» » Вилоят Бандлик бошқармасининг бошлиғи Тоҳир Абдуназаров билан суҳбат

Вилоят Бандлик бошқармасининг бошлиғи Тоҳир Абдуназаров билан суҳбат

04 апрель 2019 г 2 578 Комментарии: 0

Юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг нечоғли муваффақиятли кечиши мамлакат иқтисодининг ривожланишига хизмат қилади.

Бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш баробарида халқнинг турмуш шароитини яхшилаш имконини беради.  Президентимизнинг 2019 йил 5 мартдаги “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги Қарори   бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Мухбиримизнинг вилоят Бандлик бошқармасининг бошлиғи Тоҳир Абдуназаров билан қилган суҳбати айнан шу хусусда бўлди.

—Аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу борада вилоят Бандлик бош бошқармаси 2019 йилда  қандай вазифаларни амалга оширишни мўлжаллаяпти?

—Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш ҳамиша долзарблигини йўқотмаган. Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, шу асосда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш зарур. Бу айни дамда амалга оширишимиз зарур бўлган вазифаларимиздан бирига айланган.

Жорий йил мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея номлангани бежиз эмас. Зеро, бу йилда тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва пенсия таъминотини яхшилаш бўйича  кўп иш қилиниши кўзда тутилган. Шунинг учун биринчи навбатда кам таъминланган оилаларни якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликка, қишлоқ жойларда томорқачилик хўжаликлари асосида иқтисодий фаолликка жалб этишга қаратилган тадбирлар кучайтирилмоқда. Унинг мақбул механизмларни ишлаб чиқиш, ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилаётир.

Ижтимоий ривожлантириш аҳоли бандлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Олинаётган даромадлар аҳолининг турмуш даражасини ошишига олиб келади. Ишсизликни камайтириш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги масалалар Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топди. Айни пайтда бошқармамиз ва жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу масалаларда жойлардаги маҳаллий ижроия ҳокимиятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам фаоллик кўрсатмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

 Вилоят ҳокимининг 2019 йил 16 мартдаги қарорида жорий йилда 30 минг 856 нафар ишсизнинг бандлигини таъминлаш белгилаб берилди. Чора-тадбирлар режасига кўра йирик лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 3 минг 218 та, кичик лойиҳаларни ишга тушириш эвазига  2 минг 6 та, фаолият кўрсатмаётган самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида 583 та, бюджет маблағлари ҳисобидан ва давлат-хусусий шерикчилик негизида ишга тушадиган ижтимоий ва бошқа объектлар ҳисобига 1 минг 224 та, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали 1 минг 181 та, тижорат банклари ва бюджетдан ташқари жамғармалар  ҳисобидан кредит бериш  йўли билан 11 минг 73 та иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, банд бўлмаган фуқароларни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, ободонлаштириш ва бошқа мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб қилиш ва жамоат ишларини ташкил этиш орқали 2 минг 949 нафар, бўш вакант ва квота иш ўринларига  жойлаштириш орқали 5 минг 91 нафар, касбга тайёрлаш ва қайта ўқитиш ҳисобидан 1 минг 525 нафар фуқаролар иш билан таъминланади. 2 минг нафар юртдошларимизни хорижий давлатларга ишга юбориш орқали бандлигини таъминлаш чоралари кўрилаяпти.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан бошқармалар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳар бир корхона ҳамда лойиҳалар кесимида манзилли дастурлар, уларни ойма-ой бажариш жадваллари ишлаб чиқилди. Ҳудудий манзилли дастурларининг шаҳар-туман  секторлар кесимидаги  режа-жадваллари тайёрланди.   

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятимизга ташрифи давомида ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастури доирасида тасдиқланган йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши  янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

—Бугунги кундаги энг муҳим вазифа инвестиция ва технологиялар олиб келиб, янги корхоналар ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш,—деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида. Ана шу мақсадда 2019-2020 йилларда вилоятда умумий қиймати 21 триллион 956 миллиард сўм бўлган 586 инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилган. Бунинг натижасида 22 минг 300 дан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган. Фориш туманида базальт толаси ва шамол энергияси ишлаб читқариш қурилмалари, Дўстлик туманида қуёш панеллари, Зоминда дори воситалари, Жиззах шаҳрида безакли ва юпқа ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, пиллачилик тармоқларига мос мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ҳам топшириқлар берилган. Аҳолининг маиший шароитларини, ижтимоий инфратузилмани яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилганди. Айни пайтда мазкур топшириқлар асосида тизимли тадбирлар амалга оширилаяпти. 

Жорий йилнинг ўзида  вилоятимизда амалга ошириладиган йирик лойиҳалар ҳисобига 3 минг 218 та иш ўринлари яратилиши белгиланган. “Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси томонидан амалга оширилаётган 6 та лойиҳа  ҳисобига 1 минг 966 та, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 11 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётир. Шу лойиҳалар натижасида  164 та иш ўрни яратилади. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги амалга ошираётган йирик лойиҳа 2 минг 10 нафар юртдошларимизни доимий иш билан таъминлайди.

