» » Нурота давлат  қўриқхонаси ҳақида  

Нурота давлат  қўриқхонаси ҳақида  

01 апрель 2019 г 5 174 Комментарии: 0

Фориш туманида 1975 йилда ноёб табиий мажмуаларни, Нурота тоғ тизмасининг ҳайвонот ва ўсимликлар оламини ҳимоя қилиш мақсадида Нурота давлат тоғ ёнғоқли қўриқхонаси ташкил этилди. Нурота давлат тоғ-ёнғоқли қўриқхонаси қўшни Навоий ва Самарқанд вилоятлари билан чегарадош бўлиб, умумий ер майдони 17752 гектарни ташкил этади.

Қўриқхона ҳудуди ҳимоясини таъминлаш мақсадида 29 нафар махсус давлат назоратчилари, илмий тадқиқотлар ва экологик мониторингни олиб бориш учун 4 нафар илмий ходим ва 2 нафар лаборантлар фаолият олиб боряпти. Бу ерда илмий ишларнинг асосий йўналишлари бу табиат солномасини олиб бориш, ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳисобини инвентаризация қилиш, экологияни, биологияни ва ноёб ҳайвонлар сверцов қўйи, йиртқич қушлар популяциясини ўрганиш, сверцов қўйини эркин шароитда боқиш ва кўпайтириш усулларини ишлаб чиқиш, чумчуқсимон қушларнинг экологияси ва биологияси, ўсимликларни таснифлаш, хариталаш, мониторинги, фенологик кузатишлар, ёнғоқ дарахтларининг ҳолатини ўрганишдан иборат.

Нурота тоғ тизмаси Помир – Олой билан Тянь-Шан тоғ мажмуалари ва Турон пасттекислигининг орасидаги ўтиш ҳудудида жойлашган бўлиб, тоғ тизмасидан шимолий-ғарбга деярли 200 километр масофага чўзилиб, Қизилқум саҳроси ичкарсига чуқур кириб боради. Тоғ тизимининг энг баланд чўқисси ҳаётбоши чўққиси бўлиб, денгиз сатҳидан 2169 метр баландликда жойлашган. Қўриқхона ҳудудида 78 оиладош 821 турдаги ўсимликлар аниқланган. Шулардан мураккабгулдошлар 96 турни, дуккакликлар 78 турни ва бошқа тур ўсимликлар 76 турни ташкил этади. Ўзбекистон «Қизил китоби»га қўриқхона флорасининг 33 тури, шу жумладан, 3 тур ширач, 3 тур анзурпиёз, 5 тур лола, 5 тур астрагул ва бошқалар киритилган.

Қўриқхона фаунасининг энг кўп, бироқ, кам ўрганилган қисмини умуртқасиз ҳашаротлар ташкил этади. Ҳозиргача ҳудудда 761 турдаги ҳашаротлар ташкил этади. Бундан ташқари 241 турдаги хилма-хил қўнғизлар, 93 тур иккиқанотлилар, 58 тур парранда қанотлилар ва 240 тур капалаклар рўйхатга олинган. Бу ердаги мавжуд ҳашаротларнинг 8 тури Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Шунингдек, йирик жужелица, красотел, глазунова, алксанор ва калимах капалаклари ҳам ноёб ҳисобланади. Ҳудудда 21 турдаги репилиялар учрайди. Уларнинг энг кўп учрайдиган турлари туркистон агамаси, сариқ илон, гулли полоз, ранг-баранг полоз, кўлвар илон. Уларнинг уч тури кулранг эчкиэмар, Ўрта Осиё кобраси ва кўндаланг чизиқли бўритиш илонлар Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган.

