Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар марказларини Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳри каби обод ва кўркам, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудларга айлантириш вазифасини қўйган эди. Президентнинг мазкур ташаббуси Пахтакор тумани аҳолиси ҳаётида ҳам мутлақо янги даврни бошлаб берди. Бу ҳақда «Халқ билан мулоқот» Telegram-канали хабар берди.

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда аҳоли сони 72 минг 800 нафарни ташкил этади. Асосий инфратузилма объектлари барпо этилган вақт Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнига тўғри келади. Аммо ўзининг қадоқ қўллари билан ризқ яратган, чўлларни обод қилишда жонбозлик кўрсатган чўлқуварларнинг турмуш аҳволи ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Салкам ярим аср давомида туманда саноат, уй-жой, ижтимоий объектларни бунёд этиш билан боғлиқ арзирли ишлар бажарилмади. Натижада уй-жойларни сақлаш, йўллар инфратузилмаси, коммунал, ижтимоий соҳалардаги ўткир муаммолар юзага чиқиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига, давлат идораларига бўлган мурожаатларининг ошишига олиб келди. Туманда «Обод қишлоқ»,»Обод маҳалла» дастури ҳамда «Илғор ҳудуд» лойиҳасининг изчил амалга оширишга киришилгани моҳиятан ана шундай муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Хусусан, бош режага мувофиқ, туман марказидаги «Дўстлик», «Дилором», «Ғалаба», «Тошкент», «Самарқанд», «Олтинкўл» ва «Сувонобод» маҳаллаларидаги бир ҳолатга келиб қолган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни ўз муддатида якунлаш учун зарур ишчи кучи ва техникалар жалб қилинган.

Олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида туман марказидаги асосий кўча – Шароф Рашидов номидаги кўчанинг аввалги хира манзараси барҳам топиб, қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилмоқда. Шу кўчада жойлашган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Бош режа асосида янги қурилаётган 23 та, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилаётган 49 та, жами 72 та объектнинг салмоқли қисми ҳам ана шу кўчада жойлашган. Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳам дастур асосида замонавий ҳолатга келитирилди. Айни пайтда қайта таъмирланган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган масканда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шароитлар бор.

Пахтакордаги ўзгаришлар жараёнида боғча фаолияти алоҳида ҳисобга олинган бўлиб, шу кунларда 2-сонли мактабгача таълим муассасасида мукаммал таъмирлаш ишлари қизғин паллага кирган. Бунёдкорлар томонидан боғчанинг том ва пол қисмларини янгилаш, деворларнинг ички ва ташқи қисмларини замонавий ҳолатга келтириш билан боғлиқ ишлар бажарилмоқда. 10-сонли боғча ҳар томонлама замонавий ва кўркам кўринишга эга бўлмоқда. Янги барпо этилаётган 160 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасида девор кўтариб том ёпиш, тўсиқларни ўрнатиш ишлари якунланиб, бино фасади ва ички қисмларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ана шундай ишлар 2-, 4-, 31-сонли мактабларда ҳам бажарилмоқда.

«Обод марказ» лойиҳаси асосида Пахтакорда ўнлаб янги савдо, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари, меҳмонхона қад кўтаради, мавжудлари эса бугунги давр талаблари бўйича таъмирдан чиқарилмоқда. Бу, ўз-ўзидан одамларга янги қулайликлар, янги иш ўринлари яратилиши, иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлашда янги имкониятлар юзага чиқишини англатади.

Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Табиийки, бу жиҳат соҳалардаги ўткир муаммоларни ечишда комплекс ёндашув талаб этилади. Нега деганда, Президент Халқ қабулхоналарига туман аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларнинг каттагина қисми айнан мазкур соҳаларга доир ариза ва шикоятлардан иборат. Айни пайтда мурожаатлар таҳлили уй-жой таъминоти ва уй-жой фондининг ҳолати ҳам фуқароларни энг кўп ўйлантираётган масалалар эканини кўрсатмоқда.

Биргина кейинги икки йилда туман марказида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 480 хонадонга мўлжалланган 10 та кўпқаватли ҳамда 60 та уч хонадан иборат икки сотихли арзонлаштирилган намунали уйлар барпо этилгани одамларнинг, айниқса, шу пайтгача уй-жойга эга бўлолмаган кам таъминланган аҳоли қатлам вакиллари, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жойга бўлган талабини қондиришда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Бу йўналишдаги ишлар мазкур йилда ҳам давом эттирилиб, жорий йилда Пахтакорда 2 та 96 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли турар-жой қурилмоқда.

Туман марказидаги маҳаллаларда 1960—1966 йиллар давомида қурилган 88 та барак типидаги уйларда 900 дан зиёд оила, 3 минг 600 дан ортиқ аҳоли оддий маиший шароитлардан ҳам мосуво ҳолда кун кечириб келаётган эди. Номига бошпана вазифасини ўтаб турган бундай уйлар ҳар қандай қоидага солиб кўрилса ҳам ҳаёт хавфсизлиги талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Мана шундай ўта оғир шароитда яшовчи кўп сонли фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда бундай уйларда яшовчи оилалар учун «Олтинкўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 19 гектар, «Олмазор» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 4,2 гектар ер майдонлари ажратиб беришга қарор қилинди. Мазкур янги массивларда 610 та уй барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

«Олтинкўл» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги массив пайдо бўладиган улкан майдонига қозиқ қоқилиб, катта ҳашар ташкил этилди. Пойдевор ўрни белгиланиб, тупроқ ишларига киришилди. Тадбир давомида фуқароларга бу ерда барпо этиладиган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, инсон ҳаёти учун зарур бўлган шароитларни яратиш бўйича қилинадиган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Барак уйларда яшаб келаётган фуқаролар уйлар қурилиши жараёнида бевосита иштирок этиш, шу боис қурилиш майдонига яқин жойдан вақтинча яшаш учун шароит яратиб бериш юзасидан ўз истак ва таклифларини билдиришди.

Туманда 2018–2019 йиллар давомида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 260,5 миллиард сўм бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 133 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Масалан, Беруний кўчасида 5,95 гектар ер майдонда барпо қилинган «Пахтакор текст» МЧЖ ҳам ана шундай замонавий корхоналар жумласидан. Ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона йилига 9 минг тонна толадан қиймати 11 миллиард 250 миллион сўмлик 8,1 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Умумий қиймати 22 миллион 300 минг долларни ташкил этадиган лойиҳа агар тўла қувват билан ишласа, 400 нафар янги иш ўрни барпо бўлади, маҳсулотнинг салмоқли қисми эса асосан Хитой, сўнгра эса Россия, Туркия ва Бельгия давлатларига экспортга йўналтирилади.