» » Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Жиззахга келди

Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Жиззахга келди

30 август 2019 г 2 674 Комментарии: 0

2019 йил 30 август куни халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Сессияда қайд этилганидек, вилоятда саноат ва қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш тармоқларини жадал ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини тараққий топтириш – куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Бу мақсадларга эришишда, аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг сони 17 мингдан ошиб, жорий йилнинг ўзида уларнинг сони қарийб 14 фоизга кўпайган бўлса-да, фаолияти тўхтаб қолган 4 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг мавжудлиги, бу рақам ҳам ўсиб бораётгани хавотирли ҳолатдир.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган тадбиркорлик ривожи йўлидаги долзарб масалаларни ўрганиш жараёни, одамлар билан мулоқотлар, бу борада   жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига вилоятда 2326 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 672 таси ёки 29 фоизи айланма маблағлари етишмаслиги, солиқ қарзини тўлаш манбаси ва кредит олиш учун гаров йўқлиги натижасида ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган. Рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилотлар томонидан аниқ механизм ишлаб чиқилмаган.

Сессияда қайд этилганидек, вилоятда кейинги пайтларда экспорт ҳажмини ошириш бўйича ишлар ўз самарасини бераётган бўлса-да, бу борада ҳам ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Экcпopт билaн шуғуллaнувчи кopхoнaлapни тaшқи бoзop кoнъюнктуpacидaги ўзгapишлap, иcтиқбoлли бoзopлap, paқoбaтчилap тўғpиcидa oлиб бopилгaн тaдқиқoтлар нaтижaлapи билaн тaништиpиб бopиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Жиззах эркин иқтисодий зонаси ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди. Инфратузилма, жумладан электр энергияси таъминоти, канализация тармоқлари ва йўллар ҳолати билан боғлиқ муаммолар тадбиркорлик субъектлари фаолияти самарадорлигига тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари, тегишли ишчи комиссияларнинг ижобий хулосалари қабул қилинган 274 та бўш турган ер участкалари шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан “E-IJRO AUKSION” савдоларига қўйилмаган.

Шу билан бирга, вилоятда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш, айниқса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. Давлат дастурида белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун йил давомида ажратилиши лозим бўлган 102 млрд. сўмдан бор-йўғи 20,5 млрд. сўм ажратилган бўлиб, дастур 20 фоизга бажарилган, холос.

Мажлисда кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани – тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо эканлигига алоҳида урғу берилди.
Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 110 млрд. сўм қарздорлик юзага келган, шундан 61 млрд. сўми муддати ўтган муаммоли кредитлар эканлиги таъкидлаб ўтилди. Бундай ҳолат тижорат банкларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши баробарида миллиардлаб сўмлик маблағларни тадбиркорлик ривожи учун қайта йўналтириш имконини ҳам чекламоқда. Эътиборлиси, муаммоли қарздорликнинг асосий қисми давлат мақсадли дастурларида белгиланган йўналишларга ажратилган кредитлар бўйича юзага келган.

Сессияда сўзга чиққанлар қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ташкилотларини жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаб олиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини таъкидлашди. Хусусан, масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг аниқ рўйхатини шакллантириб, келгусида улар ишини қайта йўлга қўйиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Сессияда кўриб чиқилган масала юзасидан халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!