» » Байрам арафасидаги янгиланиш, ободлик кўнгилларга кўчмоқда

Байрам арафасидаги янгиланиш, ободлик кўнгилларга кўчмоқда

27 август 2019 г 1 556 Комментарии: 0

Зарбдор тумани марказида 98 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳар куни 500 нафардан зиёд қурувчи ва ишчи ҳамда 60 дан ортиқ техника қатнашмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, вилоятни илғор ҳудудга айлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларга асосан ободонлаштириш, аҳолининг турмуш маданиятини оширишда Манасда ва Мирзачўлда синовдан ўтган тажриба барча туманларда татбиқ этилаётир.
Ушбу қарор ижросини таъминлашда ҳар бир туман марказини ободонлаштириш учун 4 миллиард сўмдан пул ажратилгани белгиланган дастурни муваффақиятли амалга оширишга замин яратмоқда. Бундан ташқари, туманларга вазирлик ва идоралар томонидан ўзларига тегишли соҳани ривожлантириш билан бирга ҳомийлик ёрдами ҳам кўрсатилаётгани қўшимча мадад бўлаётир.
Жумладан, Алоқа вазирлиги Зарбдор тумани марказини янгилашда фаол иштирок этаётир. Ҳозиргача вазирлик томонидан тумандаги қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 10,7 миллиард сўм хомийлик маблағи ажратилди.
Режага асосан туман марказидаги 200 дан ортиқ иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Муҳими, бюджет ва хомийлар томонидан ажратилган маблағлар мақсадли, дастурлар режасида белгиланган манзилдаги ишларни бажаришга сарфланмоқда.
Жумладан, 6 та ижтимоий соҳа иншоотини таъмирлашга республика бюджетидан 4 миллиард, вилоят маҳаллий бюджетидан 3 миллиард 817,5 миллион, жами 7,8 миллиард сўм сўм ажратилган. Ушбу маблағ эвазига 1 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим муассасаси, маданият ва аҳоли дам олиш маскани, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси биноси реконструкция қиланаётир.
Республика бюджетидан ажратилган 3 миллиард сўм эвазига 10 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Марказий сув иншоотида 3 дона кўтарма насос ўрнатилиб, туман марказида истиқомат қилувчи 12 мингга яқин аҳоли нинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
3,3 километр масофадаги марказий кўчани таъмирлашда 3 миллиард 850 миллион сўмлик иш бажарилди.
Алоқа вазирлигининг 750 миллион сўм хомийлик маблағи эвазига “Ёшлик” кўчасида 516 метр йўлга асфалть ётқизилиб, ёритиш чироқлари ўрнатилди, латок-ариқлари алмаштирилди.
Алоқа вазирлиги туман марказини ободонлаштиришда яна бир хайрли ишни амалга ошираётир. Вазирликнинг 2 миллиард 3 миллион сўм хомийлик маблағи ҳисобидан туман марказида Хотира хиёбони қурилмоқда.
Вилоят бюджетидан ажратилган 1,6 миллиард сўм ҳисобидан “Шифокорлар” кўчасида 480 метр, “Сайхун” кўчасида 530 метр, “Мураббийлар” кўчасида 600 метр йўлга асфалть ётқизиш, ёритиш чироқларини ўрнатиш, ирригация тармоқларини алмаштириш ишлари якунланди.
Мустақиллик шоҳ кўчасида 1,2 км масофада пиёдалар йўлаги қурилиши, ирригация латокларини янгилаш, ёритиш чироқларини ўрнатиш ишлари ҳам тез суръатларда олиб борилаётир.
Кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган аёллар, уй-жойга муҳтож оилалар учун 72 хонадондан иборат 3 та 4 қаватли уй ҳамда 54 хонадондан иборат биринчи қавати савдо дўкони бўлган 3 та тижорат уйи қурилмоқда.
Тижорат банкларининг 3 миллиард 362 миллион сўм кредит маблағи ҳисобидан туман марказидаги 52 та икки қаватли уй-жой тўлиқ таъмирланди. Ҳовлисидаги тандирхона ва сантария-тозалаш иншоотларини қуриш ишлари якунланди. 25 та болалар майдончаси қурилмоқда. “Ёшлар меҳнат гузари” қурилишида 800 миллион сўмлик иш бажарилмоқда.
Марказий бозор мажмуаси қурилишида 8,5 миллиард сўмлик иш олиб борилаётир. Мажмуа таркибида миллий банкнинг 4,4 миллиард сўм кредити, тадбиркорларнинг 4,1 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан 1 та минимаркет бозор мажмуаси, 5х6 метр ўлчамдаги 50 та савдо дўкони, 1 та айвон қурилаяпти.
