» » “ ЖЫЗЗАҚ  — ЕЛIМIЗ ЖУРЕГI ”

“ ЖЫЗЗАҚ  — ЕЛIМIЗ ЖУРЕГI ”

23 август 2019 г 1 802 Комментарии: 0

1993 йил 14 февраль куни Тошкент шаҳрида, зиёлилар оиласида таваллуд топган Жанар Михаева болалигидан санъатга меҳр қўйди.

Отаси Бакрам Михаев шаҳардаги 18-умумтаълим мактабининг 1-синфида ўқийдиган қизалоғига 1-сон мусиқа мактабида фортепьянодан сабоқ олиши учун имконият яратиб берди. Мусиқа илмини яхши ўзлаштириши учун доим қўллаб-қувватлади. Билимга чанқоқ, интилувчан, қизиқувчан Жанар дарсликлар ва мусиқа билан кифояланиб қолмади. У рақс тўгараги ҳамда қўл жангги спорт машғулотларига ҳам фаол қатнашди.

— Умумтаълим ва мусиқа мактабларининг кунлик мавзулари, вазифалари, қўшимча машғулотларини сидқидилдан бажарар эди, — дейди Жанарнинг отаси, истеъфодаги майор Бакрам Михаев. — Тенгдошларидек болалик ўйинларига қизиқиш ўрнига уй ишларига ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Бир куни онасининг раҳми келиб: — Иккала мактабдаги вазифалар, яна бизга ёрдамлашишинг сенга қийин бўлаяпти, истасанг мусиқа мактабига бормай қўяқол, деди. Шунда қизим: “Ҳаммасини уддалайман, нима иш бўлса қиламан, ҳар қандай қийинчиликларга розиман, лекин мусиқа мактабини албатта беш баҳога битираман. Бу ҳақда бошқа гапирманг, онажон!”, — деган эди. Унинг юксак иштиёқи, ўзига ишончи, қатъиятини кўриб фахрландим.

Қаҳрамонимиз ўзи айтганидек мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, Ҳамза номидаги республика мусиқа коллежининг Овоз режиссёрлиги йўналишига ўқишга кирди. Бироқ коллеж раҳбарияти дарслар давомида унинг фортепьяно чалиш бўйича иқтидори эътирофга лойиқлигидан хабардор бўлгач, Жанарнинг ўқиши 2-босқичдан Эстрада чолғу ижрочилиги йўналишига кўчирилишини маъқул кўришди. Бу орада Жанар мусиқа назарияси бўйича тенгдошларидан бироз ортда қолганлигини тушиниб, ўз устида тинмай ишлашни одат қилди.

— Ҳар куни дарсдан ташқари 13 соатдан шуғуллана бошладим. Ўша онлар гўёки барча ҳис-туйғуларимни бармоқларим билан ифода этардим. Руҳим оқ ва қора клавишлар овозига ҳамоҳанг юксалиб борарди. Бутун дунёни унутиб, оҳанг ошиғига айланардим. Натижада 2012 йилда коллежни аъло баҳоларга тугалладим. Шу йили Ўзбекистон давлат консерваторияси Эстрада чолғу ижрочилиги йўналишининг талабаси бўлдим. Ҳозирда ўзим таҳсил олган мусиқа мактабида дарс бераяпман. 50 нафардан ошиқ иқтидорли шогирдларимни халқаро мусиқий танловларда иштирок этиши учун тайёрлаяпман. Мақсадим — жаҳон саҳналарида ўзбек миллий чолғу асбоблари билан фортепьяно жўрлигидаги мусиқий асарларнинг ўз ўрни бўлишига муносиб ҳисса қўшиш. Фортепьяно ҳамкорлигида миллий чолғу асбобларининг ижросини бевосита бошқариб, яхлит мукаммал асарлар ярата оладиган истеъдодларни тарбиялаш.      

— Жанар опа мен ва синглим Сағдия Алимова учун нафақат меҳрибон устоз, балки ўзида камтарлик, самимийлик, меҳнаткашлик, жонкуярлик каби умуминсоний гўзал фазилатларни мужассам этган комил аёл сифатида меҳримизни қозонган, — дейди Сабина Алимова. —Устоз биздан энг аввало ўз қизиқишларимизни ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилаоладиган муҳаббат билан яшаш лозимлигини талаб этадилар. Шундагина иштиёқ қалбда эътибор ва эътироф билан юксалиб боради, кишининг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, иродасига ўктамлик бахш этади.

Бугунги кунда Жанар Михаева шогирдларини халқаро концертлар учун тайёрламоқда. Онлайн таҳсил олишни истовчиларнинг сафи ҳам кундан-кун ошиб бормоқда. Қозоқ миллий маданий марказининг фаоли сифатида ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритган қаҳрамонимиз келажакда жаҳон саҳналарида ўзбек эстрадасининг алоҳида ўрни бўлишида муносиб ҳисса қўшмоқчилигини билдирди. Уни доим қўллаб-қувватлаган опаси Диляра Михаева, устозлари Тамара Есаян, Джамиля Наимова, Аделя Багамонова, Юлдуз Ҳусанова, Улуғбек Хаджаев, Саидакмал Турсунходжаевларнинг ишончини оқлаши лозимлигини таъкидлади.

Суҳбат сўнггида қардош меҳмон барчани байрам билан муборакбод этиб, самимий тилаклар йўллади:

— Жиззах — юртимиз юраги. Қозоқча айтганда “Жыззақ елiмiз журегi”. Бу заминда умуминсонийлик ва халқпарвар туйғуларга йўғрилган юксак мақсадли, буюк қалб соҳиблари дунёга келган. Кўплаб миллат вакиллари аҳилликда яшаб – яшнаб келмоқда. Шу муҳитда шахс сифатида тарбияланган ёшларнинг бир нечтаси нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда. Қолаверса, онажоним Улболсын Михаева Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳрида таваллуд топган. Бу ернинг тупроқларида беғубор болалигим излари бор. Бугун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва миллий-маданий марказлар ташаббуси билан ташкил этилган байрам тадбири сабаб қўшиқларим билан Гагарин шаҳрига ташриф буюрдим. Фурсатдан фойдаланиб, она халқимни мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан муборакбод этаман. “Жиззах ҳақиқати” газетасининг ижодий жамоасига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Унутманг, Жанар — ел ушiн жанады!

Гулчеҳра ХИДИРОВА

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!