» » Ўзбекистон бўйлаб пиёда йўлга чиққан йигит Жиззах вилоятидан ҳам ўтди

Ўзбекистон бўйлаб пиёда йўлга чиққан йигит Жиззах вилоятидан ҳам ўтди

09 август 2019 г 1 799 Комментарии: 0

Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳридан Мўйноққача пиёда саёҳат лойиҳасини ҳар куни 35-40 километр йўл босиб, сўнгра керагича ҳордиқ чиқариш тартибида амалга ошираётган Соҳиб Раджабов кеча дам олмасдан, узлуксиз 24 соат юришга қарор қилган эди.

У бу режасини орқасига деярли 15 килолик юк сумкасини осган ҳолда 7 август куни соат 11.15 да Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Қовун бозори” дан бошлаб куни кеча - 8 августда Жиззахда якунлаганди.

Мухлислари унинг ҳаракатини GPS навигатордан саёҳатчининг телеграмм каналига узатилаётган маълумотлар орқали кузатиб бордилар. Шу билан бирга юзлаб юртдошларимиз онлайн ва йўл-йўлакай учратган тарзда қўллаб-қувватлаб турдилар. Ҳатто саёҳати давомида танишган ва аллақачон унинг яқин дўстларига айланган тиббиёт муассасаларидан бирининг шифокорлари узоқдан бўлса-да соғлиғини назорат қилиб бордилар.

“Жиззахда мени иззат-икром билан кутиб олишди. Қувонтиргани, сўнгги километрларда ҳамроҳлик қилганлар ҳам бўлди. Бу эътибордан бир кеча-кундузги тўхтовсиз юришдан пайдо бўлган толиқишларим йўқолди, охирги соатлар ва дақиқаларда янгидан куч-қувват олгандек бўлдим. Ҳамма, ҳаммага раҳмат! ”дейди телефон орқали Соҳибжон.

Саёҳатчи юртдошимизнинг хабар беришича, Жиззах шаҳрида бир муддат бўлиб дам олгач, яна йўлга отланади. Узоқ Мўйноқ сари ҳаракатда давом этади.

У ушбу саёҳати орқали Ўзбекистонимизнинг туризм учун жуда жозибали мамлакат ва халқимизнинг меҳмондўст эканлигини ифода этишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.

Маълумот учун. Соҳиб Раджабов- 1989 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, ҳозир Тошкент шаҳрида яшайди. Турон миллий кураши бўйича халқаро спорт устаси,тренер.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!