» » “Тўмарис” – Жиззах театрида

“Тўмарис” – Жиззах театрида

10 сентябрь 2019 г 1 821 Комментарии: 0

Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театри ўзининг янги – 98-мавсумини тарихий мавзудаги “Тўмарис” спектакли билан бошлади.

Спектакль премьерасида театршунослар, ижодий ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари, томошабинлар иштирок этди. Премьера муҳокамасида тарихий шахслар саҳнада ишончли бадиий талқин қилингани, асарда Тўмарис нафақат Шарқ аёли тимсоли, балки “Ватан ҳар нарсадан улуғ ва азиз” деган ғояни илгари сурувчи қаҳрамон сифатида гавдалангани эътироф этилди.
Милоддан аввалги VI асрда Турон халқларининг Аҳамонийлар босқинига қарши курашига раҳбарлик қилган жасур саркарда Тўмарис юртимизда ватанпарварлик тимсоли сифатида улуғланиб келинади. Қадимий юнон тарихчиси Геродотнинг “Тарих“ асарида ёзилишича, Аҳамонийлар давлати асосчиси Кир II милоддан аввалги 530 йилда Туронга бостириб кирганида, Амударё бўйлари ва Қизилқумда яшаган массагетлар билан босқинчилар ўртасида шиддатли жанглар бўлган.
Узоқ вақт давом этган оғир жангда массагетлар ғалаба қозонган. Малика Тўмариснинг буйруғи билан Кирнинг кесилган боши инсон қони билан тўлғазилган мешга солинган. “Қонга жуда ташна эдинг, энди ич, қонхўр” – Тўмарис тилида айтилган бу хитоб урушга, зўравонликка қарши чақириқ сифатида бугун ҳам одамлар қалбини ларзага солади.
Тўмариснинг жасорати ва ҳарбий-сиёсий фаолияти тўғрисида халқ достонлари яратилган, жангнома ва ривоятлар тўқилган. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг “Ойсулув“, Иброҳим Юсуповнинг “Тўмарис“ достонлари, композитор Улуғбек Мусаевнинг “Тўмарис” балети ана шу қаҳрамонга бағишланган. Болалар учун мультфильм яратилган.
Аммо улар орасида ёзувчи Миркарим Осимнинг “Тўмарис“ қиссаси тарихий ҳақиқат аниқ акс эттирилган асар ҳисобланади. Ўзининг “Астробод”, “Широқ”, “Искандар ва Спитамен”, “Темур Малик”, “Маҳмуд Торобий”, “Ўтрор”, “Зулмат ичра нур”, “Аждодлар қиссаси”, “Жайҳун устида булутлар”, “Алжабрнинг туғилиши”, “Ибн Сино қиссаси”, “Синган сетор” сингари қиссалари билан ўзбек адабиёти хазинасига бебаҳо ҳисса қўшган Миркарим Осим массагетлар маликаси қаҳрамонлигини ҳам тарихий манбалар асосида ишончли тасвирлаб берган.
Шу боис театр бош режиссёри, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирланган Илҳом Норматов саҳнада Тўмарис образини яратишда айнан Миркарим Осим қиссасини асос қилиб олди.
Ушбу драматик асарда массагетлар маликаси Тўмариснинг афсонавий жасорати турли қарама-қаршиликлар ва тўқнашувлар, шу жумладан, характерлар, мақсадлар тўқнашуви орқали бадиий тасвирлаб берилган. Спектакль инсценировкасида қўшимча персонажлар киритилгани ҳам асарни мазмунан бойитишга, томошабоплигини оширишга хизмат қилган.
Албатта, ҳар қандай спектаклнинг муваффақияти актёрлар маҳоратига боғлиқ. Шу ўринда премьерада марказий образ – Тўмарис ролини театрнинг иқтидорли актрисаси Наргиза Мирзаева муваффақиятли ижро этгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Абдусоли Норматов, Олия Эштўхтарова, Жамила Деҳқонова, Римма Абдуллаева ижросидаги тарихий персонажлар тўлақонли яратилгани спектаклнинг томошабинларга манзур бўлишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган дейиш мумкин.
– Президентимиз томонидан мамлакатимизда театр санъатини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор туфайли кейинги икки йилда катта ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди театр директори Нодира Алимова. – Шу даврда театр биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, моддий базаси мустаҳкамланиши туфайли ижодкорларга ҳам, томошабинларга ҳам барча қулайликлар яратилди. Жамоамизда йирик пландаги, юксак инсоний ғояларни тарғиб қилувчи асарлар саҳналаштирилаётир. “Тўмарис”нинг саҳналаштирилиши ҳам театр жамоасининг дадил қадами бўлди.
Спектакль ҳақида кўпчилик ижобий фикр билдирди. Демак, театрда амалга оширилаётган янгиланиш, ўзгаришлар ўз самарасини бермоқда.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!