» » Жиззахда тиббиётнинг аҳволи қай даражада?

Жиззахда тиббиётнинг аҳволи қай даражада?

10 июнь 2019 г 2 030 Комментарии: 0

Айни пайтда Жиззах вилоятидаги аҳоли сони 1 млн 330 мингдан ортиқ кишини ташкил қилмоқда. Шундан 200 мингдан ортиқ аҳоли Шароф Рашидов туманида истиқомат қилади.

Хўш, бугун туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган шошилинч тиббий ёрдам хизмати қай даражада ўзини оқламоқда? Аҳолининг барча қатламлари тиббий хизматдан фойдаланиши учун етарли даражада шароит яратилганми?

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Абдували  Жонибеков шу каби саволларга атрофлича жавоб берди.

Унинг таъкидлашича, Жиззах вилояти шошилинч тиббий ёрдам тизими – РШТЁИМнинг ҳудудий 220 ўринли филиали ҳамда туманлардаги жами 225 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидан ташкил топган. Вилоятда хирургик реанимация бўлими йўқ. Жорий йилда ўринлар сони 250 тага оширилиб, қўшимча 12 ўринли хирургик реанимация бўлими барпо этилиши белгиланган. Ҳозирда янги курилиш ва реконструкция ишларининг лойихаси ишлаб чиқилиб,  ҳаётга татбиқ этилмоқда.

“Вилоят бўйича барча турдаги алоқа воситаларидан “103” ракамига бўлган қўнғироқлар тўғридан-тўғри “Сall маркази”га келиб тушади. 2018 йилда вилоят бўйича “103” хизмати чақириқлари сони 364912 тани ташкил этган. Бугунги кунда марказнинг техник ҳолати қониқарли бўлгани билан бинолар капитал таъмирга муҳтож. Бинонинг иситиш тизими, электр тармоқлари, иссиқ ва совуқ сув тармоқлари, оқова сув қувурлари аянчли аҳволда”, – дея қўшимча қилди у.

Маълум бўлишича, вилоятда соҳага оид бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. Жумладан, туман тез тиббий ёрдам бўлимлари бугунги кун талабига жавоб бермайди, капитал таъмирга муҳтож. Қолаверса, малакали мутахассислар ҳам етишмайди. Мисол учун, шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида асосий врачлар таъминоти 52фоизни, тез тиббий ёрдам бўлимларида 29 фоизни ташкил этади. Мутахассислар асосан ўриндош врачлар ҳисобига тўлдирилмокда.

Йиғилиш давомида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш сўнгида ушбу масалалар юзасидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришга келишиб олинди.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!