» » Жиззахда солиқ қонунчилиги янгиликларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди

Жиззахда солиқ қонунчилиги янгиликларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди

17 январь 2019 г 2 491 Комментарии: 0

Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан 2019 йилги солиқ сиёсатидаги янгиликлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида вилоят ДСБ бошлиғи ўринбосари Иноят Муҳаммадиев, бўлим бошлиқлари Фазлиддин Музаффаров ҳамда Ғанишер Худойқуловлар сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086 сонли қарори билан мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати қабул қилинганлиги, у билан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ҳамда 2020-2021 йилларга мақсадли мўлжаллари тасдиқланганлигини таъкидладилар.

Қарорга мувофиқ 2019 йил учун ягона солиқ тўлови, ягона ижтимоий тўлов, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатьий белгиланган солиқ, ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва Солиқ кодексига киритилмаган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ ставкалари тасдиқланди.

- 2019 йил 1 январдан бошлаб бир вақтнинг ўзида мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақини ойига 2000 сўмга пасайтирилган ҳолда кўрсатилган хизматларнинг умумий қийматидан 15 фоиз ставкада мобиль алоқа хизмати учун ҳамда полиэтилен гранула бўйича қўшимча фойда солиғини бекор қилган ҳолда 25 фоиз миқдоридаги полиэтилен гранулаларга акциз солиғи жорий этилди, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Ф.Музаффаров. Бундан ташқари, 2019 йил 1 мартдан қатьий белгиланган солиқ билан бир қаторда адвалор ставканинг киритилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган сигареталарга акциз солиғининг аралаш ставкаси киритилади.

Қарор билан 2019 йил 1 июлдан алкоголь ва тамаки маҳсулотларига белгиланган ставкаларни қўшимча равишда 20 фоизгача оширган ҳолда
2019 йил учун акциз солиғига тортиладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган (кўрсатиладиган) товарларга (хизматларга) акциз солиғи ставкалари тасдиқланган.

Таъкидлаш жоизки, қарор билан 2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинмоқда:

ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдорлари;

юк ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар учун, солиққа тортиш тизимидан қатъий назар, битта транспорт воситасига ҳисоблаганда улар томонидан тўланаётган солиқларнинг жами миқдори якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу фаолият тури бўйича тўлаётган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаслиги тўғрисидаги тартиб;

цемент ва клинкер учун қўшимча фойда солиғи;

фойдали хизмат муддати тугаган, тўлиқ эскирган ускуналардан фойдаланиш учун тўлов.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзларга эга бўлган юридик шахслар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунга қадар икки баравар пасайтирилган ставкада тўлаш тартиби сақлаб қолинган.

Белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади. Ушбу бадал миқдори жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларидан 0,1 фоиз миқдорида ҳисоблаб чикарилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар хизмат кўрсатувчи банклардан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун пул маблағларини олишда (ёки пластик карталарга ўтказишда) ягона ижтимоий тўлов ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича тўлов ҳужжатларини тақдим этиши лозим.

Иш берувчи ташкилотларга солиқ юкининг, шу жумладан ягона ижтимоий тўловнинг камайтирилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан ходимлар иш ҳақи миқдорини ошириш тавсия этилган.

календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлашга ўтказилади;

календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатьий белгиланган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинади;

календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солик қўмитасига 2019 йил 1 февралга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартибини тасдиқлаш топширилган.

2019 йил 1 июлдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан олинган ҳисоб-фактуралар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Бунда, солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси расмий сайти оркали реал вакт режимида аниқланади.

2019 йилда ягона ер солиғи тўловчилар учун солиққа тортишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Тадбирда қайд этилганидек, 2019 йил солиқ сиёсати концепцияси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, вилоятда 458 та корхона қўшимча қиймат солиғини тўлаш тартибига ўтиши, 2652 та корхона ресурс солиқларини, 13 та якка тадбиркор умумбелгиланган солиқларни, 65 та якка тартибдаги тадбиркор эса ягона солиқ тўловининг тўловчиси сифатида солиқ органларида қайта ҳисобга олинаётганлиги айтиб ўтилди.

Ҳозирда солиқ органлари томонидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда индивидуал тарзда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланишига эришишдир.

Матбуот анжуманида солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли бажариш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ штаби раҳбари Ҳикматулла Латипов ҳамда вилоят ДСБ бошлиғи Абдукарим Ишназаровлар ҳам иштирок этиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган тарғибот ишлари юзасидан зарур вазифалар тўғрисидаги мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Мулоқотда журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Шундан сўнг, солиқ идоралари билан доимий ҳамкорликда фаолият юритиб келаётган ОАВ вакилларига ДСБ раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.

 

Жиззах вилоят ДСБ жамоатчилик билан

алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!