» » Фориш тумани маркази – Боғдоннинг қиёфаси ўзгаради

Фориш тумани маркази – Боғдоннинг қиёфаси ўзгаради

11 февраль 2019 г 4 138 Комментарии: 0

Фориш тумани 1935 йил 9 февралда ташкил этилган. Маъмурий маркази– Боғдон шаҳарчаси. Бу йил ташкил топганига 84 йил бўлган туман марказида кенг кўламдаги ободонлаштириш, унинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ишлари бошланади. Бу ҳақда Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабарида маълум қилинди.

Туманда айни пайда 90 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 25 та маҳалла, 16 мингта хонадон ва 19 мингга яқин оилалар мавжуд. Майдони9,67 минг. кв.км ёки 956 476 гектардан иборат.

Фориш тумани релъефи пасттекислик, қир, адир ва Нурота, Пистали тоғ тизмаларидан иборат. Иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ, қуруқ, қиши совуқ келади. Йилига ўртача 340-360 мм ёғин ёғади. Вегетация даври 216-218 кун. Адирлар қумтош, қум, мергеллардан таркиб топган. Туманда Арнасой, Балиқли кўллари ва Айдар ботиғи жойлашган. Туман ҳудудида ўрмон хўжалиги ва Нурота давлат қўриқхонаси мавжуд. Туманнинг "Кўтарматоғ” тизмаси таркибида катта миқдорда оҳак тош заҳираси мавжуд. Бу ҳудудда  оҳак, цемент, бўр, асбоцемент ишлаб чиқариш имконини беради. Бундан ташқари "Писталитоғ” тизмасида катта миқдорда темир оксидига тўйинган руда мавжуд. Шунингдек, "Учқулоч руда кони” ҳудуди катта миқдорда қўрғошин ва руҳ заҳираларига эга. Туманнинг "Осмонсой” қишлоғида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун "Базальт” хом-ашё ресурслари учрайди.

Туман асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Шундай катта салоҳиятга эга туманда 94 та саноат корхоналари фаолият юритаётганлигига қарамасдан, инфратузилманинг етарли даражада шаклланмаган. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмай келинмоқда.

Жорий йилнинг 30-31 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи давомида Жиззах вилоятининг минерал хомашё базасини кенгайтириш, Фориш туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туризм салоҳияти ва лалми ерлардан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

— Ўзи Фориш имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларини тўғри ишга солса, аҳоли фаровонлиги, маҳаллий бюджетни ошириш мумкин, — деган эди Президент.

Аввалги ташриф чоғидаги топшириққа асосан, сувни тежайдиган технологияларни қўллаш натижасида Фориш туманида 50 минг гектар экин майдони пайдо бўлгани таъкидланиб, унга талаб юқори маҳсулотлар экиб, аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, туман ҳудудида тинч мақсадларда фойдаланиш учун мамлакатимизда биринчи марта атом электр станцияси қурилиши режалаштирилган.  Ушбу станция ҳар бири 1 минг 200 мегаватт қувватга эга иккита, «3+» авлодига мансуб энг замонавий ва хавфсиз энергия блокидан иборат бўлади.  

Бир сўз билан айтганда, бу орқали туман ҳудудининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида инвесторлар ташриф буюради. Улар учун зарур имкониятларни ишга тушириш мақсадида туман марказини қайта қуриш, ободонлаштириш, архитектура қиёфасини ўзгартириш натижасида аҳоли ва меҳмонлар учун зарур шароитларни таъминлаш мақсад қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бу борада амалга оширилаётган ишларга бош-қош бўлиш, туман раҳбариятига ҳар томонлама кўмаклашиши белгилаб берилди.

Ўтган якшанба куни туман марказида мазкур ишларни зарур даражада ташкил этиш, туман марказида истиқомат қилувчи фуқаролар билан кенгашиш мақсадида давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев Фориш туманига ташриф буюрди.

Фориш тумани ҳокимлиги, туман оқсоқоллар Кенгаши, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда фуқаролар иштирокида Боғдон шаҳарчасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда сўз олганлар мазкур ишларни амалга оширишда барча бирдамлик билан киришиши, туман марказининг замонавий қиёфасини яратишда ҳар бир форишлик ўзининг ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.

-Мен бир неча йил мазкур туманнинг ҳокими бўлганман. Ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Лекин олис қишлоқларда истиқомат қилаётган оддий одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмас ва бу ҳолат ўша ҳудудлар аҳолиси эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундай муносабатга чек қўйилди,  - дейди Байрам Узоқов.

Шундан сўнг, мазкур савобли ишни амалга  ошиши учун тилак билдирилиб, қуръон тиловат қилинди.

Шу куни туман марказида фаолият юритувчи тадбиркорлар билан ҳам учрашув ташкил этилди. Унда туман ҳокими Абдували Мустанов сўзга чиқиб, шаҳарча ҳудудида амалга ошириладиган ишлар юзасидан ахборот берди. Айни пайтда, Боғдон шаҳарчаси марказидаги бозор бошқа ҳудудга кўчириладиган бўлди. Эски бозор ўрнида эса қарийб 1 гектарли майдонда истироҳат боғи барпо этилади. Шаҳарчадаги барча ташкилотлар ва аҳоли хонадонлари тўлиқ янгиланган канализация тармоғига уланади. Амир Темур кўчасида 5 км масофада 4 қаторли йўл бунёд этилади. Йўлнинг икки тарафида пиёдалар учун тротуар ва велосипед йўлкаси қурилади. Тадбиркорлар учун янги бунёд этиладиган бозор ҳудудидан савдо расталари ва дўконлар қуриш учун майдон ажратиб берилади.

Шу куни туман ҳокимлиги ва фаоллар амалга ошириладиган ишлар юзасидан тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Қуйида туман маркази, Боғдон шаҳарчасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тайёрланган фоторепортаж билан танишишингиз мумкин.

 

 

 

 

 

 Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси

 жамоатчилик билан алоқалар

ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!