» » Ядровий ва радиациявий хавфизликни таъминлашда малакали кадрларнинг ўрни

Ядровий ва радиациявий хавфизликни таъминлашда малакали кадрларнинг ўрни

10 август 2019 г 2 064 Комментарии: 0

Маълумки, Фориш туманининг Тузкон кўли ҳудудида мамлакатимизнинг биринчи атом электр станцияси барпо этилади.

Мазкур атом электр станциясининг бунёд этилиши натижасида мамлакатимизда электр энергияси тақчиллигига барҳам берилади ҳамда саноат ва бошқа соҳаларни барқарор ривожлантириш имконияти янада кенгаяди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПФ-5484-сонли «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисига муҳокама учун киритилди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон Распубликасида атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонун мавжуд эмасди. Атом энергиясидан фойдаланишнинг айрим жиҳатлари Ўзбекистон Республикасининг «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги ва хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Ўзбекистон 1997 йилдан «Ишлатиб бўлинган ёқилғи ҳамда радиактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисида»ги конвенция, 1992 йилдан «Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликнинг асосий принципи тўғрисида»ги битим ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги бошқа халқаро ҳужжатлар иштирокчиси ҳисобланади ва уларнинг қоидаларни имплементация қилиш бўйича мажбуриятларни олади.

«Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари этиб, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги, хавфсизликни таъминланиши, ахборотнинг очиқлиги, ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг таъқиқланиши белгилаб қўйилган.

Юқоридагиларга мувофқ атом энергиясидан фойдаланишда фуқароларнинг манфаатларини инобатга олиш биринчи навбатда ядровий ва радиацион хавфсизликни таъминлаш, бу соҳада маълумотларни ҳеч қандай тўсиқсиз бепул олиш белгилаб қўйилмоқда.

Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ва Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги ҳамкорлигида «Ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлашда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим вазифалари, амалиёт, муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусидаги конференцияда шулар ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Конференцияни туман ҳокими Абдивали Мустанов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф. Дадаходжаев «Ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлашда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим вазифалари, амалиёт, муаммолар ва уларнинг ечими», Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, Атом энергиясини ривожлантириш агентлиги бош директори Ж.Мирзамаҳмудов «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун моҳияти ва аҳамияти», «Ўзбекистонда атом электр станциясини иқтисодиётдаги ўрни, шу жумладан Фориш туманида қурилиши режалаштирилаётган атом электр станциясининг иқтисодиёт учун аҳамияти», Ўзбекистон Республикаси саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Б.Ғуломов «Жиззах вилояти Фориш туманида қурилиши режалаштирилаётган атом электр станциясида ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлашни муҳим вазифалари ҳақида» маъруза қилдилар.

Шунингдек, конференцияда атом электр станцияси учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ўқитиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Конференция ниҳоясида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар бериб, мутахассислардан тегишли жавоб олдилар.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!