» » Ш. Рашидов туманида «Китоб олами» савдо мажмуаси очилди

Ш. Рашидов туманида «Китоб олами» савдо мажмуаси очилди

29 август 2019 г 2 239 Комментарии: 0

Шароф Рашидов туманида «Китоб олами» савдо дўкони ва “ Электрон ҳалқ кутубхонаси”нинг очилиши мустақилликнинг 28 йиллик тантаналарига муносиб совға бўлди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу дўконда ижтимиоий-сиёсий, маънавий –маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти, дарсликлар каби бўлимлар ташкил этилган бўлиб, уларда 200 номдаги жами 8 мингдан зиёд китоб жой олган. Энг қизиғи бу ерга  ташриф буюрган мактаб ўқувчилари ва китобхонлар учун болалар бурчаги ва кафе ҳам мавжуд.

Туман марказидаги “Хотира Боғи” да ташкил этилган “Электрон ҳалқ кутубхонаси”да  5 мингдан зиёд китобни  интернет орқали бемалол  мутолаа қилиш мумкин.

Тантанали тадбирда Ш.Рашидов туманида яшаб ўтган, ҳар ишда намуна ва ўрнак бўлган, фидойи ва меҳнаткаш инсонлар хотирасига бағишланган  “Қалбларда яшаётган одамлар ” хотира китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу хотира китобида тилга олинган инсонларнинг фарзандлари ва яқинлари ҳам тадбирга таклиф этилди.

“Ҳалқ ҳофизи марҳум Орифхон Хотамов асл Жиззахлик эканликларини кўпчилик билмаса керак. Ўзбек мақом санъатининг устаси, буюк ҳофизнинг ушбу китобга киритилиши биз шогирдларини бениҳоя шод этди. Бастакор ва мақом устаси Орифхон Хотамовнинг ҳалқимиз учун қилган хизматлари беқиёс, китобда у кишининг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бир қатор маълумотларни киритилиши келажак авлод учун ниҳоятда муҳим. Тадбирда уларнинг фарзандлари яқинлари ва шогирдлари томонидан тилга олинган устознинг  ҳаёт тарзи, иш фаолияти билан боғлиқ қизиқ ва тарбиявий аҳамиятга эга воқеа ва ҳодисалар бир умр сабоқ бўлиб қолади. Уларнинг хизматлари ҳеч қачон унутилмайди”, - дейди Халқ Ҳофизи Бекназар Дўстматов.

“Таъкидлаш жоиз, бугун республикамизнинг барча умумтаълим мактабларида санъат, мусиқа ва спортга  қизиқувчи ёшлардан иборат ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилаётир. Беш муҳим ташаббус доирасида олиб борилаётган таҳсинга лойиқ ишлар, ижодкор ва иқтидорли ёшларнинг сафи кенгаяётганлиги қувонарли. Айниқса, мақом санъатига қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани таҳсинга лойиқ. Бугун туманда ташкил этилган “Дуторчи қизлар” жамоаси ижросидаги куй ва қўшиқлар, рубобчи йигитларнинг чиқишлари ва классик ижролар жуда ёқди. Санъатга ошуфта ёшларимизнинг қизиқишлари ўй-фикрлари орзу ва ҳаваслари бизни ҳаяжонга солди, ниятимиз Жиззахдан буюк ва дунёга машҳур санъат арбоблари етишиб чиқсин”-дейди Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева.  

Тадбир сўнгида энг намунали ҳаваскорлик жамоаларига ва иқтидорли ёшларга Ш.Рашидов туманидаги 4 та сектор вакиллари томонидан 100 миллионлик мусиқий асбоб ва спорт анжомлари ва ҳомийлик совғалари топширилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!