Бундан ташқари, "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Ўзбекбалиқсаноат", “Ўзчармсаноат”, "Паррандасаноат", "Ўзбекипаксаноат" уюшмалари, Узумчи-лик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари  амалга ошираётган 45 та лойиҳа эвазига 750 га яқин янги иш ўринлари  вужудга келади.  

—Ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга тўхталсангиз.

—Жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга, истиқболли ғоялар ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали йигит-қизларнинг бандлигини таъминлашга доир тадбирлар амалга оширилмоқда. Туман-шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари ходимлари уйма-уй юриб, иш билан банд бўлмаган фуқаролар, жумладан ёшлар таркибини аниқламоқда. Улар билан суҳбатлар ўтказилаяпти. Ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролар расман иш сўраб мурожаат қилувчи сифатида рўйхатга олиниши учун бандликка кўмаклашиш марказларига таклиф қилинмоқда.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида туман-шаҳар бандликка  кўмаклашиш марказлари томонидан 738 нафар ёшлар доимий иш билан банд қилинди. 520 нафар йигит-қизлар эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларини ишга жойлаштириш чоралари кўрилаётир. Уларнинг бандлик муаммолари ижобий ҳал қилинмоқда.

Ўтган дарда маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларига кўра заҳираланган иш ўринларига 64 нафар ёшлар йўлланма асосида ишга жойлаштирилди. Вилоятда 2 ой давомида 11 маротаба “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, 95 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан касб ва мутахассисликка эга бўлмаган ёшларни ишга жойлаштириш кафолати билан меҳнат бозори талабларига асосан бепул ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ўқиш даврида уларга стипендиялар тўлаб, иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилнинг 2 ойи давомида 137 нафар асосан иш қидирувчи ёшлар турли касбларга ўқитилиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилди. Жорий йилнинг охиригача 1 минг 525 нафар ёшлар кафолатланган иш ўрнига эга бўлиши учун касбга ўқитиш, ишга жойлаштириш чоралари кўрилаётир.

 —Яширин иш ўринларини легаллаштириш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликдаги  кўрилаётган чоралар  ҳақида нима дейсиз.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари
 бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилояти ҳокими томонидан тасдиқланди.

Унга мувофиқ, 2019 йилда 21 минг 476 та яширин иш ўринларини легаллаштириш белгиланган. Жумладан, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 1 минг 611 та, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 11 минг 312 та, қурилиш корхонларида 2 минг 283 та, қишлоқ хўжалиги корхоналарида 6 минг 270 та иш ўринлари легаллаштирилади. Вилоят ҳокимлигининг 2019 йил 8 февралдаги 02-85-сонли йиғилиши баёни билан, яширин иш ўринларини аниқлаш ва легаллаштириш бўйича  соҳалар ва йўналишлар иқтисодиёт комплекси таркибидаги мутасадди вилоят ташкилотларига тақсимлаб берилди. Эришилган ижобий натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан маълумотлар ҳокимлик соатига киритилмоқда.

Жорий йилнинг 15 мартигача вилоят бўйича 1 минг 382 та корхонада 2 минг 771 та иш ўрни легаллаштирилди. Жумладан, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 310 та, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида 1 минг 164 та, қурилиш ташкилотларида 80 та, қишлоқ хўжалигида 1 минг 217 та иш ўринлари легаллаштирилди.

— Бир марталик иш ўрни! У нима дегани? Бу борада қандай ишлар қилиниши кўзда тутилаяпти?

—Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сонли қарори асосида вақтинчалик банд бўлмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш тартиби белгилаб қўйилган. Унга кўра, жамоат ишларига ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини жалб этилиши, унда мазкур тоифадаги фуқаролардан алоҳида тайёргарлик ва малака талаб қилинмаслиги назарда тутилган.

Қарор талабига кўра, бюджет ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан жамоат ишларига жалб қилинган ишсиз  шахсларнинг маоши 100 фоиз жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.  Бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоат ишларига жалб қилинган шахслар учун тўланадиган иш ҳақининг 50 фоизи жамғарма ҳисобидан тўланиши белгилаб қўйилган.

Банд бўлмаган аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг январь-март ойлари давомида 4947,2 миллион сўм сарфланди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 8 минг 190 нафар фуқаролар жалб этилди.

 —Жорий йилда амалга ошириладиган тадбирлардан кутилаётган  натижалар хусусидаги фикрларингиз.

—Кўрилаётган чоралар натижасида, вилоят аҳолисини иш билан таъминлашда эскирган услубларидан воз кечилмоқда. Меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳолатлари  бартараф этилаяпти.  Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш орқали  аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга, оилалар даромадларини оширишга мустаҳкам замин яратилаётир.

Суҳбатдош Бекпўлат ТОҒАЕВ.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!