» » Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ярим йиллик якунлари бўйича йиғилиш ўтказилди

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ярим йиллик якунлари бўйича йиғилиш ўтказилди

21 август 2019 г 2 270 Комментарии: 0

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 август куни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишнинг устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган долзарб юмушлар ижросини таъминлаш илгари сурилди.

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Вилоят раҳбари ҳар бир тармоқ ва ҳудудлардаги ишлар самарадорлигига баҳо берар экан, 9 ойлик ва йил якуни бўйича кутилаётган натижаларни таъминлашнинг устувор вазифаларига тўхталди. Таъкидландики, вилоятимизда 2019 йилнинг январь-июнь ойларида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми  5 триллион 825 миллиард сўмни ташкил этди. ЯҲМнинг ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоиз бўлди.

Вилоятда 2 триллион 211 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.  Ўсиш суръатлари ўтган йилга нисбатан 105,0 фоизни ташкил этиб, белгиланган  прогноз кўрсаткичлари 0,6 фоизга (прогноз 105,6 фоиз) бажарилмади. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми ўртача 1 миллион 626,8 минг сўмни ташкил этди.

 —Давлатимиз раҳбари томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларини кўпайтиришни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган бир вақтда, бу ишга айрим туман ҳокимларининг масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараши натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ишлаб чиқариш ҳажми камайган,—деди вилоят ҳокими пировардида.—Жумладан, Ғаллаорол, Зомин  ва Мирзачўл туманларида ўсиш суръатлари пасайган.

Вилоятдаги мавжуд 2808 та саноат корхонасининг 44 таси ўз фаолиятини  тўхтатган. Ўтган даврда 970,3 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди.  Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган халқ истеъмол моллари ўртача 714,0 минг сўмни ташкил этди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 308,2 миллиард сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 97,7 фоизга бажарилди. Биргина Жиззах шаҳридаги “Бўстон олами” МЧЖ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 миллиард сўмга кам маҳсулот ишлаб чиқарган.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга тижорат банклари томонидан 2019 йилнинг 1 апрелига қадар 1,2 триллион сўм кредит ажратилган бўлсада, 31 та саноат лойиҳалари ишга туширилмаган. Жиззах шаҳрида  11 та, Мирзачўл туманида 4 та, Пахтакорда 6 та, Ғаллаоролда 2 та, Бахмал туманида 4 та лойиҳа амалга оширилмасдан қолди.

Саноатни ривожлантиришнинг асосий манбаларидан бири 70 та норуда қазилма конларидир. Бугунги кунда уларнинг 35 таси ишламаяпти.  Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Фориш, Янгиобод туманларидаги норуда қазилма конларидан ҳамон фойдаланилмаётганини қандай изоҳлаш мумкин?   

Олти ой давомида 4 триллион 473,4 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 102,3 фоизни ташкил этади. Бироқ Арнасой, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод, Мирзачўл, Пахтакор, Фориш ҳамда Янгиобод туманларида  белгиланган прогноз кўрсаткичи бажарилмади.

“Обод қишлоқ” дастури асосида қилинган ишлар таҳлил қилинар экан, молиялаштириш ишлари сустлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бунинг асосий сабаблари республика ва маҳаллий бюджет маблағларининг ўз вақтида молиялаштирилмаганлигидир.

Вилоятда қиймати 1 миллиард 488,2 миллион АҚШ долларлик 41 та хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар дастури ишлаб чиқилган. 2019 йил якунига қадар 354,6 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши юзасидан “йўл-харитаси” тайёрланган.

Январь-июль ойларида ҳудудий лойиҳалар доирасида  202 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, йиллик кўрсаткич 57 фоизга бажарилди. Энг паст кўрсаткичлар Арнасой, Дўстлик  ва Янгиобод  туманларига тўғри келади.

2019 йил январь-июль ойларида вилоятга 32,1 миллион доллар миқдорида экспорт режаси белгиланган. Амалда 34,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, режа 108,8 фоизга бажарилди. Бироқ Бахмал, Зомин, Зафаробод, Дўстлик туманларида экспорт режаси тўлиқ бажарилмасдан қолди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида тижорат банклари томонидан 15 160  оилага  272,3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.  “Ҳар бир оила—тадбиркор” давлат дастурига асосан 14 543 та оилага 238,4 миллиард сўм, “Ёшлар—келажагимиз” давлат дастурига биноан 82 нафар ёш тадбиркорга 19,0 миллиард сўм кредит берилди.

Вилоят ҳокими ташкилотларнинг раҳбарлари, шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари эътиборини ижро интизомини кучайтиришга қаратди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, секторлар фаолиятини янада яхшилаш, аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, таълим сифатини яхшилаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “йўл хариталари” ижросини таъминлашга доир чора-тадбирлар белгилаш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда  вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб вазифалар ижроси илгари сурилган тегишли қарор қабул қилинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!