Олмалиқ кон-металургия комбинатининг 2 миллиард сўм хомийлик маблағи ҳисобидан “Умид” болалар маданият ва истироҳат боғи мукаммал таъмирланмоқда.
Туман марказини обод ва кўркам қилишда тадбиркорларнинг улуши катта бўлаётир. Тадбиркорлар томонидан 50 миллиард сўмдан зиёд маблағи ҳисобидан 65 та янги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншооти қурилиб, мавжуд 61 таси реконстукция қилинаётир. Шунингдек, туман прокуратураси, суди, ички ишлар бўлими, давлат олиқ инспекцияси, давлат хизматлари, бандликка кўмаклашиш маркази, “Тоза ҳудуд“ ДУК идоралари, бир қатор тижорат банклари туман филиали, “Маҳалла” маркази, “Нуронийлар маскани” янги биноларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Табиий газ, электр тақсимлаш, узатиш тармоқлари таъмирланмоқда. Алоқа тармоқларида 240 миллион сўмлик қарийб 7 километр узунликдаги оптик толали алоқа кабеллари тортилди.
– Олдинги йилларда туманимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари вилоятимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда бирмунча сустлиги сезилиб турарди, – дейди “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошқаруви раиси Абдулла Азимов. – Президентимизнинг халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга катта эътибори туфайли Зарбдор яна обод бўлаётир. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши, туманимизга хомийлик қилаётган Алоқа вазирлиги, “Алоқа банки” кўмаги билан ўнлаб йилларда қилинмаган ишлар жуда қисқа муддатда амалга оширилаётир. Бу эътибор ва ғамҳўрликдан руҳланган зарбдорликлар бунёдкорлик ишларига ҳар қачонгидан кўтаринкилик, фаоллик билан киришди.
Бу кўтаринкилик, фаолликни фақат туман марказида эмас, Дастур доирасида ҳудуддаги Бўстон шаҳарчаси, “Янги бўстон” маҳалласида олиб борилаётган ишларда ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, Бўстон шаҳарчасидаги “Шодлик”, “Наврўз” ва “Дўстлик” маҳаллаларида 47 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шаҳарчадаги 2 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси, маданият бўлими биносини мукаммал таъмирлаш учун республика бюджетидан 11,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, республика бюджетидан ичимлик сув тармоқлари тортиш ва таъмирлаш учун 1,8 миллиард, 1 километр узунликдаги ички йўлларни таъмирлашга 1,1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бу ишлар ҳам бажарилаётир.
Шаҳарчада кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган аёллар, уй-жойга муҳтож оилалар учун 1 та 4 қаватли уй-жой қурилмоқда. Тижорат банкларининг 5 миллиард 180 миллиард сўм банк кредити маблағи ҳисобидан 74 та икки қаватли уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мана шундай янгиланиш, ободонлаштириш ишлари “Янги бўстон” шаҳарчаси қизғин давом этаётир. Хусусан, ушбу маҳаллада ҳам Алоқа вазирлигининг 330 миллион сўм хомийлик маблағи ҳисобидан кам таъминланган фуқаролар истиқомат қилувчи 2 та 4 қаватли уй-жойнинг том қисми тўлиқ таъмирлаб берилди.
Ҳудудларни обод қилишда кўзда тутилган мақсад аввало аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишдир. Шу мақсадда янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этишга, иш ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Бўстонда пахта тозалаш корхонасининг 100 ўринли янги тикувчилик цехи қурилиши хотин-қизларни иш билан таъминлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Бундан ташқари, ҳудудда хорижий сармоя ҳисобидан 500 ишчи ўринли янги тикувчилик цехи ҳам қурилаётир.
Юрт ободлиги кўнгил ободлигидан бошланади. Ҳамма амалга оширилаётган ишлар ана шу мақсадга – оилаларнинг турмушини фаровон, одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган. Давлатимиз мустақиллигининг қутлуғ тўйи олдидан амалга ошираётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари зарбдорликлар қалбини фахр ва ифтихорга тўлдирмоқда.
1.jpg
4.jpg
10.jpg
21.jpg
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!