Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов: - "Саодат йўлидан адашманг!"  

Вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов: - "Саодат йўлидан адашманг!"  

02 март 2019 йил
450
0

—Домла, мустақил Ўзбекистонимизда ёшларнинг ўз иқтидорларини намоён қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Лекин шунга қарамасдан айрим ҳамюртларимиз ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишаяпти.

—Фикрингизга тушундим. Бунинг туб илдизларини сўрамоқчисиз. Саволингизга “Илмсизлик ва нафс” деб қисқагина жавоб беришим ҳам мумкин эди. Лекин мавзунинг ўта долзарблигини ҳисобга олиб, фикримни кенгроқ ифода этишга жазм қилдим.

Ҳар бир инсон бахтиёр ҳаёт кечиришни, саодатли яшашни истайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган халқпарвар сиёсат заминида одамларни рози қилишдек улуғ мақсад ётганлиги бугун барчамизга яхши маълум.

Шундай фаровон замонда ёшларимиз ҳар доим ҳам тўғри йўлни танлаяптими? Афсуски, йўқ! Баъзи бир йигит-қизлар ғаразли мақсадларни кўзловчи ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлиги, айримлар кўр-кўрона уларга эргашиб кетаётганлиги аччиқ ҳақиқат. Бундайлар динимиздан, маънавиятимиздан бехабар кишилардир. Улар “яхши амаки”ларнинг тоғ-тоғ ваъдаларига учиб, ўзларининг азиз умрларини  сарсон-у саргардонликда ўтказишмоқда. Осонгина бойлик топишга бўлган кучли хоҳиш уларни террорчи ва экстремистларнинг ўлжасига айлантирмоқда.

—Ёт унсурларга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлардан кўнглингиз тўлаяптими?

—Диний саводсизликни йўқотиш, маънавий  бўшлиқларни тўлдириш, руҳий тарбия ишларини олиб боришда Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси (ЎМИ) саъй-ҳаракати билан нашр этилган адабиётлар муҳим аҳамият касб этаётганлигини шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси”, “Сунъий ақидалар”, “Яхшилик ва силлои рахм”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, “Мукаммал саодат йўли”, “Дин насиҳатдур”, Айдарбек Тўлиповнинг “Ишид фитнаси”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, Муҳаммад Амин Яҳёнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асарлари ёшларни тўғри йўлга бошловчи нашрлардир.

Илмий анжуманлар, ОАВдаги чиқишлар, жума номозидаги амру маъруфлар “Жаҳолатга қарши — маърифат” йўналишида олиб борилса, шу тизимдаги тарғибот тадбирларида экстремизм ва терроризмнинг жирканч оқибатлари ҳақида янада кенг тушунчалар берилса, деган фикрдамиз.

Ғоявий душманларимиз пайини қирқиш учун ҳали кўп иш қилишимиз лозим. Юқорида номлари санаб ўтилган адабиётлар кўп миллионли халқимиз учун етарли эмас. Буюк алломаларимиздан қолган кўплаб асарлар ўз нашрини кутиб турибди. Қолаверса, вилоятимизда диний мутахассислар етишмовчилиги юқори даражада.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тизимдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эга бўлди. Ана шу ҳаётбахш ҳужжат асосида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Айни пайтда республикамизнинг бошқа минтақалари қатори вилоятимизда ҳам “Вақф”нинг ҳудудий бўлинмаси фаолият кўрсатмоқда. Зикр этилган хайрия жамоат фонди зиммасига бир-биридан муҳим юмушлар юклатилган. Улар орасида фаолият юритаётган уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш, имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уйларни сотиб олиб, уларни текинга бериш каби бир қатор долзарб вазифалар ҳам борки, бу кадрлар тақчиллигига барҳам беришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

—Билиб-билмай ёт унсурларга қўшилиб қолган шахслар ўз қилмишларидан астойдил пушаймон бўлсалар улар инсонпарварлик тамойилларига асосан авф этилмоқда. Уларнинг кейинги тақдири ҳар биримиз учун муҳим.

—Жуда ҳам тўғри гап. Уларнинг ижтимоий ҳаётга кўниктириш осон иш эмас. Бунинг учун фақат дин пешволари эмас, балки бутун жамоатчиликдан катта куч-ғайрат, якдиллик, ҳамкорликда иш юритиш талаб этилади.

Тўғри йўлга қайтганларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш тарзларининг яхшиланишига кўмаклашишимиз лозим. Токи уларнинг ҳаётга, келажакка ишончлари мустаҳкамланиб, озод Ўзбекистондан рози бўлиб яшашсин.

Шу ўринда ҳурматли ҳожиларимизга айтадиган гапларим бор: тўғри йўлдан тойиниб, бугунги кунда сафимизга қўшилган кишилар бегона эмас — Сиз-у бизнинг замондошларимиз. Шундай экан, уларни оталиққа олиб, туриш-турмушларидан доимо хабардор бўлинг. Қоқилганни суяш энг олийжаноб фазилат эканлиги ҳеч ҳам ёдимиздан чиқмасин.

Тарғибот таъсирчанлигини оширишда янгича усул ва шакллардан оқилона фойдаланмоғимиз лозим. Ёт оқимлар таъсиридан қутилиб, айни пайтда қайноқ ҳаётга қайтган кишилар тадбирларга таклиф этилса, улар ўз бошларидан ўтказган аянчли воқеа-ҳодисалар ҳақида гапириб беришса, айни муддао бўларди.

—Ҳар бир ўғил-қиз оила муҳитида камолга етади...

—Ўз-ўзидан равшанки, бу йўлда фарзандларни назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга. Болангиз кимлар билан дўст тутинган, бўш вақтида қандай адабиётларни ўқияпти, компьютерда, телефонда кераксиз нарсаларни кўрмаяптими — буларнинг бари-бариси билан жиддий шуғулланинг. Улар қизиқаётган файл ва сайтларини текшириб туринг. Акс ҳолда фарзандингизни маънан йўқотиб қўясиз. Охир-оқибатда бу Сиз учун тузатиб бўлмас дардга айланади.

—Домла, мароқли ва самимий суҳбатингиз учун муштарийларимиз номидан миннатдорчилик билдирамиз.

—Раҳмат, бундай чиқишларимиз бардавом бўлишини истаймиз.

 Суҳбатдош Турсунбой КАМОЛОВ. 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар