Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Томорқа – қўшимча даромад манбаи

Томорқа – қўшимча даромад манбаи

02 март 2019 йил
120
0

Халқимиз йилдан-йилга деҳқончиликка илмий асосда ёндашиб, бозор талаблари ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришнинг инновацион усулларини жорий этмоқда.

Гидропоника усулидаги иссиқхоналар, интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавотларни сақлаш учун замонавий совитиш тизимига эга омборлар қуриш борасида илғор технологиялар ҳаётга тадбиқ қилинаётгани бунга мисол бўла олади. Бироқ, мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш борасида жуда катта экспорт салоҳиятига эга бўлган томорқа хўжалиги имкониятларидан туманимизда тўлиқ фойдаланилмаяпти.

2019 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида солиқ концепцияси ижроси ва томорқадан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Халқимиз азалдан ризқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда. Аммо, баъзи жойларда томорқага экин экмаслик ва қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

Бугунги кунда Фориш туманида 13 минг нафар томорқа ер эгаларига 14260 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирда ана шу ерлардан халқимиз оқилона фойдаланяпти, дея олмаймиз. Унга битта баҳона сув камлиги, «эккан экинларимиз саратонда сув етишмаслигидан қуриб қолади» дея рўкач қилинаётир.

Аслида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир.

Туманимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқда яшаб, сабзавот маҳсулотлари учун бозорга чопганини кўриб ҳайрон қоласан киши. Бунинг устига ишсизман, деб маҳаллага қатнаб нафақа ҳам сўрашади. Томорқаси бор одам ишсиз бўлиши мумкинми? Ота-боболаримиз азал-азалдан лалми майдонларда деҳқончилик қилиб келишган. Айнан бизнинг шароитимизга мос ток, мевали дарахтлар эккан. Ҳар бир кишида меҳнатга иштиёқ, ҳавас бўлса, албатта, мақсадига эришади. Кишида меҳнатга ҳавас ва интилиш бўлса, ҳаётини ўзи фаровон қила олади.

Бугун туманимиз ҳудудида томчилатиб суғориш технологиялари асосида узумчилик, боғдорчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш имкониятлари катта. Илончи, Осмонсой, Баландосмон, Бўғомбир, Сайёд, Учма, Ўхум, Қораабдол, Кўса, Нарвон, Гараша ва бошқа қишлоқлар аҳолиси айнан туманимиз шароитига мос, қурғоқчиликка чидамли токлардан яхшигина ҳосил олиб, даромад қилаётгани бор ҳақиқат. Туманимиз ҳудудида етиштирилаётган турли навли узумлар ва майиз ўзининг таъми ва табиий тозалиги билан мамлакатимизда донг таратгани барчамизга яхши маълум.

Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида берган топшириғига асосан бу йил март-апрель ойларида томорқага экин экиш ишлари янги тизимда, кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилинади. Халқ қабулхонаси раҳбари, маҳалла раислари билан бирга уйма-уй юриб, аҳоли талаблари асосида уларга кўмак беради. Маҳаллий бюджет заҳира жамғармасидан 30 миллион сўмдан маблағ ажратилиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бозорбоп сабзавотлар уруғи, мевали дарахт ва ток кўчатлари етказиб берилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди салоҳиятли фермерлар ёрдамида аҳолининг фойдаланилмаётган томорқаларини экишга тайёрлаш ва бозорбоп экинлар экишни ташкил қилади. Бандликка кўмаклашиш маркази бандликка кўмаклашиш жамғармасидан томорқаси бор ишсиз фуқароларга иссиқхоналар ташкил этиш, уруғлик ва кўчат олиш учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаригача миқдорда субсидия ажратади.

Туман ҳудудидаги 4 та секторда ҳар бир маҳалла ҳудудининг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиниб, «бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида ҳар бир маҳалланинг мева-сабзавот етиштириш, кичик иссиқхоналар ташкил этиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, куркачилик каби йўналишларга ихтисослаштириш бўйича ҳам амалий чоралар кўриляпти.

Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига бириктирилган экин ерларидан самарали фойдаланиш, уларга мевали дарахт кўчатлари, уруғлик материалларини тизимли етказиб бериш ва маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш тўғрисида»ги топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг 2019 йил 11 февралда 399-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан ҳар бир маҳалла кесимида давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, томорқага ажратилган ерлардан самарали фойдаланиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориляпти.

Ҳа, томорқа ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг даструхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап ундан оқилона фойдаланишда. Шундай экан, айни экин-тикин мавсумида фурсатни бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан экин экиш, ниҳол қадаш, ер-сув ресурслари, яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумли фойдаланиш, пировардида аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини таъминлашга мустаҳкам пойдевор яратиш даврнинг талаби.

Ҳаким ТЎЙЧИЕВ,

Фориш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар