» » Жиззахда ёнғин ўчириш техникалари намойиши

Жиззахда ёнғин ўчириш техникалари намойиши

26 декабрь 2018 г 2 780 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги "Ёшлар шаҳарчаси”да Самарқандда ишлаб чиқарилган 16 дона "MAN” ва "ISUZU” русумли ёнғин ўчириш техникларининг намойиши ўтказилди.

Республикамиз пойтахтига йўл олган бу техникаларни вилоятдаги энг йирик байрам арчаси ўрнатилган майдонга жамлашдан мақсад аҳолининг ёнғин хавфсизлигига доир ҳушёрлигини оширишдир.

Жумладан, тадбир доирасида йиғилганларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, ёшлар ёнғин ўчириш техникалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

- Мамлакатимизда барча жабҳаларда, хусусан, ёнғин хавфсизлиги тизимида улкан ўзгаришлар юз бераётир, - дейди Жиззах вилояти ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Равшан Ибрагимов. - Соҳа вакиллари фойдаланаётган техника ва воситалар замонавийлашмоқда. Асосийси, улар ўз республикамизда ишлаб чиқарилаяпти. Бугунги тадбир икки жиҳатдан самарали бўлди, деб ўйлайман. Чунончи, вилоятнинг энг асосий арчаси қаршида тўпланганларнинг ёнғин хавфсизлиги доир билимлари оширилди. Бундан ташқари мамлакатимизнинг автобилсозлик, хусусан, махсус техникалар ишлаб чиқариш қудрати намойиш қилинди.

Тадбир якунлангач, ёнғин ўчириш машиналари Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Пойтахтда бу техникаларнинг қайси ҳудудларга юборилиши белгиланади. Айтганча, қор парчалари тасвири туширилган ёнғин ўчириш транспортларини қорбобо кийимидаги ҳайдовчилар бошқаришмоқда. Улар йўл бўйлаб байрам кайфияти улашмоқдалар, десак адашмаймиз.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!