» » Фотовидеорепортаж: Дўстликдаги арзон уй-жойлар муаммоси ечимини топмади

Фотовидеорепортаж: Дўстликдаги арзон уй-жойлар муаммоси ечимини топмади

18 апрель 2019 г 3 464 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Мевазор массивида яшовчи 32 хонадонли уйлар вакиллари Жиззах телеканалига шикоят аризаси йўллади.

Унда таъкидланишича 2017 йилнинг ноябрь ойида қурилиш ишлари якунланиши белгиланган икки қаватли арзон уйларнинг таъмирлаш ишлари ҳамон пайсалга солинмоқда. Телеканал мухбири Набижон Эргашев ушбу ариза юзасидан Дўстлик туманида бўлиб у ердаги камчиликларни ўрганиб қайтди.

Аризада қайд этилганидек Дўстлик тумани, Мевазор массивида кам таъминланган, уй-жойга мухтож ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳамда ёлғиз оналар ва боқувчисини йўқотган аёллар учун 2017 йилнинг февраль ойида қад ростлаган иккита 2 қаватли арзон уй-жойларнинг бугунги ҳолати кўздан кечирилганида ҳақиқатдан ҳам камчиликлардан холи эмаслиги кўзга ташланади. Фуқаро Ўткир Усмонов қатор йиллар ижарада яшашдан чарчаган.

Шу боисдан ушбу уйдаги битта хонадон унга ажратилган заҳоти оиласи билан дарҳол кўчиш ҳаракатига тушди. Ўзи бўладими шунча вақт кимларнингдир қош-қовоғига қараб яшашни. Энди оғзи ошга етди деганда унинг қувончи кўпга чўзилмагани ойдинлашди.

Бугунги кунда қурилиши якунланмаган уйлардаги 32 хўжаликдан 14 тасига Ўткир Усмонов каби фуқаролар кўчиб келиб яшашмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда 2 қаватли уйларнинг бирортаси ҳам на табиий газ, ва на ичимлик суви, иситиш тизими, канализация тармоқларига уланмаган. Натижада ошхонадан, ҳожатхона ҳамда ҳаммомдан чиқаётган ифлос сувларнинг бадбўй ҳиди уйга уради. Оқова сувлар усти очиқ ҳандақларга чиқариб қўйилгани боис бу атрофда нафас олишнинг умуман иложи йўқ. Аҳоли кунлар исиши билан турли касалликлар қўзғалишидан ҳавотирда.

Ушбу масала юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжениринг компанияси Жиззах минтақавий филиалининг бош мутахассиси Отабек Қўлдошевга мурожаат қилинди.

- Бу муаммонинг келиб чиқишига сабаб ушбу уй-жойларни қуриш учун Дўстлик туман ҳокимлиги томонидан ажратилган ерлар сизот сувлари яқинлиги туфайли келиб чиқди. Қурилиш ишларини оҳирига етказиш учун ер ишларини бошқа ҳудудда амалга оширишга мажбур бўлдик. Қурилиш ишлари “Silver Fortuna” МЧЖ томонидан амалга оширилган ва тўлиқ якунланмаган. Шу сабабли қурилиш фирмасига нисбатан туман прокуратураси томонидан жиноят иши очилиб, суд ҳукми қабул қилинди. Ҳозирда янги пудратчи томонидан қурилиш ишлари олиб бориляпти. Қолган камчиликлар ҳам 2019 йил 15 апрелга қадар бартараф этилиб, қабул қилиш далолатномаси асосида топшириш белгилаб олинган.

Бош мутахасис Отабек Қўлдошевнинг бу гаплари ҳақиқатдан анча узоқ эканлиги маълум бўлди. Бугун 18 апрель санаси бўлсада ваъда бажарилмай қолди. Аҳоли эса муаммолар ечимини кутиб яна қаерга мурожаат этиш тўғрисида бош қотирмоқда.

Бу борада туман ҳокимлиги мутасаддиларининг жавобини кутамиз.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!