Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Ислоҳотлардан кўзланган мақсад аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган

Ислоҳотлардан кўзланган мақсад аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган

17 май 2019 йил
80
0

Вилоят ҳокими Эргаш  Салиев раислигида  навбатдаги  идоравий йиғилиш   бўлиб ўтди.

Дастлаб жорий йилнинг март-апрель ойлари давомида вилоят 1-сектори раҳбари томонидан Шароф Рашидов номли,  Дўстлик ва Зомин туманларида  ўтказилган сайёр қабулда аҳоли  мурожаатлари ечими юзасидан амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

— Қабул жараёнида  Шароф Рашидов тумани бўйича 115 та, Дўстликда— 100 та, Зомин туманида  73 та мурожаат келиб тушди, — дея таъкидланди анжуманда.—Лекин ҳар учала ҳудудда ечимини топмаган 28 та мурожаат мавжуд. Туман ҳокимликлари, мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари  аҳолининг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш учун бутун куч ва имкониятларини ишга солишлари талаб этилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги Фармони асосида уйма- уй юриш тизими йўлга қўйилганлиги, бу ўз навбатида секторлар зиммасига ҳам катта масъулият юклаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Ўтган давр  мобайнида айнан шу йўл билан вилоят бўйича аҳолининг 28 минг 879 та муаммоси аниқланиб, уларнинг 24 минг 352 таси  ҳал қилинди. Вилоят 1- сектори бўйича 79,2 фоиз муаммо ўз ечимини топган бир пайтда Зарбдор, Зомин, Арнасой, Бахмал ва Фориш туманларининг ҳокимлари раҳбарлик қилаётан секторларда  паст кўрсаткичларга эришилди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда 2-, 3-, 4-секторларда жиддий камчиликлар мавжудлиги  айтиб ўтилди. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари  тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилиши ҳақида”ги масала муҳокамасида ҳар бир хат ортида инсон тақдири ётганлиги, аризаларга ўз вақтида ижобий ечим топиш аҳоли кайфиятини кўтаришда муҳим омил эканлигига урғу берилди.

Жорий йилнинг 1 январидан 11 майига қадар Президентнинг Халқ ва виртуал қабулхоналарига вилоятимиз бўйича 3738 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 130 таси такрорий мурожаатлардир. Шароф Рашидов, Мирзачўл туманлари, Жиззах шаҳрида такрорий мурожаатлар сони кўпайганлиги ачинарлидир.

Кенг қамровли ислоҳотларнинг асл моҳияти одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига  қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг 30-31 март, жорий йилнинг 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи кўпдан-кўп истиқболли лойиҳаларга йўл очди. Идоравий йиғилишда Президент кўрсатмаларини бажаришда фидойилик, ташаббускорлик етишмаётганлиги танқид қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга  қаратилган  бешта ташаббус ҳаётга оғишмай татбиқ қилинмоқда. Лекин бу борадиги ишлар Арнасой туманида ўз ҳолига ташлаб  қўйилганлиги очиқ, ошкора танқид қилинди. Туман мутасаддиларнинг эътибори ёшларни маданият ва санъат муассаларига, жисмоний тарбия ва спортга, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга жалб этиш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилди. Бешта ташаббус ижроси юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни кўриш бугунги куннинг муҳим талаби эканлиги уқтирилди.

Идоравий йиғилишда, шунингдек, инвестицион лойиҳалар ижроси, ҳудудий экспорт топшириқларининг бажарилиши, мактабгача таълим муассасаларига болаларни жалб қилиш даражасини ошириш, намунавий лойиҳадаги арзон уй- жойлар учун бошланғич бадал тўловларининг шакллантирилиши ва бошқа  масалалар ҳам қараб чиқилди. Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан идоравий йиғилишнинг тегишли баённомаси қабул қилиниб, топшириқларни бажаришнинг аниқ муддатлари  белгилаб берилди.

                                                                            

                                                                                 Турсунбой КАМОЛОВ 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар