Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Одам савдосига қарши қандай курашиш лозим?

Одам савдосига қарши қандай курашиш лозим?

31 август 2019 йил
121
0

ХХI асрнинг дастлабки йиллари илм-фан ва техника ривожининг шиддатли тус олганлиги, ахборот алмашинуви тизимининг тубдан такомиллашганлиги билан инсоният тарихида ўзига хос давр бўлди.

Бу жараёнда дунё мамлакатлари халқаро муносабатларда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий илм-фан, таълим соҳаларидаҳамкорлик қилиш, умуминсоний қадриятлар билан боғлиқ муаммоларни биргаликдаҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Бунинг натижасида мамлакатлараро миграция жараёнлари бирмунча фаоллашди, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, туризм ва шу каби турли мақсадларда бош­қа давлатларга чиқиши, эркин фаолият олиб бориши учун имкониятлар янада кенгайди. Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда айрим трансмиллий жиноятларнинг ортиши ҳам кузатилмоқда. Одам савдосиҳам ана шундай жиноятлардан биридир.

Одам савдоси - инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосийқадриятга айланган ушбу даврда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби жиноятлар қаторида оғир оқибатларни келтириб чиқаради.

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Ушбу қоида БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, шунингдек, бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган.

Одам савдоси эса инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етказади, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Одам савдоси деб аталмиш ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат,қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишлар туради.

Дунё мамлакатларида одам савдосига қарши кураш масаласига жиддий эътиборқаратилиб, бу тадбирга давлат идоралари, қолаверса, жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилмоқда.

Дунёда одам савдоси билан боғлиқ вазият таҳлили бу борадаги аҳволнинг ҳамон жиддийлигича қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгач, тадбиркорлик, хусусий бизнесга кенг йўл очилди. Хорижий давлатлар билан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорлик ўрнатилди. Юртимиз фуқароларининг хорижий мамлакатларга бемалол чиқишлари учун имконият ва етарли шарт-шароитлар яратилди.

Афсуски, айрим шахслар бундай шарт-шароит ва имкониятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, фуқароларимизни турли алдов ва фирибгарлик билан хорижга олиб чиқиб кетишга уринмоқдалар. Бунинг оқибатида юртимиз фуқаролариҳам одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Таҳлиллар мамлакатимиз фуқароларининг фоҳишалик билан шуғуллантириш учун асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия,Ҳиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста-Рика давлатларига, мажбурий меҳнат ёки хизмат кўрсатиш учун эса Қозоғистон ва Россияга олиб чиқиб кетилаётганлигини кўрсатмоқда.

Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра жаҳон миқёсида ҳар йили 700 мингдан 4 миллион нафаргача одам сотилмоқда, сотиб олинмоқда ёки зўрлик билан ушлаб турилибди. Одам совдоси, мана, бир неча ўн йилдирки, жиноятчилар учун сердаромад манбалардан бири бўлиб қолаяпти. Германияда чоп этиладиган «Der Spiegel»нашрининг хабар беришича, биргина Европа қитъасида одам савдоси билан шуғулланувчи 3600 та халқаро уюшган жиноий гуруҳ фаолият юритмоқда, бу гуруҳлар йилига 25 миллиард евро даромад кўраяпти.

Халқаро миграция ташкилотининг маълумотларига кўра 21 миллиондан 35 миллион нафаргача киши қулликнинг замонавий шаклларидан азият чекмоқда. Мазкур бизнес билан шуғулланувчиларнинг йиллик даромди 32 миллиард АҚШ доллорига тенг. Одам савдоси жабрланувчиларининг 44 фоизи мигрантлар бўлиб, ўртачаҳисобда ҳар йили 45 минг киши мазкур жиноят қурбони бўлади. ХМТ ташкил этилгандан буён 11 миллиондан ортиқ одам ташкилотнинг саъй-ҳаракати билан мазкур чоҳдан қутқарилди.

Афсус билан таъкидлаш керакки, дунё­да одам савдоси бозори ва унга талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу боис, жиноий тузилмалар ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланишнинг турли йўлларини қи­дириш, мақсадини амалга оши­ришни енгиллаштириш учун халқаро жиноий уюшмалар ташкил этиш, давлат хизматчиларини ўзларига оғдириш па­йида бўладилар. Бу эса трансмиллий уюшган жиноятчилик, коррупция каби хавфли иллатларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлади.

Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ўз "кирдикорлар"ини яшириш мақсадида бундай савдонинг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга ҳаракат қиладилар. Аввало, бунинг учун одамларни хорижга ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга, паспорт ва шахсийҳужжатлариниқалбакилаштиришга уринадилар.

Бу ҳолат эса ноқонуний миграция салмоғининг ортишига, муайян давлат ҳудудига ноқонуний кириб келганлар сонининг ортиб, иқтисодий, демо­график ва криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатишига, шунингдек, хорижга чиқиш ва муайян давлатҳудудида бўлиш қоидаларининг бузилишига олиб келади.

Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар бундай савдонинг қурбонига айланаётганларни имкон қадар ўз назоратида ушлаб туриш ва кўпроқ фойда олиш мақсадида уларнинг шахсига оид ҳужжатларни ноқонуний эгаллаб, хорижий давлатда эркин ҳаракатланишига, ўз давлатининг тегишли ваколатхоналарига мурожаат этишига тўсқинлик қиладилар. Оқибатда бундай шахслар ўзини ҳуқуқийҳимоя­лаш имкониятидан маҳрум этилади.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ўз хусусиятига кўра латент характерга эга. Чунки одам савдоси қурбонлари уларга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлиши ёки ўзининг ноқонуний хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чў­чиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмайдилар. Бундай ҳолат одам савдоси билан шуғулланган шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришига олиб келади.

Президентимиз таъкидлаганидек, ҳуқуқий демократик давлатда инсон тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун, биринчи навбатда, унинг хавф­сизлиги таъминланиши, ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатлари, қадр-қиммати, ҳаёти ва соғ­лиғи ҳар қандай тажовузданҳимоя қилинган бўлиши шарт.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг жамиятимизга олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини чуқур англаган ҳолда, ўтган йиллар мобайнида республикамизда бундай жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига бар­ҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди.

2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабулқилинди. Давлатимиз одамларнинг яширин трафигига қар­ши курашиш ва унингқурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди.Унга асосан одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, о.с.дан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият эканлиги белгилаб қўйилган.

Албатта, кўрилаётган чора-тадбирлар одам савдосидан жабрланганларни нормал турмушга қайтариш, уларнинг жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳис этиб яшашига эришишда муҳим восита бўлмоқда.

Одам савдосининг тўлиқ олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Бундай глобал муаммога глобал миқёсда кураш олиб бориш керак. Ҳудуду чегарани ҳам, давлату миллатни ҳам танламайдиган бу иллатга барҳам беришда давлатларароҳамкорлик, кенг миқёсдаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

Эштемир ИСМАТОВ,
вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар
билан алоқалар бўйича ўринбосари

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар