» » Фориш тумани ҳокими ташаббуси билан ёшлар ишлик бўлди

Фориш тумани ҳокими ташаббуси билан ёшлар ишлик бўлди

07 март 2019 г 3 109 Комментарии: 0

Фориш тумани Яссикечув  маҳалласида туман ҳокими Абдивали Мустанов билан аҳолининг очиқ мулоқоти давом этарди.

Шу маҳаллада яшовчи Мафтуна Турғунбоева ийманибгина қўл кўтариб ўрнидан турди.

– Мен Тошкент вилояти Зангиота туманида тадбиркор Дилдора Турғунбоеванинг тикув цехида икки йил ишлаб, кийим-кечак тикиш сирларини ўрганиб келдим. Менга 10 дона тикув машинаси ва жой топишда амалий ёрдам берсангизлар тикув цехи ташкил этиб, 10 нафар маҳалламиз қизларига касбим сир-синоатини ўргатиб, уларни иш билан таъминлайман, – дея туман ҳокимига мурожаат этди.

– Биз сенга ҳозироқ бажонидил ёрдам берамиз, – дея очиқ мулоқот тугагач Мафтуна Турғунбоева ва бир қатор ёшларни Қораабдол қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи томон бошлади. Касб-ҳунар коллежидаги 10 дона «Ямака» фирмасининг тикув машинаси ва бўш хонасини Мафтуна Турғунбоева ихтиёрига берди.

Мафтуна Турғунбоева эртаси куниёқ 10 нафар маҳалланинг тикувчиликка ихлоси баланд қизларини ёнига олиб, ишни бошлаб юборди. У трикотаж матолардан эркаклар ва аёлларга мўлжалланган спорт кийимлари, болалар кийимлари, аёллар ва эркаклар кўйлаклари, келинлик либослари тикишни пухта ўзлаштириб олган. Шу боис цехда ишлаётган қизларга ҳам буни астойдил ўргатиб боряпти.

Айни кунда Севара Дўстова, Ирода Боймирзаева, Шоҳиста Тошбоева, Сарвиноз Ҳасанова каби қизлар Мафтунадан тикувчилик сир-синоатларини ўрганишяпти. Бу ерда аҳоли буюртмаси ва савдо дўконлари учун аёллар ва эркаклар спорт кийимлари, кастюм-шим ва бошқа кийим-кечаклар тикиляпти.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!