» » » Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиевнинг 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам табриги

Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиевнинг 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам табриги

08 май 2019 г 3 337 Комментарии: 0

 Ассалому алайкум, Муҳтарам фахрийлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Аввало барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган, урушдан кейинги меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган Сиз муҳтарам табаррук нуронийларимизни Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан вилоятимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман. 

Азиз нуроний отахонлар ва онахонлар!

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек “Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира-кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр - инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олийжаноблик бағишлайди.”

 

Инсоният тарихида олтмиш миллиондан зиёд одамларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уришида Ўзбекистондан бир ярим миллиондан зиёд ота-боболаримиз узоқ совуқ ўлкаларда Ватан озодлиги учун жанг қилишди. Уларнинг сафида 39 620 нафар Жиззахнинг мард ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан ғалабага ўз ҳиссаларини қушишди.

Бугун вилоятимизда қирқ мингга яқин иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 35 нафари ва 942 нафар уруш орти меҳнат фахрийлари эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқдалар.

Сизларнинг сафимизда эсон-омон, бардам бўлиб, барчамизга маънавий мадад бериб, ибрат бўлаётганингиз учун Сизларга узоқ умр тилаб, ҳурмат бажо келтириш барчамизга катта мамнуният бағишлайдиган савоб ишдир.

Сизлар каби пиру бадавлат инсонларнинг борлиги учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Чунки Сиз мамлакатимизнинг яқин тарихида инсонлар хотирасида ўчмас из қолдирган Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг оғир кунларига яраган, мамлакатимизни бугунгидай чароғон дамларга етказишга жонингизни тиккан табаррук инсонларсиз.

Фашизм деган ёвуз бало бош кўтарган мудҳиш ва суронли йилларда Сиз азиз жонингизни аямасадан, Ватан ҳимояси ва озодлиги йўлида мардона курашдингиз. Сизлар каби минг-минглаб мард ота-боболаримиз, оналаримизнинг матонати ва жасорати инсониятни ҳалокатдан асраб қолди.

Бугун мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам жуда катта бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида дейсизми, саноатни оласизми ёки қурилиш соҳасини кўринг, барча-барча жабҳаларда кенг кўламли янгиланишлар кетаяпти.

Бунинг бош сабаби Мустақиллигимиз ва осмонимиз мусаффолигидандир.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек “Бугунги кунда Сизлар биз учун дона маслаҳатгуй, тоғдай таянч бўлиб турибсиз. Халқимизни рози қилиш учун барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз амалий ишларингиз, дуоларингиз билан мадад бериб келаётганингизни биз юксак қадирлаймиз. Сизларнинг мардлик ва матонатингиз, меҳнат жасоратингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади.”

 

Азизлар! 

 

Бугун мамлакатимизда буюк тарихий сана, яъни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонилган куннинг 74 йиллиги Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2019 йил 23 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, шаҳар ва қишлоқларимизда кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш асносида Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши жангларда қатнашиб жасорат кўрсатганлар ва шу ўринда кўплаб уруш орти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш чоралари кўрилди.

Бугун мана шу майдонда Афғонистондаги жанг майдонларида диний экстремизм ва терроризмга қарши жангларда ҳалок бўлган 36 нафар ва
6 нафар мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган йигитларимизнинг номи хотира китобига киритилиб абадийлаштирилди.

Айни дамларда ушбу санага бағишланган тантана-ю, тадбирлар вилоятимизнинг барча жойларида алоҳида кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Хусусан, маҳаллий ҳокимликлар, маданият ва спорт ишлари, мудофаа ишлари бошқармалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамда бошқа бир қатор нодавлат ташкилотлари бу санани кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар билан қарши олишаяпти, уруш ва фронт фахрийлари ҳолидан хабар олинаяпти.

Ёшларимиз учун вилоятимиз марказида ҳарбийлар томонидан Иккинчи жаҳон урушидаги  ҳарбий техникалар паради намойиш этилмоқда.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 23 апрелида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан ҳозирда вилоятимизда умургузаронлик қилаётган 35 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тантанали тарзда Юртбошимизни табриклари, бир марталик етти миллион беш юз минг сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари  топширилди.

Ушбу кун шарофати билан вилоят, шаҳар, туман марказлари ва қишлоқлардаги “Хотира” майдонлари, қатор муқаддас қадамжолар, аждодларимиз ҳоки ётган зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда уларнинг атрофлари тартибга келтирилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Энг қувонарлиси, бу хайрли ва савобли ишга барча бош қўшмоқда.

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари! 

 

Жонажон Ўзбекистонимиз эришаётган, дунё тан олаётган марралар, халқимиз қўлга киритган улкан натижаларнинг негизида турган асосий омил мустақиллик даврида одамларимизнинг дунё қараши, ҳаётга, меҳнатга, ўз касбига бўлган муносабати кескин ўзгариб бораётганида яққол намоён бўлмоқда.

Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланиб, кўпмиллатли мамлакатимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тобора кенг қарор топаётганини таъкидлаш ўринлидир.

Бугунги қутлуғ айёмда ота-боболаримизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, Ватан ҳимояси йўлида ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилаётган мард ва жасур аскарларимизга, офицер ва Ватанимиз поспонларига вилоятимиз аҳли номидан ҳамда ўз номимдан самимий миннатдорчилик изҳор этаман. 

Яна бир бор фурсатдан фойдаланиб, уруш қатнашчиларини, муҳтарам фахрийларимизни, ҳамюртларимизни  бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор муборакбод этаман. Барчангизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат ҳамиша ҳамроҳ бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!