Қўриқхонанинг орнитофаунаси ҳам жуда бой ва ўзига хос. Бу ерда 199 турдаги қушлар борлиги аниқланган. Уларнинг 103 тури қўриқхона ҳудудида уя солади. Қуриқхонада уя солган қушларнинг 10 тури ва учуб ўтувчи қушларнинг 8 тури Ўзбекистон «Қизил китоби»га, шулардан доимий яшовчи 2 турдаги ва учуб ўтувчи 3 турдаги қушлар халқаро табиатни муҳофаза қилиш ҳамжамиятининг «Қизил китоби»га киритилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Сверцов қўйи (Қизилқум архари) қўриқхонадаги энг ноёб жонивор ҳисобланади. Бу ноёб тоғ қўйлари Помир – Олой тоғлари таркибига кирувчи Қизилқум адирликларининг шимолий ёнбағрларида учрайдиган эндемик тур ҳисобланиб, халқаро табиатни муҳофаза қилиш ҳамжамиятининг халқаро «Қизил китоби»га киритилган. Сверцов қўйининг тарихий тарқалиш майдони Нурота, Оқтоғ, Молгузар, Туркистон ва Зарафшон тоғ тизмалари, Писталитоғ, Томдитоғ, Бўконтоғ ва Қизилқумнинг бошқа адирликларини ўз ичига олади.

XX – асрнинг ўрталарида сверцов қўйлари тарқалиш майдонининг сезиларли даражада қисқариши натижасида бу турнинг сони кескин камайиб, айрим тарихий тарқалиш минтақаларида бутунлай йўқ бўлиб кетиш ҳолатлари содир бўлди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайлигина Нурота тоғларида энг йирик популяциясини қайта тиклаш ва меъёрлаштиришга эришилди. Бугунги кунда қўриқхонада сверцов қўйининг 1800 бошга яқини яшаяпти.

Нурота қўриқхонасининг ҳудуди нафақат гўзал тоғли манзаралари, ўзига хос ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, балки, кўпгина тарихий-маданий обидалари билан ҳам ҳар қандай кишини ўзига жалб этади. Бу ҳудудда қадимдан одамлар яшаганлиги учун ўзига хос мураккаб ва бой тарихга эга. Бунинг исботи сифатида турли хил археологик топилмалар, петроглифлар, қабрлар, мегалитлар, ўрта асрларнинг тарихий обидалари, маданий манзаралар, қадимий ирригация иншоотлари, ёнғоқ ва мевали дарахтларнинг хилма-хиллигини таъкидлаб ўтиш лозим. Нурота тизмасининг шимолий ёнбағрлари бўйлаб Сирдарё қирғоқларидан Нурота орқали Бухорога карвон йўлларидан бири ўтган. Шунингдек, карвон йўллари Нурота тизмасининг Ўхум ва Мажрум довонлари орқали ҳам кесиб ўтган.

Қўриқхона ҳудуди ва унинг атрофида жойлашган тарихий обидаларнинг энг аҳамиятга моликлари ичида Тикчасой, Асрафсой, Андегенсой, Мажрумсой, Ҳаятсой, Синтобсойдаги петроглифлар, Сентоб, Мажрум, Ўхум қишлоқдаридаги қўрғонлар қолдиқлари, Мажрум қишлоғидаги қадимий масжид харобалари ва танасининг айланмаси 8 метр, марказий шохининг айланмаси 12 метр, илдизлари кавагига 4-5 одам сиғадиган минг йиллик шарқий сарв дарахтини, Мажрумсойдаги Ҳазрати Али ва Қаррисойдаги Эшонбобо мозорларини таъкидлаб ўтиш лозим.

Бугунги кунда атроф-муҳит ва биологик хилма-хилликни, хусусан ноёб йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот турларини сақлаб қолиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада қўриқхоналар ва бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш катта аҳамиятга эга, – дейди Нурота тоғ-ёнғоқли давлат қўриқхонаси директори Ражаббой Қўрғонов.

– Мамлакатимизда биологик хилма-хиллик ва экологик мувозанатни сақлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси «Биохилма-хилликни сақлаш тўғрисида»ги халқаро конвенция иштирокчиси бўлди. 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ табиий муҳофаза қилинадиган ҳудудлар республика ҳудудининг 10 фоиздан кам бўлмаслиги белгиланган.  Шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, шу жумладан халқаро «Қизил китоб»га киритилган ноёб сверцов қўйини самарали муҳофаза қилиш мақсадида қўриқхонанинг буфер зонаси ҳисобланган, Самарқанд вилоятига тегишли бўлган Нурота тизмасининг жанубий қисмидан 5840 гектар ер майдонини Нурота давлат қўриқхонаси таркибига киритиш таклифини бердик.

Мазкур сўралган ер майдони аҳоли яшаш ҳудудларидан анча узоқда жойлашган бўлиб, бу ҳудуда ҳеч қандай фермер ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилмаган. Бу ҳудуднинг 3200 гектар майдони Самарқанд вилояти «Пангат», 2640 гектари Пайариқ тумани «Халқобод» хўжаликлари таркибига киради. Қўриқхона таркибига киритиш учун тавсия қилинаётган мазкур ҳудуд бевосита қўриқхонанинг жанубий чегарасига туташ бўлиб, Қизилолмасой, Накрутсой, Паррандозсой, Қислаксой, Қоратошсой ва Қурутлибойсой дараларини ўз ичига олади. Бу ҳудудларда Нурота тоғ тизмаси ўсимликларининг типик табиий жамоалари шаклланган бўлиб, уларнинг таркибига бир қатор ўсимлик турлари, шу жумладан Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган 20 тури киради. Бундан ташқари бу ҳудудлар Ўзбекистон ва Халқаро «Қизил китоб»ларга киритилган йирик йиртқич қушларнинг ин қурадиган ҳамда кўпаядиган жойлари ҳисобланади.

– Охирги ўн йилда Нурота давлат қўриқхонасида сверцов қўйларининг сони 1700 – 1800 бош бўлиб, популяциянинг зинчлиги 1 кмв. майдонига 8-10 бошни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич бошқа ҳудудлардаги ёввойи тоғ қўйлари популяциялари зинчлигидан анча юқори ҳисобланади. Масалан, Тожикистонда Марко Поло қўйлари популяцияларининг зинчлиги 1 кмв.га 4,5-5,4 бош, Қозоғистонда Алтай ва Тянь-Шан қўйлари 1 кмв.га 1-1,2 бош, Манголия ва Шимолий Ғарбий Хитойда архарлар популяциялари зинчлиги 1 кмвга 1,6-2 бошга тўғри келади. Табиатда ҳар бир ҳайвон учун ўз популяциясининг оптимал зинчлиги мавжуд бўлиб, у жойнинг қулайлиги озуқа базасининг етарли бўлиши, сув манбалари ва бошқа омиллар билан узвий боғлиқ.

– Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, амалга оширилаётган назорат ишларга қарамасдан айрим юртдошларимиз томонидан она-табиатга зарар етказиш, ов қилиш мутлақо тақиқланган қўриқхона ҳудудида ов қилиш ҳолатлари содир этиляпти. Жумладан, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Қўшилиш қишлоғида яшовчи Илҳом Анорбоев шу тумандаги Улпатан қишлоғида яшовчи Шуҳрат Донобоевлар қўриқхона ҳудудида ов қилиб юрганларида қўлга олинди.

Хулса қилиб айтадиган бўлсак, бугун она-табиатга бўлган муносабат ҳар биримиздан меҳр-эътиборни талаб этмоқда. Нурота тоғ тизмасидаги жанубий ҳудуднинг қўриқхона таркибига қўшилиши сверцов қўйлари популяциясининг сақлаш ва кўпайтиришда, уларни бошқа ҳудудга ўтиб кетишини олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга Нурота тоғ тизмаси флора ва фаунасининг камёб турларининг кўпайишига, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!