» » Зарбдор туманида арпанинг гектаридан 68 центнердан ҳосил олинди

Зарбдор туманида арпанинг гектаридан 68 центнердан ҳосил олинди

03 июнь 2019 г 1 560 Комментарии: 0

Зарбдор туманидаги Искандар Тоштемиров раҳбарлик қилаётган “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги 25 гектар майдонда етиштирган арпа ҳосилини тўлиқ йиғиштириб олди. Ҳосилдорлик гектарига 68 центнерга етди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосилни аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори асосида жорий йилда ғалланинг давлат нархлари ҳосилдорликка қараб белгиланади. Энди ҳосилдорлик қанча юқори бўлса, давлатга сотилган ғалла нархи шунча баланд бўлади.

Ҳукуматимиз қарори асосида ғалла ҳосилдорлиги гектарига 41 центнергача бўлганда ҳар бир тоннасига 1 минг 200 сўм, 51 центнергача 1320 сўм, 61 центнердан ошганда 1 минг 500 сўмдан харид қилиниши белгилангани яхши меҳнат қилиб, юқори ҳосил етиштирган фермерларнинг даромадини оширади.

Арпадан юқори ҳосил етиштирган “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги ушбу Низомга мувофиқ, ҳар тонна маҳсулот учун энг юқори ҳақ олади. Фермер агротехник талаблар асосида парваришланган 149 гектар майдондаги буғдойнинг “Краснодар-99”, “Чиллаки” навларидан ҳам юқори ҳосил олишни мўлжаллаб турибди.

– Ҳукуматимиз томонидан ғалланинг давлат харид нархларини ҳосилдорлик ошишига қараб белгилаш тартибининг жорий этилиши ғаллакорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўлди, – дейди фермер И.Тоштемиров. – Бу йил давлатга 522 тонна дон сотиш бўйича контрактация шартномаси тузганмиз. Дастлабки натижа – арпа ҳосили ишончимизни оқлади. Апробация натижалари буғдойимиз ҳосили ҳам мўлжалдан анча юқори эканини кўрсатди. Элимиз ризқи бўлган ғалланинг мўл бўлиши уни етиштирган фермер даромадини ҳам оширади.

Вилоят ғаллакорлари бу йил 102 минг 500 гектар сувли, 68 минг гектар лалми майдондаги ғалла ҳосилини йиғиштириб олади. Кўкламда нам кўп бўлиши, парваришлаш ишлари агротехник талаблар асосида бажарилгани натижасида барча ғалла майдонларида мўл ҳосил етиштирилди.

Вилоят бўйича ўрим-йиғим мавсумида қатнашадиган 347 та ғалла ўриш комбайни мавсумда узлуксиз ишлаши учун тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди. Айни пайтда пишиб етилган майдонларда ўрим-йиғим бошлаб юборилди.

Т.БЕКНАЗАРОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!