Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Гарашалик тадбиркор 

Гарашалик тадбиркор 

26 июль 2019 йил
175
0

Фориш тумани Гараша қишлоғи туман марказидан 50 километр олисда жойлашган.

Асосан лалми деҳқончилик билан шуғулланувчи маҳалла аҳолиси ҳам 10 000 кишига етиб қолди. Шунча одамга бир нечта савдо дўкони, маиший хизмат кўрсатиш уйлари жуда зарур. Ахир битта бурама михни деб туман марказига бориб келиш кимга ёқади?

Асли Гараша қишлоғида туғилган, ҳозирда Жиззах шаҳрида яшаса ҳам қариндош-уруғлари баҳона қишлоққа тез-тез келиб турувчи Баҳодир Исабеков олис ҳудуд аҳолисининг муаммоларини яхши тушунади. У «Biznes city» масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Жиззах давлат педагогика институтининг таълимда ахборот технологиялари кафедрасининг ўқитувчиси.

Асосий иш жойи бўлгани ҳолда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланишни, давр билан ҳамнафас бўлишни лозим топди. Бунда унинг республика солиқ коллежида таҳсил олгани, кўп йиллар вилоят давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар ҳокимлигида ишлагани ҳамда ҳаётий тажрибалари қўл келди.

Баҳодир бизне режа ишлаб чиқаётганида аҳоли гавжум, пул тушуми кўп бўлган шаҳар маркази эмас, ота қишлоғини обод этишга эътибор қаратди. Унинг режаси бўйича 2020 йил якунига қадар «Гараша» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла гузари, савдо дўкони, аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, компьютер хизматлари маркази ва китоб дўкони очилади. Бундан сўнг тикувчилик цехи қурилиб, дастгоҳлар билан таъминлангач, 10 нафар қиз-жувонлар ишли бўлишади. Қурилиш ишлари аллақачон бошланган, бинолар пойдевори қўйилмоқда.

Лойиҳанинг асосий қисми эса 85 гектар майдонда токзор барпо этишдир. – 20 гектар майдон экишга тайёрлангач, сим тўсиқ билан ўралди. У ерга узумнинг оқ чўп навидан экдик. Шу йил баҳорда экилган 6000 туп узум кўчатлари дарров ҳосилга кирди, – дейди Баҳодир Исабеков. – Бу навнинг ҳосили жуда баракали, ширадорлиги юқори. Экспортбоплигидан ташқари майизи ҳам бозорнинг олди бўлади. Артезиан қудуқ суви чиқарилиб, токзор унинг ёрдамида суғорилмоқда.

– Сувни тежовчи технологиялардан фойдаланяпсизми?

– Биласизки, ток лалми ўсимлик. У парваришнинг дастлабки уч йилида, фақат ёз ойларида сув талаб қилади. Асосан ер танлайди. Шу сабаб кўпроқ ерга ишлов беришга, эътибор қаратиб, оддий усулда суғоряпмиз. Аммо, келгусида 85 гектар ерга тўлиқ ток кўчатлари экилгач, томчилатиб суғоришдан фойдаланамиз. Катта майдонларни шу усулда суғориш тежамкор ва фойдали ҳисобланади.

Республикамизда Паркент ва Фориш туманлари узумчиликка ихтисослашган ҳудуд сифатида танлаб олингани боис туманда узумчилик майдонларини яратиш жадал олиб борилмоқда. «Гараша» маҳалласида бу ишнинг ягона ташаббускори Баҳодир Исабековдир. У қишлоқ одамларини – уста боғбонларни бу ишга жалб қилиб, уларни ҳам иш билан таъминлаш ниятида.

Бунча ишни амалга ошириш учун каттагина маблағ керак, албатта. Шу вақтга қадар ўз маблағи ҳисобидан иш юритиб келган «Biznes city» масъулияти чекланган жамиятига «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури доирасида 500 миллион сўм кредит маблағи ажратиш арафасида. Натижада Гарашада ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена талабларига мос, энг муҳими, солиқ тўлаш ва иш ўрни яратиш кафолатланган хизмат кўрсатиш объектлари ишга тушади.

Ёш тадбиркор Баҳодир Исабеков ўзи таҳсил олган ЖДПИда ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатар экан, таълимда менежмент йўналиши бўйича илмий изланиш олиб бориб, илмий фаолият ва тадбиркорликни парллел юритиш ниятида. Мустақиллик тенгдоши бўлган ёшларимиз ана шундай катта ишлар билан банд.

Муқаддас САПАРОВА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар