» » Жиззахнинг “SEVINCH” адвокатлар ҳайъати республика босқичида ғолиб бўлди

Жиззахнинг “SEVINCH” адвокатлар ҳайъати республика босқичида ғолиб бўлди

07 июнь 2019 г 2 505 Комментарии: 0

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан ўтказилган республика танловида Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган “SEVINCH”  адвокатлар ҳайъати “2018 йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси” номинацияси бўйича ғолиб бўлиб, диплом билан тақдирланди.

Ушбу ҳайъат адвокатларнинг 2008 йил 7 августдаги таъсис йиғилиши қарори билан адвокатлик фирмаси сифатида таъсис этилганди. 2013 йил 15 январда тузилманинг шакли ўзгартирилиб, “SEVINCH”  адвокатлар ҳайъати сифатида рўйхатга олинган. Айни пайтда ҳайъатда 11 нафар малакали адвокат фаолият кўрсатмоқда. Улар кўрсатаётган юридик хизматдан жисмоний ва юридик шахслар миннатдор бўлишаяпти.

Ўтган йили 831 та жиноий, маъмурий,  фуқаролик ҳамда бошқа ишларда иштирок этган адвокатларнинг муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Малакали адвокатларнинг саъй-ҳаракатлари билан 5 та шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилишига эришилган. 3 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатиш рад этилишига ёки тугатилишига эришилиб, 4 нафар айбланувчи қилмишининг тавсифи унинг фойдасига ўзгартирилган. Фуқаролик ишлари бўйича 44 та даъво ишлари қаноатлантирилган. 8 та суд қарорлари бекор қилиниб, ишонч билдирган шахслар фойдасига ўзгартирилди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга 42 та шартномалар бўйича ҳуқуқий хулосалар берилган. Жорий йилда 34 та ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилди. Ҳайъат адвокатлари суриштирув, тергов ва суд ишига боғлиқ бўлмаган 159 та бепул маслаҳатлар беришган. Албатта бу кўрсаткичлар замирида одамларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланган ҳуқуқшуносларнинг машаққатли меҳнати мужассам. Адвокатлар доимий равишда билим ва малакаларини оширишга интилишади. Ўтган йили 5 нафар ҳайъат аъзоси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида малакасини ошириб келди.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони бизни янада фаол ва самарали фаолият олиб боришимизга шароит яратди,—дейди “SEVINCH” адвокатлар ҳайъати бошқарувчиси Абдували Норбоев.— Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг роли ҳамда аҳамиятини кучайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган ушбу Фармон фаолиятимизга қўлланма бўлмоқда.—Ушбу ютуққа эришишимизда адвокатлар Жумагул Пўлатова, Ленура Абдукеримова, Неъмат Бобожонов,  Акмал Боймуродов, Хамидулла Хамдамов, Қаҳҳор Маллаев, Абдулла Ахмедов, Жасур Ахбутаев, Эрмон Нормуродовларнинг ҳиссаларии катта. Ғолиблик албатта жамоамизга катта масъулият юклайди. Келгусида бор билимимиз, куч-ғайратимизни фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга сафарбар этамиз.

Васил ИЛЁСОВ.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!