» » Жиззахда солиқ ислоҳотлари жисмоний шахслар даромади ошишига сабаб бўлди

Жиззахда солиқ ислоҳотлари жисмоний шахслар даромади ошишига сабаб бўлди

18 март 2019 г 1 921 Комментарии: 0

Тан олиш керак, яқин-яқингача кўплаб тадбиркорлар ўз қўл остидаги ишчисини ҳужжат билан, қонуний меҳнат шартномаси асосида, бошқача айтганда,  расмиятчилик қилиб ишлатишга ҳадеганда рўйхуш бермасди. Фуқаро билан оғзаки келишиб, унга "конверт" усулида иш ҳақи тўлаб қўя қоларди. Гўёки шуниси осондек, бош оғриғи камдек. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта.

Маълумки, иш берувчи, яъни юридик шахс ишчи кучи меҳнатидан фойдалангани учун ҳар бир киши бошига маълум миқдорда ягона ижтимоий тўлов тўлаши керак. Аҳамиятлиси, бу тўлов миқдори илгари жуда юқори эди. Табиийки, ҳамма ҳам уни тўлашни эп билмас, бундан қочиш мақсадида ходимларни ноқонуний асосда ишлатишни маъқул топарди. Агар рисоладагидек иш тутиб, фуқарони ишга олган тақдирда ҳам, солиқ юки оғирлик қилиб, ишчига у қадар катта маош таклиф қилолмасди.

Ўз навбатида бу ҳол қандай оқибатларга олиб келиши ҳам маълум. Аввало "конверт"да ҳақ олувчи ишчи меҳнат ҳуқуқи кафолатланмайди, унга меҳнат дафтарчаси очилмайди, меҳнат стажи ҳеч қаерда қайд этилмайди. У келгусида давлат томонидан бериладиган пенсия таъминотидан ҳам маҳрум бўлади.

Хўш, бугун ушбу солиқ ислоҳоти қандай натижа берди? Жиззах вилояти мисолида оладиган бўлсак, аввалги вазиятни ўнглаш бўйича қандай чоралар кўрилди?  

2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз этиб қайд этилганидан хабарингиз бор. Шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди.  

- "Бону ширинликлари" МЧЖ 2009 йилдан бери Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатиб келмоқда, - дейди МЧЖ бош ҳисобчиси Бобур Исроилов. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхона йилига 3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. 2014 йилда Халқ банкининг 2,2 миллиард сўм маблағи эвазига хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан қайта жиҳозланган корхонада ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда.  Айни дамда корхонада 150 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда. Солиқ концепциясига асосан 1 январдан кучга кирган ягона 12 фоизлик даромад солиғи ставкасининг жорий этилгани ишчиларимизнинг даромади ошишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, 8 фоизлик суғурта бадалининг бекор бўлгани иш ҳақидан тўланадиган солиқларнинг камайишига олиб келди. Натижада тежаб қолинаётган маблағ ҳисобига яна қўшимча 25 та иш ўрни яратишга ва корхонани яна ҳам ривожлантиришга эришдик.

 Аҳамиятлиси, ўтган даврда бу борада сезиларли натижаларга эришилган. Солиқ органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилган. Ҳисоботда кўрсатилганидан кўп ишчи ишлатиш ҳолати бўйича иш берувчиларга тушунтириш ишлари олиб борилган.

Вилоятда солиқ ислоҳотлари натижасида 800 дан ортиқ корхонада 1100 нафардан ортиқ фуқаронинг меҳнат фаолияти хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўлиқ расмийлаштирилишига эришилган. Ишчиларга меҳнат дафтарчаси, пенсия китобчаси очилиши, улар билан қонуний меҳнат шартномалари тузилиши таъминланган.

Юқорида айтганимиздек, юридик шахслардан ундириладиган ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг пасайтирилиши корхона ва ташкилотларга ходимлар фаолиятини тўлиқ қонунийлаштиришга замин яратмоқда. Асосийси, фуқаролар учун меҳнат стажи ҳисобланади, пенсияга чиқиш даврида муаммо вужудга келмайди. Амалда ишли, қоғозда эса ишсиз ҳисобланганлар сони камаяди.

Ҳ.Фозилов – Жиззах вилоят ДСБ

жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!