» » Ислоҳот ва ўзгаришлар майдонига айланган Зарбдор тумани

Ислоҳот ва ўзгаришлар майдонига айланган Зарбдор тумани

07 август 2019 г 1 389 Комментарии: 0

Яна бир неча кундан кейин халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам—республикамиз мустақиллигининг 28 йиллигини тантана қилади. Бу йилги байрамни “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деб номланган эзгу ғоя асосида кутиб олаётганимиз замирида мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат экани, шу улуғ Ватанда ўтаётган тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, керак бўлса жон фидо этишдек буюк мақсад мужассам. 

Шахсан Президентимиз ташаббуси билан бошланган "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" Давлат дастури доирасида амалга оширишга киришилган саъй-ҳаракатларнинг замирида, мушоҳада юритиб кўрилса, барча ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлайдиган мазмун-моҳият жамулжам эканлигини кўриш мумкин. Ўзингиз яшайдиган маҳалла, ёки шаҳарчада нафақат муносиб турмуш тарзини барпо этиш, балки тадбиркорлик билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишлари учун шарт-шароитларни муҳайё қилиш ва муҳим вазифаларни ҳал этмай туриб, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишдек улкан вазифани ҳал этиш мушкул.

Сўнгги ўн йилликларда бу масалага жиддий эътибор қаратилмагани сабабли, кўплаб ечимини кутаётган муаммолар йиғилиб қолган эди. Уларни қадамма-қадам ҳал этиш, кўзланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш барчамиздан, ғайрат-шижоат ҳамжиҳатликни талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманларнинг марказларини обод қилишга қаратилган ташаббусини Зарбдор тумани аҳолиси ҳам катта хурсандчилик билан қабул қилиб, фаол қўллаб-қувватлашди.

Биринчи навбатда, туман марказининг замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талабларига жавоб берадиган бош лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда янги уй-жойлар барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, бугунги тараққиёт даражасига монанд ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва пиёдалар йўлаклари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари тармоқларини юзага келтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишларига киришилган.

Туман марказидаги шоҳ кўча – Мустақиллик кўчаси том маънода қурилиш майдонига айланган. Лойиҳа асосида бу кўча кенгайтирилмоқда. Йўл бўйидаги ўз умрини яшаб бўлган эски турар-жойлар, савдо нуқталари олиб ташланиб, йиғилиб қолган чиқиндилар ҳудуддан олиб чиқиб кетилмоқда.

Мазкур кўча ҳамда марказдаги кўп қаватли уйлар атрофида режасиз қуриб ташланган қурилмалар бартараф этилиб, ҳудуд тўлиқ тозаланди. Яна бир неча ойдан кейин Мустақиллик кўчасининг икки томонида замонавий савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари пайдо бўлади. Ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида янги тармоқни тортиш, мавжуд қувурларни реконструкция қилиш, янги қудуқлар барпо этиш ва мавжудларини таъмирлаш белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 4 та мактабгача таълим муассасаси барпо этилиши, тиббиёт бирлашмаси, 1-сонли болалар боғчаси каби бир қатор ижтимоий муассасалар бинолари янги кўринишга эга бўлиши ҳам аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратади. Тумандаги хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси энг юқори бўлган  «Шарқ юлдузи»,  «Тараққиёт»,  «Янгикент»,  «Оқар» қишлоқларида Мирзачўл тажрибаси асосида 250 иш ўрнига эга 4 та тикувчилик цехи ташкил этилади.

  “ҲИЛОЛА”ЛАР  ДАВРАСИДА

Эртанги кунимизнинг ишончли ворислари бўлган болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишида мактабгача таълим муассасасининг ўрни беқиёсдир. Туманда фаолият кўрсатаётган 13 та давлат мактабгача таълим муассасаси қаторига жорий йилда яна 8 та янги давлат шерикчилиги асосида, 13 та оилавий нодавлат боғчалар қўшилди. “Ҳилола” оилавий мактабгача таълим муассасасининг “Лалмикор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолиятини бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ  муассаса раҳбари Ҳилола Умрзоқованинг фаоллиги ва жонкуярлиги билан кўпгина оилаларнинг мушкули осон бўлди.

–Маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган хонадонлардан тушган таклифга асосан ўз маблағим эвазига оилавий боғча очишга қарор қилдим, –деди муассаса раҳбари Ҳ.Умрзоқова. – Ҳозирча ўзимнинг бўш турган шахсий хонадонимдан фойдаланаяпмиз. Кейинчалик аҳоли талабига қараб боғчамизни кенгайтириш ниятидаман. 

Болалар боғчаси 25 ўринга мўлжалланган бўлиб, асосан спорт орқали соғломлаштиришга йўналтирилган. Тарбияланувчилар боғчада ташкил қилинган рус тили, инглиз тили, рассомчилик, рақс тўгаракларида малакали мураббийлардан сабоқ олишмоқда. Муассасада алоҳида овқатланиш хонаси, ота-оналар ва болалар учун китоб бурчаги ташкил этилган. Бундан ташқари чўмилиш ҳавзаси, спорт майдончаси болажонлар ихтиёрида Фарангиз Қорабекова инглиз тилида кичкинтойларни бурро-бурро сўзлашга ўргатса, тарбиячилар Розия Қорабекова ва Барно Йўлдошевалар уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларига муносиб ҳисса қўшаяптилар.

