» » МЕН  ВАТАННИ БОҒ ДЕБ АЙТСАМ, ФОРИШ УНДА БИТТА ГУЛ...  

МЕН  ВАТАННИ БОҒ ДЕБ АЙТСАМ, ФОРИШ УНДА БИТТА ГУЛ...  

21 август 2019 г 1 946 Комментарии: 0

2019 йил Фориш тумани тарихида унутилмас бўлиб қолгуси.

Бу йилда туманда  юртимиз тарихида илк бор АЭС барпо этиладиган бўлди. 20 минг гектар ерга оби ҳаёт улашувчи йирик сув омбори қурилмоқда. Туман марказининг бешта маҳалласига тоза ичимлик суви етказиб келинаётир. Республиканинг атиги иккита туманида (уларнинг бири Фориш) мавжуд бўлмаган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қад кўтараяпти. Шунингдек, Корея стандартлари асосида хизмат кўрсатувчи туғруқхона биноси янгидан бино бўлмоқда...

Нурота этакларида ястанган, Қизилқум саҳросига туташиб кетган бу хушманзара туманда бундай ёқимли янгиликлар талай. “Илғор ҳудуд”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси ҳам минглаб кишилар ҳаётига енгиллик ва қулайлик  бахш этмоқда. Гарчи туман марказида қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳамон давом этаётган бўлса-да, қад ростлаётган кўп қаватли турар-жойлар, янги савдо ва саноат объектлари, хиёбон ва истироҳат боғлари Форишни яқин орада таниб бўлмай қолишимиздан дарак беради.

Қайси биридан бошласак экан-а?

 ЭНГ ЯХШИЛАРИДАН

Туман бўйича 8 та мактаб филиалининг томи қайтадан ёпилиб, ички ва ташқи пардозлаш ишлари бажарилаётир. 2 та мактаб капитал таъмирланди.

Гараша МФЙ Чақир-чуқур қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Гарашасойга кўприк қурилмоқда.

Тадбиркор Туркман Ховосов ташаббуси билан туман марказига кираверишда янги масжид биноси қурилмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмасига МРТ тиббий дастгоҳи келтирилаяпти.

Туман давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида Экопарк, Оқтепа маҳалласи ҳудудида истироҳат боғи барпо этилаётир.

Умуман, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида бу йил туман маркази бўлмиш Боғдон  шаҳарчаси, “Ўзбекистон” ва Эргаш Камолов номли маҳаллаларда 5 та ижтимоий соҳа объекти, 9 та маъмурий бино, 30 та тадбиркорлик субъекти биноси, намунавий тўрт қаватли уй ҳамда 21 та икки қаватли уйлар янгидан барпо этилмоқда ёки таъмирланмоқда. Бу ишларни қисқа муддатда якунлаш учун 600 нафардан зиёд ишчилар ва техникалар жалб этилган.

Шу кунга қадар 2 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда тадбиркор Б.Ғозиев ташаббуси билан барпо этилган мини стадион фойдаланишга топширилди. Мустақиллик байрами арафасида Форишга “муборак бўлсин”га келаверасиз – фойдаланишга топшириладиган объектлар сони нақд 92 та!

БОЛАЛАР БАНД – УЛАР “БОҒЧА”ГА БОРАДИ

Республика бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўм ҳисобидан 1-сонли МТМда 4 та болалар ёзги айвончаси қурилди. 2-сонли МТМда ҳам иккита шундай павильон болалар ихтиёрига топширилди.

Ухум қишлоғида жойлашган коллеж ётоқхонасида яқинда замонавий мактабгача таълим муассасаси очилди. Умуман, йил бошидан буён Форишда 6 та давлат МТМ иш бошлади. Давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМлар эса 55 та бўлиб, бу борада Фориш вилоятда етакчилик қилмоқда. Натижада 1375 нафар бола МТМга қамраб олинди.  Бугун Форишда боғча йўқ қишлоқ қолмади ҳисоб. Болаларни мактабга тайёрловчи қисқа муддатли гуруҳларнинг ўзи 46 та. Болаларнинг қамров даражасидан ҳам самарадорликни билиб олиш мумкин – 61,2 фоиз бола МТМга жалб этилди.

