Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Зоминда вилоят ҳокими ўтказган сайёр қабул умидвор қалбларга рўшнолик  улашди (фото)

Зоминда вилоят ҳокими ўтказган сайёр қабул умидвор қалбларга рўшнолик  улашди (фото)

29 апрель 2019 йил
649
0

Зомин шаҳарчасидаги “Сайқал” сайилгоҳида вилоят ҳокими, биринчи сектор раҳбари Эргаш Салиев томонидан сайёр қабул ташкил этилиб, аҳоли мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, “Энг муҳим вазифамиз — мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат”. Ана шу эзгу-мақсад йўлида кенг ислоҳотлар олиб борилиб, давлатимиз раҳбарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Вилоят ва шаҳар, туманларда ташкил этилган секторлар фаолиятида ҳам юридик, жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлашда устувор аҳамият касб этаяпти. Бу эса замондошларимиздан ҳаётга шукроналик ҳиссини кучайтирмоқда. Зоминдаги сайёр қабулда ҳам шу ҳолни кузатдик.

Юзма-юз мулоқотда зоминликлар билан бир қаторда Ғаллаорол, Арнасой, Янгиобод туманларидаги аҳоли вакиллари ҳам иштирок этишди. Микрафон орқали ҳар бир мурожаатчининг муаммоси диққат билан тингланиб, мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

—Ғаллаорол туманидаги Лалмикор қўрғонидан келдим, — дейди Уммат Орзиқулов. — Аҳоли пункти ўз стадионига эга эди. Бугунги кунда у батамом ташландиқ ҳолда. Фарзандларимиз Булунғур, Ўсмат, Жиззахдаги стадионларда мусобақаларга тайёргарлик кўришга мажбур бўлишаяпти.

Мазкур масалани ҳал этиш лалмикорлик ёшларнинг спорт билан шуғулланишларига қулай шарт-шароит яратишга амалий ёрдам бериш вилоят жисмоний тарбия спорт қўмитаси ва тегишли қурилиш ташкилотининг мутасаддиларига юклатилди.

Зомин туманидаги Бешкуби қишлоғида яшовчи — Зомин йўналиши бўйича автобус қатновини йўлга қўйиш, Даштобод шаҳридаги 25-мактаб ўқитувчиси Ёқуб Эгамбердиев билим даргоҳининг бир корпуси бузилишга тушганлиги ўқувчиларга қийинчилик туғдирганлигини билдирди. Ҳар иккала масала ижобий ҳал этилиб, автобус қатнови тез кунларда йўлга қўйилиши, билим даргоҳи учун қўшимча бино қуриш  2020 йил дастурига киритиладиган бўлди.

Даштоботлик Машраб Одилов Ҳамид Олимжон номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги электр трансформаторлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, Музаффар Азимов Зомин тумани Тўрттом қишлоғининг ички йўллари таъмирталаблигини, Абдуазим Бозорбоев аҳоли тоза ичимлик сувидан қийналаётганлигини маълум қилди. Бу масалалар ҳам алоҳида назоратга олинди.

Соғлиғини тиклаш учун амалий ёрдам бериш, уй-жой шароитини  яхшилаш сингари муҳим масалаларни кўтариб чиққан кишиларнинг арзлари ҳам эътибор билан тингланиб, уларнинг талаби албатта қондирилиши айтилганида одамлар юз-кўзларида шукроналик ҳислари балқиди.

Сайёр қабул доирасида меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда Зарбдор, Зомин, Шароф Рашидов, Янгиобод туманлари ташкилотлари ўзларидаги 1000 дан зиёд бўш ўринлари билан иштирок этди.

—Корхонамиз бугунги меҳнат ярмаркасига 200 дан зиёд бўш иш ўринлари билан қатнашмоқда, — дейди “Зарбдор текстил” масъулияти чекланган жамиятининг кадрлар бўлими бошлиғи Снежана Семянкова. — Унумли меҳнат қилиш учун корхонамизда етарли шарт-шароитлар муҳайё, ишчиларга яхшигина маош тўланади.

Бўш иш ўринлари ярмаркаси кўплаб ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилди. Сайёр қабул жараёнида 40 кишига уй-жойга эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатлари топширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 4 нафар юртдошимизга кадастр ҳужжатлари бепул расмийлаштириб берилди.

Хуллас, Зоминдаги сайёр қабул бесамар кетмади. Одамлар вилоят ҳокими билан очиқ мулоқотдан хушнуд бўлиб қайтишди, ҳаётга, келажакка ишончларини мустаҳкамлади.

Турсунбой КАМОЛОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар