» » Давлат сиёсатининг устувор вазифаси

Давлат сиёсатининг устувор вазифаси

04 январь 2019 г 2 465 Комментарии: 0

Тарих саҳифасига зарҳал ҳарфлар билан битилган 2018 йилда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний-маърифий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича муҳим қадамлар ташланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, 2018 йил йил 16 апрелидаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари фаолият йўналишида дастуруламал бўлиб хизмат қилди.

Юқорида зикр этилган ҳаётбахш ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳри ва туманларда ҳуқуқ-тартибот ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси” асосида маҳаллалар кесимида ҳам кенг қамровли тарғибот-профилактика тадбирлари олиб борилганлиги натижасида тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, диний экстремизм ғоялари таъсирига алданиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш йўналишида сезиларли муваффақиятларга эришилди.

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний-маърифий ислоҳотларни кучайтириш, экстремизм ва терроризм ҳолатларининг олдини олиш мақсадида вилоятдаги тегишли бошқармалар, олий таълим муассасалари, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ҳамда сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда йигирмага яқин чора-тадбирлар белгиланган, махсус ишчи гуруҳлари тузилган. Якунланган йилда фуқаролар йиғинлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, олий ўқув юртларида мутасадди ташкилотлар, маҳалла масъуллари билан ҳамкорликда жойларда 1710 та турли хил тадбирлар ташкил этилди. Уларга 213750 нафар тингловчилар қамраб олиниб, оммавий ахборот воситаларида 400 дан зиёд чиқишлар амалга оширилди. 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида ўзини ўзи бошқариш идораларидаги маънавий-маърифий учрашувларда “Ҳужрадаги зулмат”, “Тафаккур эҳтиёжи” каби фильмлар намойиш этилганлиги тадбирларнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўтган йилнинг  8 февралида “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорга имзо чеккан. Мазкур қарор асосида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган қарори ва дастур ижросини таъминлаш юзасидан ўтган йили 187 маротаба турли саёҳатлар уюштирилиб, уларга 33361 нафар педагог, ўқувчилар қамраб олинди. Бундай зиёратларга турли ёт ғояларга адашиб кириб қолган фуқароларнинг фарзандлари ҳам жалб қилинганлиги экстремизм ва терроризмга қарши кураш самарадорлигини оширишга имкон яратди.

Диний, маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларда имом-хатибларимизнинг фаоллиги ошиб бораётганлиги қувончли ҳол. Улар чекка ва чегараолди туманларда, диний вазият ўзгарувчи ҳудудларда ўтган йили 80 дан ортиқ учрашувлар ташкил этишди. Айниқса, вилоят бош имом-хатиби М.Жабборовнинг Зарбдор ва Фориш, А.Атабаевнинг Зомин, Янгиобод туманларида ўтказган тадбирлари аҳолига ҳар жиҳатдан манзур бўлганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Имом-хатибларнинг диний ва дунёвий билим-кўникмалари, савиялари, касбий маҳоратларининг оширишларига устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллигида ҳар ойда имом-хатиблар учун маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда. Уларда дунёда содир бўлаётган воқеа-ходисалар, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар, фармойишларнинг мазмун-моҳияти диний уламоларга батафсил тушунтирилмоқда.

Шу ўринда тизимда изчил ўтказиб келинаётган кўрик-танловларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритиб ўтишни жоиз, деб ҳисоблайман. Ўтган йили республикамизда илк марта уч босқичдан иборат “Энг маърифатли имом” кўрик-танлови ташкил этилди. Мазкур беллашувнинг туманлар, шаҳар босқичида ғолиб бўлган имом-хатиблар 2018 йилнинг 22 октябрь куни вилоят беллашувида ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Жиззах шаҳридаги “Хавастлик” масжидининг имом-хатиби Н.Аҳмедов эса 19 декабрь куни бўлиб ўтган республика финал босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилди.

Туман, шаҳарда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар, имом-ноиблар, отинойилар ва уларнинг оила аъзоларини мамлакатимизда, шу жумладан вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш асосий мақсадимизга айланган. Шу жиҳатдан олиб қараганда вилоят мусиқали драма театрида ўтган йилнинг 12 декабрь куни ўтказилган “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли розилигини олишда имом-хатиблар ва отинойиларнинг тутган ўрни” мавзусидаги амалий, маънавий-маърифий тадбирнинг аҳамияти катта бўлди.

