» » Арнасойда бу йил байрам ўзгача

Арнасойда бу йил байрам ўзгача

31 август 2019 г 2 326 Комментарии: 0

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Илғор ҳудуд» дастурларини ҳудудларга ободлик, кўркамлик ва замонавийлик бахш этувчи қудратли тўлқинга қиёслагинг келади. Шу тўлқин сабаб бугун юртимиз чирой очяпти, одамларнинг турмуш маданияти юксалмоқда, бугуни ва эртасига ишончи ортаётир. Жиззах вилоятининг Арнасой тумани марказига йўлингиз тушса, айни шу хулосага келишингиз тайин.

Арнасойни илғор ҳудудга айлантиришга қаратилган тадбирларга мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 3 январдаги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармони асосида киришилди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлашга эса республика Ички ишлар вазирлиги масъул этиб белгиланди.

Ўтган қисқа давр мобайнида туманда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари бинолари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, корхоналар, аҳоли турар жойлари таъмирланди, янгилари барпо этилди.

Анъанага кўра, юртимиз мустақилликка эришган қутлуғ кун арафасида бир қатор ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов ва Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этди.

Дастлаб мато ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Arnasoy gold teks» масъулияти чекланган жамиятининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир аввалида йиғилганлар улуғ айём билан қутланиб, мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтилди. Йилига 50 миллион АҚШ долларига тенг қийматда маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 450 та замонавий тикув дастгоҳига эга корхонага дастлабки босқичда 800 нафар ишчи олиш, кейинчалик иш ўринлари сонини 1200 тага етказиш ҳамда маҳсулотларни Туркия, Россия, Германия ва Осиёнинг бир қатор давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилаётгани таъкидланди.

Меҳмонлар корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Тадбир давомида ИИВ Маданият саройи ашула ва рақс ансамблининг концерт дастури намойиш этилди.

Шундан сўнг туман ахборот-кутубхона марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур марказ қурилишига Ички ишлар вазирлиги ҳомийлик қилди. 50 минг дона китоб сиғимига эга, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш мумкин бўлган кутубхона Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бирининг ижроси сифатида баҳоланди.

Кенг жамоатчилик вакиллари ахборот-кутубхона марказида яратилган шароитларни кўзда кечиришди. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов марказни янги адабиётлар билан бойитиш, бу ерга китобхонларни, хусусан, ёшларни жалб этишга оид тавсиялар берди.

Худди шунингдек, вазирлик маблағлари ҳисобидан қисқа муддатларда қуриб битказилиб, барча шароитлар яратилган туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими биносининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Шу куни туман марказидаги Хотира хиёбони ҳам очилди. Тадбирда барча Истиқлол айёми билан қутланиб, ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Хиёбон марказидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги маблағи ҳисобидан таъмирланиб, жиҳозланган 140 ўринли «Наврўз» мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрилди. Шунингдек, Самарқанд маҳалласидаги кўп қаватли уйларга кириб, таъмир сифатини баҳоладилар.

— Президентимиз ташаббуси билан туманимизда улкан ўзгаришлар юз берди, — дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Бекпўлат Эшпўлатов. — Кўчалар кенгайди, тунда ҳам ёп-ёруғ, ҳамма бинолар янгича кўриниш олди. 41 та кўп қаватли уй худди кеча қурилгандек таъмирланди, ўнлаб савдо, ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга тушди. Ичимлик суви, электр, газ, оқова сув тармоқлари янгиланди. Эътиборлиси, одамлар нафақат шароити қулай уйларда яшаяпти, балки иш жойларига ҳам эга бўлаётир. Шундан халқимизнинг қалби қувончга тўлган, ҳамманинг юзида мамнунликни кўрасиз. Бу ўзгаришлар бошида турган Президентимиздан ҳамда Ички ишлар вазиридан арнасойликлар чексиз миннатдор.

Ўтган вақт давомида туман маданият маркази биноси ҳам капитал таъмирдан чиқарилиб, кўркам қиёфа касб этди. 288 ўринли марказнинг очилиш маросимида бу ерда мунтазам концертлар, театр томошалари, маърифий тадбирлар уюштириш, бадиий фильмлар намойиш этиш, санъат тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилаётгани айтилди. Шундан сўнг марказда «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида ИИВ Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли, Ўзбек миллий академик драма театри санъаткорлари иштирокида концерт дастури ташкил этилди.

Дарвоқе, Арнасойдаги иншоотларнинг очилиш маросимлари Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги нишонланган санага тўғри келди. Бу байрамга ўзига хос шукуҳ ва кўтаринкилик бағишлади.

Булар ҳаммаси эмас, Арнасойни илғор ҳудудга айлантиришга қаратилган тадбирлар давом этмоқда. Йил охиригача яна бир қанча корхоналар ва ижтимоий соҳа объектлари ишга туширилади. Асосийси, бунёдкорлик ҳисси одамлар кўнглига кўчган. Демакки, Мирзачўлнинг кенжа кенти чирой очишда давом этади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!