» » Жиззахда солиқ ва божхона тўловларидаги имтиёзлар бўйича семинар ўтказилди

Жиззахда солиқ ва божхона тўловларидаги имтиёзлар бўйича семинар ўтказилди

10 июль 2019 г 1 915 Комментарии: 0

2019 йилнинг 10 июль куни Жиззах вилояти ҳокимлигида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти иштирокида ўқув семинари бўлиб ўтдиҚўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев иштирок этган семинарга вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, импорт фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, ҳисобчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Семинарда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли фармони мазмун-моҳияти юзасидан солиқ тўловчиларга тушунчалар бердилар.

Жиззах вилоятида 2019 йил 1 октябрдан дастлабки маълумотларга асосан солиқ режими ўзгарадиган жами 2420 (2162 та фермер хўжаликлари, 204 та импортёрлар, 54 та АЁҚШ) солиқ тўловчиларнинг рўйхати шакллантирилган. Уларнинг ҳар 10 тасига биттадан жами 161 та солиқ ва молия ходимлари бириктириб чиқилди.

Энди бевосита Фармон мазмун-моҳиятига ўтадиган бўлсак, 2019 йил 1 августдан бошлаб:

ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкин;

календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши белгиланди.

Шу билан бирга, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

- бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;

- товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси тушуми миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;

- қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан, импорт қилинганда ҳам имтиёзлар бекор қилинади:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

- юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Фармонда қайд этилишича, қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида:

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган
озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади;

пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, мазкур фармон асосида имтиёзлар билан боғлиқ бошқа ўзгаришлар ҳам кучга кириши белгиланган. Семинарда мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!