XX асрнинг 90-йилларида вилоятда ҳашар йўли билан 133 та масжид қурилган бўлсада, улар тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилмаган эди. Ўтган йили уларни бошқа мақсадларда фойдаланиш учун туман-шаҳар ҳокимликларининг тасарруфига ўтказиб берилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда Жиззах шаҳридаги “Хўжа Нуриддин” масжидида 84 нафар отинойилар аттестациядан ўтказилди.

Вилоятда диний экстремистик оқим аъзолари ва махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар истиқомат қиладиган маҳаллалар рўйхати шакллантирилган. Диний экстремистик оқим аъзолари рўйхатдан ўтган маҳаллалар сони вилоят бўйича 101 тани ташкил этади, бундан холи фуқаролар йиғини эса 189 тага тенг.

Ана шу аҳоли пунктларида ижтимоий-маънавий барқарор муҳитни яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили шу мақсадга қаратилган 4650 та тадбир ўтказилиб, унинг 801 таси диний экстремизм, ақидапарастлик, миссионерликнинг олдини олиш мавзуларида бўлди. Тарғибот-ташвиқот ишлари самараси натижасида Зафаробод, Мирзачўл, Арнасой, Янгиобод туманларида ижтимоий-маънавий муҳит сезиларли даражада яхшиланди.

Вилоятимизда махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар билан ишлаш бўйича синовдан ўтган механизм мавжуд. Шу асосда шаҳар, туманлар бўйича алоҳида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган.

Фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Ижтимоий қўллаб-қувватлаш” комиссияларининг айни шу йўналишдаги фаолияти ҳақида айрим мулоҳазаларни билдириб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Ана шу комиссия томонидан махсус ҳисобдан чиқарилган фуқароларнинг 90 нафари иш билан таъминланган, 69 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 295 нафарига мураббийлар бириктирилди.

Махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар Ҳаж зиёратчилари томонидан муносиб тарзда қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган йили муборак Ҳаж сафарига бориб келган ҳожиларимизнинг сайъ-ҳаракати билан шундай тоифадаги фуқароларга 198,3 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Айни пайтда бу йил “Ҳаж” ва “Умра” га борадиган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-, 2018 йил 28 декабрдаги 1031-қарорларининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилмоқда. Муборак сафарларни ихтиёр этиш хоҳишида юрган фуқаролар рўйхатини холисона ва ижтимоий адолат низомлари асосида шакллантириш диққат-эътиборимизда.

Ўтган йилги тажрибамизга таяниб, 2019 йилда Ҳаж сафарини ўтаган кишиларга махсус ҳисобдан чиққан, авф этилган, шунингдек, маҳалладаги нотинч, ноқобил, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи шахсларни бириктириб қўямиз. Бундан кўзланган асосий мақсад маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, намунали оилалар сонини кўпайтиришдир.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, “Биз диний экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича ишларни янада такомиллаштирамиз”. Давлатимиз раҳбарининг бу кўрсатмалари ижросини рўёбга чиқариш мақсадида вилоятимизда иккита махсус ишчи гуруҳи фаолият кўрсатаётир. Мазкур ишчи гуруҳи аъзолари 2018 йилнинг 27 апрель — 21 май кунлари диний экстремистик оқимларга қўшилиб, Тошкент, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақаланаётган 50 нафар жиззахлик махбуслар билан учрашувлар ўтказишди. Муқаддам диний экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этиб, жазо муддатини ўтаб қайтган шахсларнинг ҳаётда ижтимоийлашувига кўмаклашиш ҳам фаолиятимизда муҳим ўрин тутаяпти. Бу борада Марказий банк бош бошқармаси, “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакат парламенти — Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада 2018 йил якунларига танқидий-таҳлилий жиҳатдан баҳо берилиб, янги истиқбол режалари илгари сурилди. Табиийки, давлат раҳбари Мурожаатномаси диний, маънавий-маърифий ислоҳотларни амалга оширишда зиммамизга жуда катта масъулиятли вазифаларни қўяди. Истиқболдаги улуғвор марраларни муваффақиятли эгаллаш Сиздан, биздан, ҳаммамиздан жуда катта ғайрат-шижоат талаб этади. Бунинг учун вилоятимизда куч ва имкониятлар етарли. Гап ундан оқилона фойдаланиб, Президентимизга, Ватанимизга бўлган садоқатни ҳалол ва фидокорона меҳнат билан оқлашда қолган.

Эштемир ИСМАТОВ,

вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар

 билан алоқалар бўйича ўринбосари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!