Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Ковул – оёғимиз остидаги хазина

Ковул – оёғимиз остидаги хазина

20 май 2019 йил
1 399
0

Ковул ўсимлигини халқимиз кавар ҳам деб атайди.

Мутахассислар бу номнинг келиб чиқишини Эрондаги Дашти Кавир чўли билан боғлашади. Боиси ковул ушбу ҳудудда энг кўп учрайдиган ўсимлик ҳисобланаркан. У Франция, Испания, Италия, Жазоир ҳамда Кипрда, Греция ва Шимолий Америкада маданийлаштирилган. Юртимизнинг тоғ ён-бағрли ҳудудларида эса табиий ҳолда ўсади. Жумладан вилоятимизнинг Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов, Андижон вилоятининг Булоқбоши, Наманган вилоятининг Чуст в Косон туманлари, Тошкент вилоятининг тоғолди ҳудудларида кўплаб учратиш мумкин.

Ер бағрлаб ўсадиган ушбу тиканли бута жой танламайди, сувсизликка ва совуққа чидамли. Май ойидан то октябр ойигача ўсади. Дона-дона бўлиб гуллайди. Сўнгра бир уяли гўштли реза мева беради. Икки паллали ушбу мева худди тарвузга ўхшайди.

Ковул илдизидан баргигача шифобахш ўсимлик ҳисобланади. Бундан ташқари у чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳамдир. Ковул фармацевтика саноатида қимматбаҳо хом ашё сифатида жуда қадрли. Меваси таркибида сапонинлар, алколоидлар, углеводлар, аскорбин кислота, мой, илдиз пўстлоғида стахидрин алкалоиди мавжуд. Эрта баҳорда кавлаб олинган илдизи қуритилиб, аллергияга мойил беморлар учун дори тайёрланади. Гуллаш мавсумидан олдин ҳам аллергияга эм бўладиган қайнатма қилинади. Янги кесиб олинган ва чой қилиб дамланган ковул шохлари жуда яхши антисептик восита ҳисобланади. Унинг бу хусусиятларидан араблар ва қадимги юнонлар фойдаланишган. Юртимизда эса тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ушбу наботот туридан кўплаб хасталикларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усулларини ёзиб қолдирган.

Манбаларда қайд этилишича, ковулнинг илдиз қисмидан олинадиган дамлама гепатитга шифо бўлса, пояси ва барги тери касалликларига эм бўлади, меваси таркибидаги йод бўқоқдан азият чекадиган инсонларга наф келтиради. Жаҳон фармацевтика саноатида мазкур тавсиялар асосида дорилар тайёрлаш кенг йўлга қўйилган.

Халқ табобатида ҳам ковулдан фойдаланиб келинган. Асосан йирингли яраларни, шунингдек, стенокардияда, тиреотоксикоз, бавосил, қандли диабет касаллигини даволашда ҳам қўлланилган.

Ковул озиқ-овқат саноатида ҳам ишлатилади. Ҳиндулар унинг меваси қўшиб тайёрланган таомларни хуш кўриб истеъмол қилишса, француз ошхонасида маринадланган ковул гул-куртаклари жуда муҳим зиравор ҳисобланади. Ўзимизда эса илгари ковул «тарвузча»лари қуритилиб, қишда қанд ўрнида фойдаланилган.

Итальянча усулда совуқ димланган бузоқ гўшти – вителлотоннат билан бирга, албатта, таркибида ковул бўлган «тоннато» қайласи тортилиши керак. Буюк Британияда эса қўй гўшти хушхўрлигини оширишда ковул қўшилган қайноқ қайладан фойдаланилмаса, мижозларни йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас экан.

Президентимиз томонидан ковул етиштиришни йўлга қўйиш, унинг илмий асосларини ишлаб чиқиш, экспортга чиқариш механизмини яратиш юзасидан вазифалар белгилаб берилмоқда. Айниқса, бу борада туманимизда жуда катта имкониятлар мавжуд.

Ковулчилик – истиқболли тармоқ. Боиси, уни йўлга қўйиш ортиқча маблағ ва ресурс талаб этмайди. Деҳқончасига айтганда, беор ўсимлик. Илдизи бақувват эмасми, ўн беш йилгача яшаб мева бераверади.

Бу бой хусусиятларга эга ўсимликни маданийлаштириш, парваришлашни йўлга қўйиш учун унинг агротехникаси сир-синоатларини ҳам чуқур ўрганиш зарур.

Мутахассисларнинг таъкидлашича ковул уруғини бевосита далага экиш ёки иссиқхонада кўчатлар тайёрлаб ўтказиш йўли билан кўпайтириш мумкин экан. Биринчиси оддий, уруғи тупроққа қадалади. Кейинги йўл эса иссиқхонада амалга оширилади. Аниқроғи плёнка тувакчаларда кўчатлар тайёрланади ва ерга ўтқазилади. Уруғдан кўпайтирилганда эса очиқ тупроққа сочилади. Парвариши ҳам оддий, вақтида чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади.

Ковул ўсимлиги уч йилда ҳосилга киради. Бир гектар ерга 1600 туп кўчат жойлаштириш мумкин. Аҳамиятлиси шундаки, ковул ёз бўйи куртак ёзади. Ҳали очилмаган, 10 миллиметрдан катта бўлмаган, думалоқ, қаттиқ куртаклари энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади. Улар 8-10 кун оралиғида фақат қўлда териб олинади. Шу боис у жаҳон бозорида қиммат нархларда сотилади. Ўсимликнинг яхши ривожланган бир тупидан ҳар теримда 3 килограммгача ҳосил олинар экан. Мавсум якунида бу кўрсаткич ўртача 7,5 килограммни, гектарига чақилганда 12 тоннани ташкил этади. Жаҳон бозорида бир килограмми 1,5 АҚШ долларидан бошланишини инобатга олсак, шунда бир йиллик умумий даромад ўртача 18 минг АҚШ долларини ташкил қилади.  Бу кўрсаткич кейинги йилларда ортиб бораверади.

Бу ҳисоб-китоб хом мевага асосланган. Холбуки, унинг қайта ишлангани баҳоси бунданда юқори бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўрни ва аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳар бир оилада ковулчиликни ривожлантиришни йўлга қўйиш ҳар бир оиланинг яхшигина даромадга эга бўлишини таъминлайди.

Дарвоқе, ўсимликнинг гули нектарга бой бўлиб, бол ариларни ўзига мафтун этади. Демак, ковулчиликни ривожлантириш яна бир неча тармоқлар истиқболига, кўплаб янги иш ўринлари очилиши, қўшимча даромад манбаи яратилишига кенг йўл очади.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар