» » Жиззах вилояти прокурори арнасойликларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашди

Жиззах вилояти прокурори арнасойликларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашди

27 август 2019 г 1 822 Комментарии: 0

Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли орасида бўлиши, муаммоларни аниқлаб, уларга ечим топишга ёрдам бераётгани одат тусига кираётгани қувонарли.

Бу анъана Жиззах вилоятида ҳам йўлга қўйилган. Жиззах вилояти прокурори Ислом Эргашхўжаев вилоятнинг чекка туманларидан бири - Арнасой туманида бўлиб, сайёр қабул, очиқ мулоқот тадбирлари ташкил қилиш билан бирга таълим муассасалари, хонадонларда бўлиб, ҳақиқий вазият билан танишди.
Чинобод маҳалласида ўтказилган оммавий сайёр қабулдан сўнг ишчи гуруҳ билан биргаликда Улуғбек кўчасида ташкил этилган “Фарангиз” хусусий мактабгача таълим муассасасида болаларнинг таълим-тарбияси ва яратилган шарт-шароитлари билан танишилди.
Ишга тушиши кутилаётган яна бир оилавий “Камалак” номли хусусий мактабгача таълим муассасаси раҳбари Н.Жангирова ишчи гуруҳ келганидан фойдаланиб, жиҳозлашда амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг мурожаатини ҳал қилишга ёрдам бериладиган бўлди.
Уйма-уй юриш асносида Мирзо Улуғбек кўчасида яшовчи фуқаро С.Умматовнинг оила аъзолари билан суҳбат ўтказилганда уй-жой кадастри ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўралди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли мутасаддиларга қисқа фурсатда ҳал қилиш юзасидан топшириқ берилди.
Мирзо Улуғбек кўчаси 33-уй, 2-хонадонда яшовчи М.Хувайдоевнинг хонадони ўрганилганида, хонадон эгасини анчадан буён қийнаб келаётган сув чиқаришга мўлжалланган насос аппаратига муҳтожлиги аниқланди. Ушбу фуқаронинг муаммоси жойида ҳал этилди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек кўчаси 19-уй, 1-хонадонда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Т.Низомиддиновнинг хонадонига кирилиб, беморнинг ҳолидан хабар олинди, совғалар берилди.
Яна ташкил этилган сайёр қабулда 200 дан зиёд фуқаро қатнашиб, шундан 23 нафари ўзларининг муаммо ва таклифлари билан мурожаат қилишди. Мурожаатлар асосан ички йўлларни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш, маҳалла аҳолиси учун тиббиёт хизмат кўрсатиш хонаси қуриб бериш, иш ҳақи ундириш, уй-жой, ижтимоий нафақа тайинлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, электр энергияси, ер ажратиш ва бошқа масалаларга оид бўлди.
Мазкур мурожаатларнинг 2 таси жойида ҳал этилган бўлса, 1 таси юзасидан тушунтириш берилди, 1 та мурожаат юзасидан жойига чиқиб, ўрганилди. Қолганлари юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва молия бошқармаларига, вилоят электр тармоқлари корхонасига, вилоят Марказий банкига, туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бошқармасига, туман автойўл корхонасига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ҳар бир мурожаатнинг ижроси юзасидан муддатлар белгилаб берилди ва алоҳида назоратга олинди.
Бундан ташқари, қабул жараёни давомида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилиб, 336 нафар фуқаролар қабул қилиниб, соғлигидан безовта бўлган фуқаролар кўрикдан ўтказилди. Натижасига кўра, 1 нафар фуқарога даволаниши учун йўлланма ва 1 нафарига ордер берилган бўлса, 75 нафарига малакали тиббиёт соҳасининг мутахассислари томонидан амбулатор даволанишлари учун тегишли тавсиялар берилди. Тадбир давомида ҳудуд аҳолисига арзонлаштирилган нархларда ун маҳсулотлари ва газ баллонлар тарқатилди.
Муаттар РЎЗИБОЕВА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!