КЎККА ИНТИЛАЁТГАН  “ЖЎРАБЕК”!

 “Бахт” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Жўрабек” кўп тармоқли фермер хўжалиги йилдан-йилга ривожланиб, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган жамоа. 

—Фермерларнинг пешона тери билан топган даромади беҳад тотли, аммо ўта машаққатли, —дейди менга ҳамроҳ бўлган туман ҳокимининг ўринбосари–инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Анвар Кўчканов. —Шу боис уларнинг фаолияти доимий ғамхўрликка муҳтож. Президентимизнинг вилоят фаоллари билан учрашуви чоғида фермернинг бугунги қилаётган ишига юқори баҳо берганлиги  бу меҳнат аҳлининг янада шижоат билан ишлашига туртки бўлди.

Абдуқодир Шайматов оддий деҳқон оиласида катта бўлди, суяги меҳнатда қотди. 22 йилдирки “Жўрабек” фермер хўжалигини бошқариб келаётир. Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотлар бу фермернинг ҳам орзулари ушалишига  имкон яратди. Фермердаги  соҳага бўлган қизиқиш, унинг табиатига хос тиниб-тинчимаслик, ишбилармонлик каби хислатлар хўжаликнинг ҳар томонлама ривожланишига асос бўлди.

Деҳқонлар учун бу йил оғир келди. Аслида ҳам шундай. Деҳқон учун осон ва енгил келган мавсумнинг ўзи йўқ. Баҳорнинг серёғин келиши, чигитнинг қайта экилиши ҳақиқий, омилкор фермернинг иродасини бука олмади. Вақтида олиб борилган муҳим агротехник тадбирлар натижасида фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда ғалладан мўл ҳосил етиштиришди. 42 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 45 центнердан ҳосил олинди. Давлатга 129 тонна дон топширилиб, шартномавий режа 111 фоизга адо этилди.

Айни пайтда хўжалик далаларида иш қизғин. 39 гектар майдондаги ғўзалар ривожи яхши. Ҳар туп ғўзада 6-8 тадан кўсак, 8-10 донадан ҳосил тугунчалари солган.

Фермер хўжалигида 8 гектар майдонда мош ва чорва моллари озуқаси учун ем-хашак етиштирилмоқда. Жорий йилда “Жўрабек” фермер хўжалиги 30 тонна мошни экспорт қилишни режалаштирган. Шунингдек, асаларичиликни ривожлантириш мақсадида хориждан 50 дона асалари уяси олиб келди.

Абдуқодир Шайматовнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У  2014 йилда “Шуҳрат” медали, 2016 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

ОРЗУЛАР ОҒУШИДА

Элда бугун руҳ ўзгарди. Муҳими халқимизда яхши яшашга, меҳнат қилишга бўлган иштиёқ ортди. Бугун ким билан учрашманг, суҳбатлашманг, уларнинг дилидаю, тилида бир калом—юртимиз тинч, элимиз обод, дастурхонимиз тўкин.

Азиза Махаммаджонова ҳам тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. У “Халқ банки”нинг туман филиалидан 30 миллион сўм кредит маблағи олиб, “Дўстлик” маҳалласида 40 ўринли кичик трикотаж цехини ишга туширди. “Азиза-Эъзоза-дизайн”да бугун мактаб формалари учун буюртмалар қабул қилинмоқда. Тадбиркор бу билан чеклангани йўқ. Имтиёзли кредит эвазига корхонасини кенгайтириш остонасида турибди.

–Айни пайтда эски Бўстон аҳоли масканида 300 иш ўрнига мўлжалланган  “Бўстон-барака-чевар” оилавий корхонасининг  қурилиш ишлари якунланиш арафасида, –деди Азиза Махаммаджонова. –Асосан эркаклар кийим-кечагини тикишга мўлжалланган корхонамда шу ерда яшовчи, ижтимоий муҳофазага муҳтож хотин-қизларни иш билан таъминламоқчиман. Корхонага Хитой технологияси асосида “ЖЭК” русумли 450 миллион сўмлик 100 дона тикув машиналари келтирилди. Яқин кунларда иш бошлаймиз.

Интилганга толе ёр,  деганларидек ишнинг кўзини билган Азиза тайёр маҳсулотларини Россия федерациясига экспорт қилишни кўзлаб, ойига 60 миллион сўм соф даромад олишни режалаштираяпти.

Корхона жамоасининг режалари улкан. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турини кўпайтириш, ишчилар сонини ошириш, сифатли кийим-кечаклар ишлаб чиқариш уларнинг эзгу нияти йўлида Азизага омад тилаймиз.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, туманда хотин-қизлар қўмитасининг ташаббуси билан маҳаллий тадбиркорлар томонидан 8 та тикув цехи ташкил этилди. Уларда 72 та янги  иш ўрни яратилди. Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан шу кунга қадар турли йўналишларда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 24 нафар аёлга имтиёзли кредитлар ажратилган.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!