» » «Жиззах таълим имиджини яратамиз» — Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси

«Жиззах таълим имиджини яратамиз» — Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси

07 сентябрь 2019 г 3 602 Комментарии: 0

Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари Дилфуза Садриддинова вилоятда бугунги кунда халқ таълими тизимидаги янгиликлар, муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ўз фикрларини билдирди.

Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасига раҳбар этиб сайланганимга кўп бўлгани йўқ. Вилоятимиз таълим тизимини ривожлантириш борасида бугунги кунда қисқа вақтда бўлса-да, бир қатор лойиҳалар амалга оширишга эришдик деб ўйлайман. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини ошириш, уларни ривожлантириш, мактабда маънавий соғлом муҳитни яхшилаш мақсадида “Устоз-шогирд” тамойилида “Progress” ривожлантириш клуби лойиҳаси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Вилоятимизда мавжуд 542 та мактаб туманлар кесимида 3 тоифада таҳлил этилди, яъни “Юқори ривожланган” мактаблар, “Ўртача ривожланган” мактаблар ва “Паст рентабилли” мактаблар. 542 та мактабдан 144 таси илғор, 270 таси ўртача фаолият кўрсатади ва 131 та мактаб ёрдамга муҳтож, ушбулар аниқлангач, клубнинг Низоми ишлаб чиқилиб, илғор-юқори кўрсатгичларда фаолият кўрсатаётган мактабларга паст натижаларда ҳаракатланаётган мактаблар раҳбарларини бириктириш, ушбу мактабда устоз-шогирд тамойилида аниқ ўрганиши ва ўргатиши лозим бўлган вазифалар белгиланди ва амалиётга йўналтирилди.

Вилоят халқ таълими тизимида муаммолардан яна бири ариза ва шикоятларнинг кескин кўпайгани, аксарият ариза ва шикоятлар мактаб раҳбарларининг ножўя хатти-ҳаракатлари, ота-оналар ва педагогларнинг ўртасидаги муносабатнинг бузилганлиги натижасида юзага келганлиги аниқланди. Буларни бартараф этиш борасида, “Жиззах-таълим, адолат ва ишонч” телеграм боти очилиб, унга вилоятдаги барча ота-оналар ва ўқитувчи педагогларни аъзо қилиш ва тарғибот ишлари бошланди. Ботга мурожаатлар жойларда ўрганилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Натижада, 2 ойлик таҳлилларга кўра, жисмоний шахсларнинг мурожаатлари жорий йил июль ойида жами 66 та турли кўринишда қайд этилган бўлса, август ойида бу мурожаатлар 32 тани ташкил этди.

Бугунги кунда  Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасининг ўзида “Progress” ривожлантириш лаборатория Маркази ташкил этилди. Унга алоҳида хона ажратилиб, 20 дона замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланди. Марказ онлайин кузатув ва масофавий ўқитишга мўлжалланган бўлиб, унинг мақсад ва вазифалари раҳбар кадрлар фаолиятини прогнозлаштириш, малакасини ошириш, захира кадрлар банкини яратишдан иборат. Бугунги кунда 542 та умумий ўрта таълим мактаб директорлари лабораториядан ўтказилиб, аниқланган бўшлиқлар юзасидан шу марказнинг ўзида ўқувлар  ташкил этилди. Бу лаборатория маркази тизимли равишда ишлаши таъминланади. Марказ иши раҳбар ва педагог ҳодимларнинг бугунги кунда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни амалда жорий этиш йўллари, таълим муассасалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш кўникмаларини шакллантириш, энг аввало таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилгандир. Марказга тажрибали, ҳозирги кунда нафақадаги фахрий устозимиз Саидаҳмад Мирзабеков раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, ушбу марказ қошида чекка ҳудудларда фаолият кўрсатаётган педагогларга методик хизмат кўрсатиш тизими жорий этилиши режалаштирилган

Айни кунларда ўқувчиларнинг  иқтидорини аниқлаш ва уни юксаклаштириш, илмий- амалий ёндашув билан болаларни билимга қизиқтириш масалаларига эътибор қаратиляпти. Халқ таълими бошқармаси қошида “Интеллектуал келажак” болалар академияси ташкил этилмоқда. Шу кунларда Германиядаги энг нуфузли гимназиялари билан ҳамкорлик қилиш борасида музокаралар олиб боряпмиз,  энг тажрибали ўқитувчиларнинг айнан вилоятимизга ишлашга таклиф этиш ниятидамиз. Бугун биз Инновацион таълимга кириш учун соғлом рақобатни кучайтиришимиз керак, бу борадаги режаларимизни босқичма-босқич амалга оширамиз. 

Барча мактабларда бўлгани каби вилоятдаги умумтаълим ўқув даргоҳларида ҳам “Билимлар куни” ни нишонланди, “Мустақиллик дарс” лари бўлиб ўтди. Бу дарсларни вилоят ҳокимлигидан тортиб барча ташкилот раҳбарлари ўтиб беришди. Мактаб педагогик жамоалари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан ташкил этилган учрашувлар ва дарс соатлари мамлактимизнинг эртаси бўлган ўқувчи ёшлар кўнглида эзгу орзу умидлар уйғотиши шубҳасиз.

Республика раҳбарининг 23 август кунги видеоселекторида қуйидагилар таъкидланди, яъни мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим тарбиянинг асоси, пойдевори бу — мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир. “Мактаб бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи” биз шу мактабда шундай келажакни тарбия қилайликки, токи улар интеллектуал билимли, ижодий ва танқидий фикрловчи, қатъий позицияга эга бўлиш билан бир қаторда, маданиятли, маърифатли, онгу шуури илм билан йўғрилган, ватанпарварликни юракдан ҳис эта оладиган, камтар, самимий, садоқатли ва адолатли бўлсин.

Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!