» » Жиззах шаҳридаги ер ости йўлидан фуқаролар нега ўтмайди? (фото)

Жиззах шаҳридаги ер ости йўлидан фуқаролар нега ўтмайди? (фото)

08 август 2019 г 1 893 Комментарии: 0

Иш юзасидан Германияда бўлган танишим бир воқеани сўзлаб берганди.

Айтишича, аёл полициячи қонунбузарни тўхтатиб, чора кўришга оид ҳужжатларни расмийлаштириш учун идорага йўл солибди. Қонунни бузган эркак ҳеч нарса демасдан унинг ортидан эргашган. Танишим германиялик шерикларидан сўрабди: “Мабодо эркак боришни истамаса ёки қочиб кетса, нима бўлади?!”.

Мезбон бу саволдан озроқ ҳайратланибди ва жавоб қайтарибди: “Агарда қочиб кетадиган бўлса, шу атрофдаги фуқаролар, яъни, ўзимиз ушлаймиз. Ана шунда содир этган қонунбузарлиги учун алоҳида жазо олади, полициячига бўйсунмаганлиги учун йирик миқдорда жарима ҳам тўлайди, қонун ҳимоячиси билан тортишиш қўшимча жазога сабаб бўлади”.

Шу воқеани кўпчилигимиз кунда-кунора гувоҳ бўладиган бир ҳолатга солиштираману, ажабланаман. Очиғи, аксариятимиз автомобиль йўлининг белгиланган жойидан эмас, ҳаётимизни хавф остига қўйиб бўлса-да ўзимизга қулай жойдан кесиб ўтишга интиламиз. Шу ҳаракатимиз учун  йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими қонунда белгиланган жаримани қўлламоқчи бўлса, тортишамиз, қоидани бузганлигимизни инкор қилмоқчи бўламиз.

Воқеа ҳуқуқий онгимиз, маданиятимиз, тарбиямиз даражасида ривожланади, яъни, жанжаллашишгача бориб етишимиз мумкин. Қизиғи, шундаки, бундай ҳолларда кўпчилик қонун посбонини эмас, қоидабузарни қўллаб-қувватлайди, кимнинг ҳақлиги аҳамият касб этмайди. Икки мамлакат, икки халқ, бир ҳодисага икки хил ёндашув. Ажаб, қачонгача қонун билан эмас, ўзимизга мослаштириб олган “қадрият”ларимиз асосида яшайга интиламиз.

Бу тахлит фикр юритишга бизни Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов шоҳ кўчасининг энг гавжум ҳудудларидан бири — “Эски шаҳар” буюм ва деҳқон бозорлари қаршисида кўрганларим ундади. Ҳудудда ер ости йўли бўлишига қарамасдан фуқароларнинг 99 фоизи ундан фойдаланмайди. Боиси, ер ости йўли бозор дарвозларидан 50-100 метр нарида жойлашган.

Мавжуд имкониятдан фойдаланмаслик йилдан йилга автоуловлар тирбандлигини оширмоқда. Ҳайдовчилар ер ости йўлидан ўтмайдиган пиёдалардан норози, бозорга келганларга эса қўшимча 100 метр юриш Ҳожибой Тожибоев таъбири билан айтганда: “Не выгодно”. Бу ҳам етмаганидек, айримлар йўлнинг белгиланган жойидан эмас, тўғри келган қисмидан кесиб ўтишни одатга айлантиришган. Улар орасида бола етаклаганлар ҳам учрайди.

Шунақа пайтларда тезликни пасайтиришга мажбур бўлган ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан ўпкалай бошлашади: “Нега қоидабузар пиёдаларга чора кўрилмайди?”. Бозор тўғрисидаги тиқилинчларга “Тўхтаб туриш тақиқланади” белгисини писанд қилмай йўловчи кутаётган киракашлар ҳам сабаб.

 Ҳамма вазиятнинг ўнгланишини истайди-ю, лекин бу ишга қарийб ҳеч ким ҳисса қўшишни хоҳламайди. Қоидабузар ҳайдовчи ёки йўловчига жарима қўллаш масаласига аксариятимизнинг муносабатимиз ўзгармасдан қолаётгани фикримиз тасдиғи.

Шу маънода, ҳақ-ҳуқуқларимиз тўла таъминланадиган жамиятда яшашга чин дилдан ниятланган бўлсак, барчамиз қонунларга бирдек амал қилишимиз кераклигини,  жойи келганда бу борада қонун ҳимоячисига ёрдам беришимиз шартлигини англашимиз зарур. Акс ҳолда ўша эски гап: чеккадан келиб биров ҳаётимизни ўзгартириб бермайди.

Катта муаммоларнинг оддийлардан илдиз олиши аён ҳақиқат. Яъни, майда қонунбузарликларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланмас экан, йирикларига эшик очилади. Ўз навбатида бизнинг қайсидир қонунга амал қилмаслигимиз, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига зиён етказади.

Жиззах шаҳридаги ер ости йўлининг бозор тўғрисида эмас, сал нарида қурилишига ким айбдор эканлиги бошқа мавзу, бошқа масала эканлигини қўшиб қўймоқчимиз.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!