» » Ғаллаорол туманида спорт туризми бўйича Осиё кубоги қандай ўтди

Ғаллаорол туманида спорт туризми бўйича Осиё кубоги қандай ўтди

10 август 2019 г 2 104 Комментарии: 0

Тасаввур қилинг, табиат қўйнида ёлғиз қолиб кетдингиз. Маиший қулайликларга ўрганган бугунги кун кишиси нотаниш шароитда, борар манзилини аниқлаш, қорин тўйдириш – умуман омон қолиш учун нима қилиши керак? Кўпгина телеканалларда бу мазмундаги кўрсатувлар суратга олинаяпти, аммо айнан шу мазмундаги спорт мусобақаси – бу бошқа гап.

Август  ойи бошида куни Ғаллаорол туманида жойлашган “Камолот” болалар дам олиш оромгоҳида спорт туризми бўйича Осиё кубоги старт олди. Кубок баҳсларида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлати жамоалари куч синашдилар. Оромгоҳ ҳудуди спорт туризмининг пиёдалар масофавий юриши тури бўйича зарур инвентарлар билан жиҳозланди. Чодирлар тикилиб, дала ошхонаси барпо этилди.

- Спорт туризми спортнинг энг ноёб турларидан биридир, - дейди халқаро спорт туризми федерацияси ҳакамлар ҳайъатининг аъзоси, мусобақа бош ҳаками, спорт устаси Юрий Калаев. – Барча спорт мусобақалари стадионда, спорт залларида ўтса, мазкур спорт тури очиқ табиат қўйнида ўтади. Баланд ўсган дарахтлар, тезоқар дарёлар, қоятошлар табиий инвентарлар ҳисобланади.

Ўзбекистонда бизни илиқ кутиб олишганидан мамнунман. Очиғи, федерацияга Болқон давлатлари, Латвия, Литва, Хорватия, Марказий Осиё давлатлари аъзо. Аммо ҳали бу мамлакатларнинг ҳеч бирида кубок ўйинлари ташкил этилгани йўқ. Ўзбекистон илк бор мазкур ташаббус билан чиққани жуда қувончли. Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон ушбу нуфузли баҳсларга мезбонлик қилаяпти. Катта дарёлар кичик тоғ ирмоқларидан бошлангани сингари, иштирок географияси унча кенг бўлмаса-да, кубок баҳсларининг юртингизда старт олганини қўллаб-қувватлаш керак.

Пиёдалар масофавий юриши баҳсларида иштирокчилар арқонда ҳаракатланиш, махсус анжомлардан фойдаланиб, турли тўсиқлардан ўтиш, компас билан ишлаш каби шартларни бажаришди. Баҳсларда 14 ёшдан юқори ёшлар беллашдилар ҳамда сприн (икки кишилик) ва якка ҳолда ҳаракатландилар.

- Ўзбекистонга илк марта келишим, - дейди Россия Федерацияси жамоасининг аъзоси Ксения Мубаракшина. – Ёз фаслининг тўкин-сочинлиги, иссиқ қуёши менда катта таассурот қолдирди. Ҳозир Россияда булутли ва ёмғирли об-ҳаво. Ҳатто самолётга чиқаётганимизда ҳам ёмғир ёғаётганди. Қуёшли Ўзбекистон деб бежиз айтишмас экан. Имкон қадар офтобдан баҳра олишга ва қуёш ваннаси қабул қилишга ҳаракат қилаяпман. Ҳаттоки махсус кремлардан ҳам фойдаланганим йўқ.

Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиш ҳамда ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиш ниятидаман. Меҳмондўстлик учун ўзбек халқига ташаккур!

Таъкидлаш жоизки, юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган икки жамоанинг бири вилоятимиз ёшларидир. Бахмал туманидаги 79-сонли мактаб ўқувчилари “Ёш ўлкашунослар” тўгарагида олган билим ва амалий кўникмаларини ушбу нуфузли беллашувда синовдан ўтказишмоқда.

- Шогирдларим шу йилнинг 1-5 май кунлари Россия Федерацияси Мари-Эль автоном Республикаси Йашкрола шаҳрида бўлиб ўтган халқаро спорт туризми мусобақасида совриндор бўлишган, - дейди тўгарак раҳбари Ҳабибхон Мисирхонов. – Машғулотларни ёз бўйи тўхтатмадик. Умид қиламанки, шогирдларим юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади. Пиёдалар масофавий юриши нисбатан содда тур. Келгусида спорт туризмининг нисбатан мураккаб бўлган маршрут йўналишида ҳам мусобақаларда иштирок этиш ниятимиз бор. Бу спорт тури яшаш учун энг муҳим бўлган кўникмаларга ўргатади.

Осиё кубоги очилишидан бир неча кун олдин вилоятимизда спорт туризми бўйича вилоят федерацияси ташкил топди. Айнан шу федерация ва туризмни ривожлантириш вилоят бошқармаси ўртасида халқаро Спорт туризми федерацияси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

- Туризм ва спорт тинчлик элчисидир, - дейди вилоят спорт туризми федерацияси раиси Абдурашид Шарипов. – Ҳар иккиси уйғунлашган спорт турини вилоятимизда ҳам ривожлантириш аҳоли саломатлиги ва туризм ривожи йўлида катта қадам бўлади. Бу мақсадда мазкур спорт тури билан шуғулланувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳар йили халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш кўзда тутилган.

Уч кун давом этган Осиё кубоги баҳсларида энг муносиб жамоа ғолиб бўлди. (эртага аниқ бўлади.) Уларга диплом, қимматбаҳо совғалар ва кубок тантанали равишда топширилди. Халқаро мусобақанинг ёпилиш маросими тантанали ва эсда қоларли тарзда ўтди.

Муқаддас САПАРОВА

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!