- 2020 йилда нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги МТМларни ташкил этиш ҳисобига қамровни юз фоизга етказишни кўзлаганмиз, - дейди туман МТМ бўлимининг шуъба мудири Илҳом Комилов.

ФАРҲОДЛАР БУГУН “КАРАМАН”ДА

Айни кунда сув омборини бунёд этиш ишлари қизғин бормоқда.  «Резаксойсувқурилиш» давлат унитар корхонасининг «TUPALANG HPD WATER KONSTRUKTION» масъулияти чекланган жамиятининг 870 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари сув омбори қурилишини фойдаланишга топшириш учун тунни тонга улаб меҳнат қилмоқдалар.

– Сув омбори тўғонининг узунлиги 6,8 километр бўлиб, баландлиги 20 метр, – дейди масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Акрам Ҳожиев. – Ҳозирга қадар объектда 1,5 миллион куб метр тупроқ ишлари, 8000 куб метр тош ётқизиш, 16000 куб метр шағал тўшаш, 8700 куб метр харсанг тош ташиб келтириш ишлари бажарилди. Сув омборини белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш учун имкониятларимиз етарли.

«Караман» сув омборини бунёд этишда 38 та эксковатор, 25 та бульдозер, 170 та самосвал, турли русумдаги тупроқ зичловчи техникалар ишлатилаяпти. Қурилиш ниҳоясига етгач, 100 миллион куб метр оби-ҳаёт  кучли насос станцияси орқали 90 метр баландликка кўтариб берилади. Дастлаб 20 минг, сўнг 50 минг гектар ер ўзлаштирилиб, минглаб кишилар иш билан таъминланади. Ўз-ўзидан бу ерларда етиштирилган узумзорлар бўйида  вино ва шарбат заводлари қурилади...

АЁЛЛАР НИМА ДЕЙДИ?

- Бошимга кўп савдолар тушди. Умидим сўниб, ҳаётда борлигимни ҳам ҳис қилмай қўйгандим, - дейди “Фориш чеварлари” тикувчилик мажмуаси ишчиси Эсоной Жумаева. – Аммо ҳаёт курашлардан иборат. Яқинда маҳалламизда тикувчилик мажмуаси ишга тушди. 86 нафар аёлни тикувчилик ҳунарига ўқитишди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ҳатто ўрганувчилик давримиз учун ҳам стипендия тўлашди. Бугун менинг иш жойим, ойлик маошим тайин. Шўх-шаддод хотин-қизлар бирга ишлаймиз. Иш кўп, бекорчи суҳбатларга вақт йўқ.

Мустақиллик байрами арафасида Президентимизнинг беш муҳим ташаббусига жавобан ишга тушган “Фориш чеварлари” тикувчилик мажмуаси чин маънода Хонбанди маҳалласининг хотин-қизлари учун байрам туҳфаси бўлди. Тадбиркор Нодира Исомиддинова мактаб формалари, пахта териш этакларидан ташқари Қозоғистондан ҳам экспорт буюртмасини олган. Оқ кофта ва бошқа турдаги хотин-қизлар либоси Қозоғистонга экспорт қилинмоқди. Яқинда аёллар сарафани бўйича ҳам қозоғистонлик шериклардан буюртма олишди. 

Тадбиркор аёл Қорабдол, Гараша, Яссикечув, Ухум маҳаллаларида ҳам корхона филиалларини ташкил этиб, ногиронлиги бўлган аёлларни иш билан таъминлади. Ўтган ҳафта  Қоробдолда 30 ўринли тикувчилик мажмуаси филилали тантанали равишда очилди. Нодира Исомиддинова туман бўйича жами 164 та иш ўрни ташкил этиб, қишлоқ аёлларини иш билан таъминлади.  

ФОРИШДА ТОШДАН ТОЛА ОЛИНАДИ 

“Mega invest industry” инновацион ғоя маҳсулидир. Миллион йиллар давомида ер ости дунёсида рўй берган ўзгаришлар, табиий қазилма бойликларидан унумли фойдаланиш саноат бўйича эмас, замонавий фикрлаш нуқтаи назаридан ҳам ниҳоятда ажойиб ғоя. Базальтдан маҳсулот ишлаб чиқариш МДҲ давлатлари орасида фақатгина Россияда бундан 8 йил илгари бошланган. 2017 йилнинг декабрь ойида Форишда ҳам худди шундай саноат корхонаси ишга туширилди.

