агроиқтисодиёт тизимида банд. 

2 - жадвал

Жиззах вилояти тоғли туманлари қишлоқ аҳолисининг демографик таркиби

(2007 йил, минг киши ҳисобида)



Туманлар


Умумий аҳоли

Шу жумладан:


Қишлоқ аҳолиси

Шу жумладан:

Аёллар

Эркаклар

Аёллар

Эркаклар

Бахмал

117,7

58,8

58,9

106,9

52,9

54,0

Зомин

131,8

66,1

65,7

89,0

43,9

45,1

Фориш

74,7

37,5

37,2

61,1

30,1

31,0

Ғаллаорол

131,8

66,2

65,6

96,8

47,8

49,0

Янгиобод

23,1

11,8

11,3

23,1

11,8

11,3


Манба: Жиззах вилояти статистика бошқармаси маълумотлари.

Жадвалдан маълум бўладики, тоғли туманларда қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил қилади. Бугунги кунда тоғ ҳудудларидаги қишлоқларнинг ривожлани-шига катта эътибор берилмоқда, хонадонларни газлаштириш, электр таъминоти, маиший хизмат кўрсатиш каби ижтимоий инфратузилма шохобчалари энг чекка жойларгача етиб борган. Масалан, Фориш тумани қишлоқлари табиий газ билан 72,1 фоиз, тоза ичимлик суви билан 65,9 фоиз, Бахмал тумани қишлоқлари табиий газ билан 40,9 %, тоза ичимлик суви билан 43,0 фоиз таъминланган (2007 й.). Ҳар бир йирик қишлоқда тиббий ёрдам пунктлари, мактаблар, айримларида коллежлар қурилган. Кўпайиб бораётган аҳоли ва кенгайиб бораётган қишлоқлар турмуш даражасини кўтариш ҳозирги шароитда асосий масалалардан ҳисобланади.

Шу билан бирга тоғ қишлоқларининг кенгайиб бориши бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради:


  • Биринчидан, аҳоли тобора "юқорилаб", яъни тоғ этакларигача жойлашиб, тоғларнинг муҳофаза ҳудудларигача кириб бормоқда; 

  • Иккинчидан, аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланадиган қишлоқларда чорва туёғи кўпайиб, табиий ландшафтларга зарар келтиради, доривор ва камёб ўсимликларнинг камайиб ва йўқолиб кетишига олиб келади;

  • Учинчидан, аҳоли кўпайиши билан кишиларнинг тоғларга қатнови кўпайиб боради, бу эса ўзига хос табиатга эга бўлган тоғлардаги муҳитнинг ифлосланиши ва бузилишига сабаб бўлади. 


Шу ўринда унутмаслигимиз лозимки, тоғлар мамлакатимизнинг эстетик бойлиги ҳисобланади. Шу боис уларни барқарор ривожланиши қонуниятларига биноан, келажак учун асрашимиз лозим. Бу ерларда рекреация ва туризм, хусусан агро ва экотуризмни ривожлантириш имкониятлари мавжуд. 

Юқорида таъкидланган муаммолар тобора кескинлашиб бориши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг олдини олиш учун қуйидаги чоралар қўлланилиши мақсадга мувофиқ:


  • Тоғ қишлоқларида аҳоли уй - жойлари қурилишини тартибга солиш; 

  • Аҳоли жойлашуви ва уй - жой қуриш, фойдаланиши мумкин бўлган ҳудудлар чегарасини қатъий белгилаш;

  • Қишлоқ жойлар аҳолисини доимий иш билан таъминлаш, саноат корхоналари, аҳолига хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаларини ривожлантириш; 

  • Тоғ қишлоқлари аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш; 

  • Тоғ ҳудудларида замонавий рекреация ва туризм инфратузилмасини шакллантириш;

  • Тоғли ҳудудлар ер – сув ресурслари ва уларнинг муҳофазасини таъминлаш.


Ушбу муаммоларни ҳал этиш Жиззах вилояти ижтимоий – иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга тоғ минтақалари ва уларнинг чўл ҳудудлари билан ўзаро интеграциясини амалга ошириш вилоятда ягона иқтисодий макон шаклланишига асос бўлади. 

скачать dle 12.0

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!