» » Жиззахда болаларда кариесни аниқлайдиган инновацион технологиялардан фойдаланилмоқда

Жиззахда болаларда кариесни аниқлайдиган инновацион технологиялардан фойдаланилмоқда

10 апрель 2019 г 1 352 Комментарии: 0

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари Тошкент Давлат стоматология институти билан ҳамкорликда тишларнинг тозалик даражасини аниқлайдиган, кариесни рентген тасвири орқали ҳам билиб бўлмайдиган даврида аниқлаш имконини берувчи технологияни Жиззах вилояти Фориш туманида жойлашган мактабгача таълим муассасаларида жорий қилишни бошлади. 

- Соғлиқни сақлаш соҳасига инновацияларни жорий этиш орқали аҳоли саломатлигини сақлаш ва касалликларни профилактика қилиш бугунги кунда ривожланиб бормоқда, - дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи, Бахтинур Худанов. – Ривожланган давлатлар аҳолиси касалликка чалинмаслик учун астойдил ҳаракат қилади ва натижада тиш кариеси аҳолининг 30-35 фоизида учрайди. Бироқ, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 95 фоизида, бошқача айтганда, деярли барча ёш қатламларида тиш кариеси аниқланмоқда. Шундай экан, тиш кариеси, унинг асоратлари ҳамда милк касалликларининг олдини олиш усулларини болалар ва уларнинг ота-оналари орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг стоматологик билимлари ва ўз тишларини тозалашга бўлган рағбатини ошириш муҳим омил ҳисобланади. QLF (Quantitative light fluorescence – миқдорий нур флуоросценцияси) технологиясига асосланган Qscan ускунаси тишларнинг тозалик даражасини аниқловчи қурилма бўлиб, у тишларга ёпишиб қолган, аммо кўз билан кўриб бўлмайдиган овқат қолдиқларини, унинг таркибидаги бактериялар ажратаётган зарарли моддаларни аниқлаб, уни қизил рангда кўрсата олади. Бунда тишларда ёпишиб қолган карашларни кўрган болалар ёки уларнинг ота-оналарида тишларини тўғри тозалашга, тиш касалликлари ва уларнинг асоратлари пайдо бўлмасдан аввал стоматологга мурожаат қилишига рағбати ошиб боради.
Вазирлик ахборот хизматининг маълумот беришича, дастлабки ҳаракатлар Жиззах вилоятидаги Фориш туманида жойлашган мактабгача таълим муассасаларида бошланган. Бунда болалар ва уларнинг ота-оналарига оғиз бўшлиғининг гигиеник қоидалари ўргатилди, тишларни тўғри тозалашда улар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, тиш кариеси ва унинг асоратлари туфайли келиб чиқадиган касалликлар ҳақида кўргазмали фотосуратлар тақдим этилди ҳамда керакли маълумотлар берилди. Сўнгра жорий қилиниши бошланган қурилма орқали болаларнинг тишлари текшириб кўрилди. Ушбу кўргазмали дастур йиғилганларда катта қизиқиш уйғотиши билан бирга, ўз соғлиғига бефарқ бўлмасликка, ота-оналар ўз болаларини соғлом бўлиб вояга етиши учун ҳозирдан ҳаракат қилишга замин яратди.
Мазкур кўргазмали дастур Фориш туманида жойлашган барча мактабгача таълим муассасаларида доимий равишда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 2 та мактабгача таълим муассасасидаги 150 нафардан ортиқ болалар гигиеник текширувдан ўтди.
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!