» » Жанговар тайёргарлик ва юксак касб маҳорати кўриги

Жанговар тайёргарлик ва юксак касб маҳорати кўриги

25 декабрь 2018 г 3 825 Комментарии: 0

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан илк бор муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскарлар ўртасида “Илғор мутахассис” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
photo5265150230519720822.jpg
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилган туб ислоҳотлар давомида ҳарбий мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳарбий мутахассислар тайёрлаш замонавий талаблар асосида йўлга қўйилаётгани туфайли бугунги кунда ҳарбий қисмлар шахсий таркибини кенг билим ва тафаккурга, юқори профессионал кўникма, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, янгича фикрлайдиган, мураккаб жанговар ҳаракатлар шароитида ўз вазифасини муваффақиятли уддалашга қодир кадрлар ташкил этмоқда.
Кўрик-танловда барча ҳарбий округлардан ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Иштирокчилар тегишли номинациялар учун назарий ва амалий синовлардан ўтишди.
Кўрик-танловнинг назарий қисмда иштирокчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик дастури бўйича билимлари тест саволларига берган жавоблари бўйича баҳоланди.
Амалий қисмда иштирокчилар ўзларининг мерганлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, ўт очиш қуролларидан нишонни уриш бўйича маҳоратларини намойиш этишди.
Кўрик-танловда тегишли шартлар бўйича энг яхши деб топилган ҳарбий хизматчилар 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида тақдирланади.
– Ушбу кўрик-танловда фаол иштирок этганим менинг ҳарбий ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди, – дейди оддий аскар Жасур Шерқулов. – Кўрик-танлов ҳарбий қисмдаги биринчи, округда иккинчи босқичларида ғолиб чиқиш ҳам осон кечмади. Аммо тайёргарлик давомида билимим ҳам, маҳоратим ҳам ортиб борди. Шунинг учун ҳарбий билимим ва касбий маҳоратимни ўстиришда ушбу танловда иштирок этишим мен учун яна бир мактаб бўлди.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!