» » Мирзачўлдаги ўзгаришлар россиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди

Мирзачўлдаги ўзгаришлар россиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди

13 апрель 2019 г 2 220 Комментарии: 0

Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида меҳмонлар 12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни муносабати билан Жиззах вилояти Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида бўлди.
Россия қаҳрамонларидан иборат делегацияни Гагарин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, фавқулодда вазиятлар вазири Турсунхон Худойберганов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов ва кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олди. 
Космонавтлар – икки марта Совет Иттифоқи қаҳрамони Владимир Жонибеков, Россия қаҳрамонлари Солижон Шарипов, Юрий Онуфриенко ва Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлари ва делегациянинг бошқа аъзолари ташрифни биринчи фазогир – Юрий Алексеевич Гагарин ҳайкали пойига гулчамбар қўйишдан бошлади.
1961 йил 12 апрелда собиқ Иттифоқ фуқароси Юрий Гагарин “Восток” космик кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга оширган эди. 108 дақиқа давом этган ўша парвоз инсониятнинг коинотни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди. 
11.JPG
Инсон илк марта фазога парвоз қилган 12 апрель санаси 1962 йилдан космонавтика куни сифатида нишонлаб келинган. БМТ Бош ассамблеясининг 2011 йил 7 апрелдаги резолюцияси билан Инсон коинотга парвоз қилган кун – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни сифатида нишонлаб келинмоқда. 
Ушбу тарихий сана муносабати билан Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегациясининг юртимизга ташрифи бежиз эмас. Фалакиёт илмининг Мирзо Улуғбекдек буюк сиймоси вояга етган Ўзбекистоннинг фазо илми тараққиётидаги, дунёнинг биринчи фазогири ҳаётидаги тутган ўрни ҳам тарихий аҳамиятга эга. Мирзачўл тумани марказининг коинотга илк парвоз қилган инсон хотирасига Гагарин номи билан аталишида ҳам чуқур маъно бор.
Туман марказига 1974 йилда шаҳар мақоми берилган ва Гагарин номи билан аталган. Шаҳарда биринчи космонавтга ўрнатилган ҳайкал Марказий Осиё давлатларидаги энг маҳобатлиси ҳисобланади. 
Юрий Гагарин Ўзбекистонга тез-тез келиб турганини бугун катта авлод вакиллари яхши эслайди. 1961 йилдан 1968 йилгача Ўзбекистонга олти марта келган.
12.JPG
Табиатан ўта самимий ва хушчақчақ бўлган Юрий Гагарин серқуёш диёримизни, унинг халқини севар эди. Турли тадбирларда қатнашиш ва диққатга сазовор жойларни кўриш учун қилган сафарлари давомида кўплаб жамоат, маданият ва санъат арбоблари, ёшлар, оддий одамлар, пахтакорлар орасидан дўстлар орттирган. Ўша даврдаги газета ва журналларда, кинолавҳаларда унинг ўзбек дўпписини кийиб, ўзбекча рақсга тушаётгани акс этган тасвирларни кўплаб учратиш мумкин.
Ўша даврда жаҳоннинг биринчи фазогири билан самимий, дўстона муносабати туфайли туғилган космонавтикага ҳавас авлоддан-авлодга ўтиб келаётир. Айни пайтда Россия фазогирлари сафида Владимир Жонибеков ва Солижон Шарипов борлиги ҳар биримизда ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бугунги учрашувда ҳам космонавтика соҳасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг илдизи чуқурлиги, уни янада ривожлантириш учун имкониятлар кенглиги алоҳида таъкидланди.
Делегация раҳбари Владимир Анатольевич Шамановнинг ўзи ҳам Мирзачўлда вояга етган. У туман марказидаги Гагарин номидаги 1-умумтаълим мактабини битирган. Айни пайтда Россиянинг таниқли ҳарбий ва сиёсий арбобларидан бири.
– Илм-фандаги буюк ишлар макон ва вақт сарҳадларидан ўтиб, барча замонларда бутун инсониятнинг умумий мулкига айланиши ер юзида тараққиётнинг оддий қонунияти бўлиб келган, – дейди В.Шаманов. – Биринчи бўлиб коинотга парвоз қилган Юрий Гагарин жасорати ҳам бунинг ёрқин намунасидир. Бугун биз 58 йил муқаддам инсон тафаккури ва жасорати туфайли амалга оширилган ана шу тарихий воқеа муносабати билан серқуёш Ўзбекистон заминида учрашиб турибмиз. Тарихда биргаликдаги ютуғимиз, ифтихоримиз бўлган инсон жасорати энди мамлакатларимиз ўртасида илмий, маданий, дўстона ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Россиялик меҳмонлар Мирзачўл тумани ҳаёти билан танишиб, уларда бу ерда амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Меҳмонлар ташриф давомида Гагарин шаҳридаги мамлакатимизда ягона Қозоқ миллий драма театрида бўлиб, ушбу маданият маскани фаолияти билан танишди. Ўтган йили “Обод қишлоқ” дастури доирасида театр биносининг капитал таъмирланиши туман бадиий жамоаларининг ижодий имкониятини янада кенгайтирди. Айни пайтда муассаса биносида театр жамоасидан ташқари турли бадиий тўгараклар ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Айниқса, театр биносида фаолият юритаётган Ўзбек-қозоқ миллий маданий маркази фаолияти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Марказ фаоллари яратилган қулайликлардан фойдаланиб, икки халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
Россиялик меҳмонлар марказ фаоллари билан самимий суҳбат қурди.
Гагарин шаҳрининг янгиланган турар жой ва ижтимоий муассасалари иншоотлари, кўча ва хиёбонларга уйғониш фасли баҳор бахш этган яшариш ва гўзаллик меҳмонларни мафтун этди. Айниқса, шу ерда улғайган, шаҳарнинг олдинги қиёфаси хотирасида бўлган кишилар бу ўзгаришлар кўламини, маҳобатини янада теранроқ ҳис этади.
Муассасаларда, кўчаларда бўлган суҳбатларда бу янгиланиш, ўзгаришлар нафақат шаҳар қиёфасида, одамлар турмуш маданиятида, фаровонлигида ҳам намоён бўлди. Меҳмонлар бу ўзгаришлар одамлар ҳаётидаги ифодасини кўп тармоқли туман поликлиникаси, “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” жамоаларида бўлган учрашувларда янада аниқроқ кўришди.
“Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”да ташкил этилган ҳудуддаги корхоналар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам меҳмонларга жуда манзур бўлди.
– Ушбу чекка ҳудуддаги эришилган муваффақиятлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар натижаси сифатида бизда катта таассурот қолдирди, – дейди Россия қаҳрамони, космонавт Солижон Шарипов. – Бу, албатта, жуда қувончли манзара. Энг муҳими, бу ислоҳотлар изчил давом этмоқда ва унинг самараси одамлар турмушида ўз ифодасини топмоқда.
Катта куч, катта маблағ талаб қилинадиган бу ишнинг одамлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилаётганига гувоҳ бўлдик.
Россиялик меҳмонларнинг Гагарин шаҳри бўйлаб ташрифи кечгача давом этди. Сафар давомида ҳудуддаги катта ўзгаришлар ҳақида самимий суҳбатлар бўлди. 
Т.Бекназаров
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!