  • Базальт минерал тош бўлиб, қазилма ҳолида олинади. 3000 даража иссиқда эритилиб, базальт тошидан комплекс тола – ровинг олинади, - дейди ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Хайрулла Рўзибоев. - Толадан қайта ишлов бериш натижасида арматура, геосетка, қувур ва панжара ишлаб чиқарилади. Тошдан олинган тола “Жиззах” ЭИЗдаги корхонанинг ишлаб чиқариш цехига юборилади. Дастлаб бир кунда 400 килограмм ровинг олинган бўлса, бугунги кунда унинг миқдори 4 тоннани ташкил этмоқда.

 Ой якунига қадар ровинг ажратиб олиш печини 7 тага етказиш натижасида бир кунда 15 тоннагача хом ашё тайёрлаш имконига эга бўламиз. Ўз-ўзидан 150 нафарга ишчилар сони ҳам ошади. Ҳозирда украиналик мутахассислар билан маҳаллий ёшларни касбга ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.

- Дунё бўйича темир захиралари камайиб бораётган бугунги кунда базальт инсониятга ёрдамга келмоқда, - дейди материология фанлари номзоди, украиналик мутахассис Валерий Горбачев. – У темирга нисбатан чидамли, ташиш ҳам қулай, енгил ва ток ўтказмайди. Самолётнинг ташқи қисмларини тайёрлашда, баланд бинолар қурилишида ҳам базальтдан тайёрланган арматуралардан фойдаланилмоқда. Истиқболли бу лойиҳанинг Марказий Осиёда биринчи бўлиб Форишда амалга ошаётгани, ёшларнинг соҳа сирларини қунт билан эгаллашаётганидан мутахассис сифатида мамнунман. Корхонада иш жараёни Европа стандарлари асосида ташкил қилинган. Сон эмас, сифатга эътибор катта. Бу  экспорт учун жуда зарур талаб.

 МАТИЛЬДА БИРИНЧИ МАРТА НОН ЁПДИ

Асраф қишлоғида Ғайрат Шарипов ташкил қилган уй-меҳмонхонага бир гуруҳ германиялик сайёҳлар ташриф буюришди. Улар шунчаки табиатни томоша қилиб, салқин сўриларда ёнбошлаб ётмасдан, меҳнат қилдилар. Ҳаммалари хонадон бекаси оширган хамирдан зувала ясадилар, тандир оқартирдилар ва нон ёпдилар.

- Тандирда нон ёпиш жуда ҳам қизиқ экан, - дейди сайёҳ Матильда Ривер. (суратда) – Тандир жуда иссиқ экан, аммо нон жуда ҳам мазали бўлиб пишди. Мен умримда шундай ширин нон емаганман.

Меҳмонлар сариёғ ва сут солиб пиширилган ширмой нонни ҳовли этагидаги ариқчага оқизиб ейишни ҳам ўрганиб олишди.

Бугун тумандаги Ухум, Асраф ва кўҳна Фориш қишлоқларида 12 та оилавий меҳмон уйлари фаолият кўрсатмоқда. Табиат саховат билан ато этган экотуристик бойликдан оқилона фойдаланишда бу каби меҳмон уйларининг ўрни катта.

Фориш туманини бой табиий захиралари боис “ёғи билан турган автомобиль” га ўхшатишади. Биргина “Армия ўйинлари -2019” мусобақаларининг туман ҳудудида ўтказилиши ҳам туман номини дунёга ёйди.

 Ҳозирданоқ форишликлар юз-кўзидан яқин келажакнинг ажиб нашъу намосини уқиб олиш қийин эмас. Саноатлашган туман беш ижобий ташаббусни амалга ошириш бобида ҳам намунали туман дея танлаб олинган. “Эзгу ният” жамғармаси икки нафар форишлик ижодкорнинг китобларини чоп этишга ҳомийлик қилди. Ҳозирга қадар 2 та китоб дўкони ишга тушиб, жойларда кутубхоналар ташкил этилмоқда.

Умидлар катта, саъй-ҳаракатлар ҳам шунга монанд...

 Муқаддас САПАРОВА

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!