Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Ўзгаришлардан юртимиз обод, турмушимиз фаровон бўлмоқда

Ўзгаришлардан юртимиз обод, турмушимиз фаровон бўлмоқда

11 июль 2019 йил
101
0
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! 

 
2019 йил 8 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарори билан юртимизга байрам шукуҳи кириб келди.
Бу йилги байрамнинг ўтказилишидаги янгилик “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиорининг ўзигина эмас. Бу сана юртимизда амалга оширилаётган катта ўзгаришлар йўлидаги нурли бекат сифатида тарихда қолишидир.
Ҳар гал вилоят марказига йўлим тушса, бирор катта янгилик кўраман. Куни кеча Жиззах темир йўл вокзали ёнидаги Улуғбек маҳалласида қурилган янги, кўп қаватли уйларни кўриб, тўғриси, ҳайратимни яшира олмадим. Баҳорда бу ерда бўлганимда “эски уйлар бузилиб, ўрнида кўп қаватли уйлар қурилармиш” деган гапдан бошқа янгилик эшитмагандим. Орадан тўрт ой ўтар-ўтмас 11 та янги уйдан иборат каттагина янги массив пайдо бўлибди.
Кейинги йилларда мамлакатимиз шаҳару қишлоқлари қиёфасида юз берган катта ўзгаришларни юртимизнинг барча ҳудудлари каби Жиззах вилоятида ҳам кўриб турибмиз. Вилоят маркази бундан икки-уч йил аввалгига қараганда ўзига хос кўринишга эга шаҳарга айлангани бир қарашдаёқ кўзга ташланади.
Президентимиз жорий йил 30-31 январь кунлари вилоятга ташрифида Жиззах шаҳри ва барча туманлар марказини обод қилишни шу йилнинг ўзидаёқ якунлаш вазифасини қўйган эди. Шундан сўнг Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармони билан вилоятда “Илғор ҳудуд” лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Кўриб турганларим ана шу қарорда белгиланган вазифалар ижросидан бири эди.
photo5276251853396487239.jpg
Бундай катта ўзгаришлар фақат Жиззах шаҳрида эмас, барча туман марказлари, жумладан, Пахтакор тумани марказида ҳам яққол кўриниб турибди. Шу кунларда туманимиз маркази тўлиқ қайтадан қурилаётир.
Президентимиз ташаббуси билан республикамизда биринчи бўлиб намуна сифатида Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида амалга оширилган ва кейин Мирзачўлда катта муваффақият билан давом этган республика “Обод қишлоқ” дастури туманимизга ҳам етиб келганини одамлар зўр мамнуният билан қаршилашди.
Туман марказидаги 1960-1966 йилларда қурилган 56 та кўп қаватли уй таъмирланиб, 88 барак уйда истиқомат қилувчи оилалар учун тўртта массивда бош режа асосида 950 та якка тартибда янги турар-жойлар барпо этилмоқда. Айни кунларда туман маркази кун сайин ўзгариб, кўркамлашиб бораётир.
Уйлар янгиланиши билан бир вақтда массивларда ичимлик суви, электр, газ узатиш тармоқлари, кўчалар, йўллар қайта қурилаётир ёки таъмирланмоқда. Болалар боғчалари, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда.
Бу бунёдкорлик давомида болаларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, аёллар учун пазандалик, тикувчилик, қандолатчилик ўқув курслари ташкил этиш, уй-жойларни, қишлоқ йўлларини, таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш учун банк кредити ажратиш каби долзарб ишлар қисқа муддатда амалга оширилмоқда.
Яширишдан не ҳожат, яқин йилларгача бу соҳаларга эътибор сустлиги оқибатида аҳолининг турмуши бугунги тараққиёт мезонларидан анча ортда қолган эди. Бундан бир неча йил аввалги ҳаётни кўз олдимизга келтириш билан бу ўзгаришларни амалга ошириш нечоғли ўткир заруриятга айлангани аниқ намоён бўлади.
photo5276251853396487240.jpg
Шу ўзгаришлар қаторида давлатимизнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга эътибор, соҳани ислоҳ қилишда, хусусан, кластер тизимининг жорий этилаётгани қишлоқ ҳаётининг тубдан янгиланишига олиб келмоқда. Ана шу ўзгаришлар туфайли шу кунларда ғалладан бўшаган майдонларга иккинчи экин экиш ҳар йилгидан қизғин бораётир.
Шу мақсадда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида ташкил этилган жамғармадан кредит маблағи ажратилиши такрорий экин экишда деҳқонларга катта мадад бўлди. Айни кунларда вилоят бўйича ғалладан бўшайдиган 73 минг 463 гектар ер майдонига такрорий экин экиш жадал олиб борилаётир. Ердан самарали фойдаланишдаги бунчалик кенг кўламли иш вилоят тарихида биринчи марта амалга оширилаётир. Деҳқон манфаатини, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган бу иш ҳам амалга оширилган катта ўзгаришларнинг самараси, албатта.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар барча ҳудудларда, барча соҳаларда амалга оширилаётгани руҳимизни кўтариб, турмушни яхшилаш учун ҳаракатга рағбат, эртанги кунга умид ва келажакка ишончни кучайтирмоқда. Шу боис халқимиз Истиқлол байрамини ўз ҳаётларидан, давлатидан рози ҳолда қаршилаётир.
Анорбой ЭШМАТОВ,
Сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони, 
Пахтакор туманидаги “Анвар-А” фермер хўжалиги раҳбари, 
вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши раиси.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар