» » Бахмал туманида ўтган сайёр қабулда аҳоли мурожаатлари ҳал этилди

Бахмал туманида ўтган сайёр қабулда аҳоли мурожаатлари ҳал этилди

17 сентябрь 2019 г 1 976 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизни барқарор тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унинг ижросини таъминлаш бугуннинг муҳим талабидир.

Бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари синчиклаб ўрганилиб, уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш, навбатдаги долзарб вазифаларни белгилаб олишда сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этяпти.

Жиззах  вилояти  ҳокими,  биринчи  сектор раҳбари Эргаш Салиев Бахмал тумани “Нурафшон” МФЙнинг “Тонготар” қишлоғида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда вилоятдаги 4 та сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишни бошқарган вилоят ҳокими Эргаш Салиев қатнашчилар эътиборини сайёр қабуллар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлашдаги масъулиятини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Фуқароларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаслиги, уларнинг барча саволларига вилоят корхона ва ташкилотларининг раҳбарлари очиқ-ойдин жавоб беришлари ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг сайёр қабулга вилоят корхона ва ташкилотлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, секторлар ҳамда идора ва муассасалар раҳбарлари жалб этилди.

- Қабул давомида 96 та фуқаролар иштирок этишди. Муаммоли масалалар юзасидан мурожаатларнинг 20 таси жойида ҳал этилган бўлса, 10 та фуқарога хуқуқий тушунчалар берилди,-дейди  ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича вилоят ҳокимининг 1-сектор штаби котиби Фазлиддин Элчибоев. -66 та фуқаронинг 66 та мурожаати тегишли вилоят раҳбарларига ижроси қонун доирасида ўрганиб ижобий ҳал этиш топшириғи берилди.

Фуқароларнинг мурожаати асосан йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, тижорат банкларидан кредит олишда кўмаклашиш, ишга жойлашиш каби муаммолар ҳақида бўлди.

Жойида ҳал этиш имкони бўлган мурожаатлар юзасидан талаблар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганишни тақозо этадиган долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан ечимини топиш ваколатига эга бўлган корхона, ташкилот, муассасаларга муддат белгиланиб, тегишли органлар томонидан назоратга олинган ҳолда топшириқлар берилди.

Сайёр қабул давомида қайд этилган мурожаатларнинг асосий қисми ижтмоий-иқтисодий масалаларга оид бўлиб, барчаси назоратга олинди ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!