» » Пахтакор туманида мини технологиялар ярмаркаси ўтказилди

Пахтакор туманида мини технологиялар ярмаркаси ўтказилди

24 май 2019 г 2 082 Комментарии: 0

Президентимиз томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Олиб борилаётган тизимли тадбирлар натижасида тижорат банклари томонидан оилаларга тақдим этилаётган кредит маблағлари аниқ мақсадларга йўналтирилмоқда. Яъни, хонадонларда тикувчилик, тўқувчилик ишларини йўлга қўйиш, иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари боқиш, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик билан шуғулланиш ва бошқа қатор йўналишларда тадбиркорликни ривожлантириш имконини бермоқда.

Пахтакор туманида ўтказилган “Мини технологиялар ярмаркаси”дан кўзланган мақсад ҳам оилавий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этди. 

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида уюштирилган мини технологиялар ярмаркаси  вилоят ҳокимлиги, савдо-саноат палатаси  ҳудудий бошқармаси, вилоят марказий банк бошқармаси ва Пахтакор тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, туман-шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, тижорат банклари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган ярмаркани  Пахтакор туман ҳокими Ш.Бобоев қисқача кириш сўзи билан очди.

Ярмаркада иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Н.Абламуродов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти, ундан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида гапирар экан, ҳар бир хонадонда  оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш аҳолига энг замонавий мини технологиялар етказиб беришни тақозо этишини,  арзон, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириши оилавий даромадларини ошишига, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳисобига худудда йирик тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали янги иш ўринларини яратиш имконияти пайдо бўлишини алоҳида таъкидлади.

Ярмаркада 650 нафардан зиёдроқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. 60 дан зиёд таъминотчи корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари—мини технологиялар, енгил конструкцияли иссиқхоналар, тикувчилик дастгоҳлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналари, наслли мол, қўй, эчки, қуён, товуқ, курка, туяқуш ва бошқа ишлаб чиқариш асбоб-анжомлари билан иштирок этдилар.

—Бугунги ярмаркада 30 турдаги мини технологиялар билан иштирок этаяпмиз,—дейди “Techno World” компаниясининг вилоятимиздаги вакили  Мирзаали Мирзаолимов. —Вилоятингизда фаолият олиб бораётганлиги-мизга  бир ярим ойдан ошди. Қисқа даврда оилавий тадбиркорликка қўл урган фуқароларга 100 дан ортиқ энг замонавий озиқ-овқат, дори-дармон ишлаб чиқариш ускуналари,  қишлоқ хўжалик экинларига ишлов берувчи мини тракторлар, дуродгорлик, темирчилик, енгил саноат, қурилиш ва қадоқлаш технологиялари етказиб берилди.

Ишлаб чиқарувчилар ярмарка давомида кўргазмага қўйилган мини технологиялардан қандай фойдаланиш тўғрисида  иштирокчиларга батафсил тушунча бердилар. Энг муҳими шу ернинг ўзида мини технологияларни сотиб олиш истагида бўлганларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди.

—Ўзим ўқитувчиман, лекин 2 келиним ишсиз,—дейди Пахтакор туманидаги Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи  Жамила Ортиқова. —Ярмаркада иштирок этиб, мини технологиялар билан танишдим. Эътиборимни нон ва қандолат маҳсулотлари пишириш ускуналари тортди. “Агробанк”нинг Пахтакор туман филиали мазкур технология учун 30 миллион имтиёзли кредит ажратадиган бўлди.

Ярмарка  иштирокчилар учун ҳам, ташкилотчилар учун ҳам фойдали бўлди. Ярмаркага қўйилган мини технологиялар,  чорва моллари, паррандалар  иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тижорат банклар 175 нафар фуқаролар билан  уч томонлама шартномалар имзолади. Оилавий тадбиркорликни бошламоқчи бўлганларга шу куннинг ўзида 2,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар расмийлаштирилди.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!