» » Диний экстремизм – ёшлар келажагига таҳдид

Диний экстремизм – ёшлар келажагига таҳдид

18 март 2019 г 3 160 Комментарии: 0

Республикамизда фаолият юритаётган лицей ва коллеж битирувчилари мажбурий ўрта таълим тизимини тугатаётган ёшларимиз мустақил ҳаётга илк қадам қўйиш палласига келган ўсмирлар ҳисобланади.

Ҳукуматимиз томонидан ёшларни илм-олишлари, маънавий ва жисмонан камол топишларига йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент стипендияси, Навоий, Беруний, Улуғбек номли давлат стипендиялари, «Ниҳол», Зулфия Давлат мукофотлари таъсис этилди, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони Низомига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, ушбу мукофот эндиликда ёшларга бериладиган бўлди. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» каби спорт мусобақалари ташкил этилди.

Ёшларнинг чет эл таълим муассасаларида ўқиши, малакасини ошириши, халқаро спорт ва бошқа мусобақалар, танловлар, олимпиадаларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

 Бу борада ёшларнинг улкан ютуқларни қўлга киритиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, спорт ва ҳарбий ватанпарварлик каби соҳаларида фаол иштирок этиб, унинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани юқоридаги тадбирлар меваси ҳисобланади.

Албатта, биз барча ёшларимизнинг ўз орзу-мақсадларига етишиб, келажакда етук инсон бўлиб етишлари, ота-онасини дуосини олиб, оиласига, маҳалалласи ва Ватанига хизмат қиладиган ҳалол, юртига садоқатли инсонлар бўлиб етишларига тилакдошмиз.

Шу билан бирга, биз мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни турмушда уларни оғир синовлар кутиб тураётгани, хусусан, бизнинг юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек ғараз мақсадлар эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз биз катталарнинг бурчимиз ҳисобланади.

Жумладан, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда.

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Турли интернет сайтлари, ижтимоий сайтларда ташкил этилган турли “жиҳодчи”, “хилофат шунқорлари”, “мужоҳидлар” каби гуруҳлари ҳамда “You Tube” порталидан кенг фойдаланилмоқда.

Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан “бу дунёнинг бевафолиги”, “мусулмонларнинг азобланаётгани” ҳамда диний таълимотлар мавзусидаги бошқа  суҳбатлар олиб борадилар.

 Сўнгра ислом оламидаги “муаммолар” санаб ўтилади ҳамда айбдорлар ҳам кўрсатилади. Бундан кейин эса барча муаммоларнинг “ечими” сифатида “кофирларга” қарши “жиҳод” қилиш таклиф этилади. Бунинг учун эса авваламбор “ҳижрат” қилиш лозимлиги уқтирилади.

Шундан кейин, “жиҳод майдонларида жавлон ураётган мужоҳидларнинг ислом руҳи ҳукмрон бўлган ҳудудлардаги саодатли ҳаётлари”ни акс эттирувчи видеолавҳалар жойлаштирилган турли интернет порталларининг манзиллари тақдим этилади.

 Билимсиз, ўз мустақил фикри ва атрофдаги ҳодисаларни таҳлил этиш малакасига эга бўлмаган ёшлар бундайин “ўз ўрнида қилинган ҳужумлар”га дош бера олмай, диний экстремизмга мойил бўла бошлайдилар. Қисқа қилиб айтганда “ижтимоий тармоқлар” “экстремистик қармоқлар” вазифасини ўтай бошлайди.

Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда.

 Норасида болаларни ўлдирмоқда. Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалини бажаришга бораётганларни “тошга сиғинувчилар” деб эълон қилиб, уларга таҳдид қилмоқда. Динимиз қибласи бўлган муқаддас Байтуллоҳни вайрон қилишга ваъда бермоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, мушипар оналар, норасида гўдакларни  кўчаларда саргардон қилмоқда. Аммо, ҳозирга қадар бузилган уйларни тиклаш учун ақалли бир дона ғишт қўйганлари йўқ. Муқаддас ислом динимизда буткул ман этилган бу каби чиркин амалларини фош этаётган уламоларни, ўзларига эргашмаган мусулмонларни “кофир”га чиқармоқда.

Экстремисталар ёшларни ўзига жалб қилишда ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик тушунчаларини нотўғри талқин этиб, улардан фойдаланадилар.

“Ҳижрат” луғатда “кўчиш, бирон нарсадан ажраш, тарк этиш” маъноларини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бошчиликларидаги бир гуруҳ мусулмонлар жамоасининг Қурайш тазийқидан қутилиш мақсадида Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига ҳижрат дейилади. Инсонларни ислом аҳкомлари жорий бўлиб турган, тинч ва осойишта заминдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ иш ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ ва Расули эса қотилликдан, қўпорувчиликдан, ўзини ўзин ўлдиришдан, қайтарган.  

“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади.

Юқоридаги айтилган ҳатарли шахсларнинг домига тушиб қолмаслик учун ёшларимиз қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим:

- диний экстремистик сайтларга кирмаслик. Бундай сайтларнинг аломатлари: жойлаштирилган материалларда “ҳижрат” ва “жиҳод” га даъват қилиш, дунёвий ҳукумат ва тузумларни кофирликда айблаш, Давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз, 8-март каби байрамларни, туғилган кунни нишонлашни ҳаром деб эълон қилиш, Афғонистон, Покистон, Ироқ, Сурия каби мамлакатлардаги жангариларни мақташ. Шунингдек, Муҳаммад Абдулваҳҳоб, Ибн Таймия, Насириддин Албоний, Сайид Қутб, Айман аз-Завоҳирий, Усома бин Лодин, “Абдували қори”, “Обид қори”, “Рафиқ қори” каби ақидапараст шахсларнинг китоб ва фатволарининг мавжудлиги;

- ижтимоий тармоқ сайтлари, форумларда диний мавзуда илмоқли, нозик саволлар бериб, суҳбатга чорлаётган шахслар билан мулоқотдан тийилиш, дунёвий жамиятни танқид қилиб, диний турмуш тарзини мутаасибона даъват қилаётган шахслар билан умуман алоқа қилмаслик;

- электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик, юборилган электрон материалларни юклаб олмаслик;

- мобил қўл телефонларига мутассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратлар, видеороликлар юклаб олмаслик ва тарқатмасик.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-моддаси 2-бандига мувофиқ, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш энг кам иш ҳақининг 25-100 миқдорида жарима тўлаш билан жазоланади. Жиноят Кодексининг 244-моддаси 3-бандига кўра, юқоридаги ноқонуний  хатти-ҳаракат агар маъмурий жазодан сўнг содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 100-200 миқдорида жарима тўлаш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади;

- диний мавзуда қизиқтираётган маълумотларни фақат “.uz” доменида расмий фаолият олиб бораётган давлат ва диний ташкилотлар сайтларидан олиш.

Ҳозирги пайтда у ёки бу даражада бўлсада иши, касби кори бор бўлиб туриб, рўзғори юриб турганига кўнмай, ота-онаси, оиласи, иссиқ ўрнини ташлаб чет элга пул топиш илинжида кетаётганлар ҳар бир онгли кишини ўйлантирмай қўймайди.

Албатта, иш жойи танлаш ҳуқуқи ҳар ким учун кафолатланган, бироқ ҳозирда айрим ҳорижга кетганларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолаётгани, хору зор бўлиб, бирон нарса орттириб қайтиш ўрнига боридан ҳам айрилиб келаётани ҳам бор гап. Энг ёмони пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун Сурия ва Ироқ, Афғонистон каби каби низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда.

Минг таассуфки, бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота-онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетиб қолмоқдалар.

У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар. Бу жоҳиллар ўзларининг бу нонкўрликлари қиёмат кунида ўзлари учун ҳасрат ва надомат бўлишини қайдан билсинлар?! Ўз Ватанига хиёнат қилиш, ота-онага оқ бўлиш, фитналарга учиб, ҳақ йўлдан тойилишдан ҳам оғирроқ гумроҳлик борми?!

Энг ачинарли жиҳати шундаки, улар ўзларини тўғри йўлда ҳисоблаб, қилаётган ишларини савоб деб билмоқдалар. Аслида эса уларнинг бу қилмишлари оғир гуноҳ ва нотавонликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини гўзал амаллар қилаётган ҳисоблайдиганлардир” деб марҳамат қилади (Каҳф сураси, 103-104 оятлар).

Наҳотки сиз ёшлардан кимдир бегуноҳ одамларнинг, ёш болаларнинг қонини тўкиш, аёлларни хўрлаш, уй-жой, масжиду-мактабларга ўт қўйишни савоб ҳисоблайсиз ва ўзингизни шундай ишларга қўл ураётганлар сафида кўришни истасангиз? Маҳаллангиз, туғилиб вояга етган уйингиз, ўқиган мактабингиз кўз олдингизга келтиринг, ота-онангиз, опа-сингил ва ака-укаларингизни ўйланг. Наҳотки уларни ҳам бир кун шундай ёвузликларга дуч келишини хоҳласангиз?

Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ албатта. Бу авваламбор Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, Юртбошимиз бошчиликларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.

Шундай экан, мустақил ҳаётни бошлаётган сиз ёшларимиз турли фитналарга учмаслиги, келажакда ўқишга кирадими, ишга жойлашадами, бундан қатъий назар, фитначиларнинг иғвосига учмаслиги лозим.

Э.Исматов- Жиззах вилоят ҳокимининг

жамоат ва диний ташкилотлар

билан алоқалар бўйича ўринбосари 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!