» » Вилоят ҳокими раислигида ўтган навбатдаги идоравий йиғилишда вилоятга оид бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди

Вилоят ҳокими раислигида ўтган навбатдаги идоравий йиғилишда вилоятга оид бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди

18 сентябрь 2019 г 1 749 Комментарии: 0

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев раислигида ўтган навбатдаги идоравий йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, бошқармалар, ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30-31 март ва жорий йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси кўриб чиқилди. Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги ташрифи чоғида берилган топшириқларнинг 99 фоизи бажарилди. Лекин муддати келган 2 та топшириқнинг бажарилиши мутасадди ташкилотларнинг айби билан орқага суриб келинмоқда. 2019 йилнинг 30-31 январь кунлари Юртбошимиз томонидан юклатилган 158 та топшириқ адо этилди. Бироқ 11 та топшириқнинг ижроси ҳамон кечикаяпти. Вилоят ҳокими ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берди.

Йиғилишда жорий йилдаги пахта йиғим-терими мавсумига пухта ҳозирлик кўриш, ғўзани тез фурсатда дефолиация қилиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Вилоят раҳбари тўққиз ойлик прогноз кўрсаткичлари режасини бажаришни пайсалга солаётган корхона ва ташкилотлар, шаҳар ва туманларнинг раҳбарларини кескин танқид қилди.

Йиғилишда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг туман филиаллари ва аҳоли (юридик шахслар) ўртасида чиқинди ташиш хизмати учун шартномаларнинг тузилиши ва  тўловларнинг амалга оширилиши масаласи кўриб чиқилди. 

Ушбу корхонага 2 миллиард 517 миллион сўм қарз ундирилиши лозим эди. Лекин 22 та вилоят ташкилотлари қарзларини ўз вақтида тўламаяпти. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги,  тиббиёт, банк, ўрта махсус таълим ва мактабгача таълим муассасалари тўлов интизомига риоя қилмаётганлиги танқид қилинди. Бундан ташқари, аҳолидан қарзларни ундириш талаб даражасида эмас.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга муносабат билдирилди.  Жорий йилнинг январь-август ойлари мобайнида аҳоли томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилояти бўйича Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига қилинган барча мурожаатлар ижобий ечим топган. Вилоят ҳокими жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиб, ҳал этган вилоят ташкилотлари, шаҳар ва туман ҳокимларига ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Фақат такрорий мурожаатлар ҳали ҳам бор. Масалан, Жиззах шаҳар ҳокимлигига бир фуқаро учинчи марта мурожаат қилаяпти. Лекин ҳанузгача фуқаронинг мурожаатида кўтарилган муаммо ҳал этилмаган.

Вилоятимиз раҳбари мурожаатлар тўғрисида гапирар экан, вилоятимиздаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига келаётган мурожаатлар бўйича қилинаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлаб ўтди. Жумладан, Жиззах шаҳрида 5 та, Зафаробод туманида 1 та муддати ўтган мурожаатлар мавжуд. Бундан ташқари, уй-жой, ичимлик суви, электр энергия таъминоти, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар бўйича мурожаатларнинг муддати ўтганлиги раҳбарларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошаётганлигини кўрсатмоқда.   

Вилоят ҳокими томонидан шаҳар ва туманларда ўтказилган сайёр қабулларда 1044 та мурожаат қайд этилган бўлиб, уларнинг 938 таси ижобий ҳал этилган. 105 та мурожаат бўйича муаммолар бартараф этилмаган. Ғаллаорол туманида 44 та, Фориш туманида 34 та аҳоли мурожаатлари юзасидан бирор иш қилинмаганлиги ачинарлидир.

Вилоят ҳудудига  тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш  бўйича тўққиз ойлик режа шу кунгача 59 фоизга етди. Сентябрь ойи тугашига 14 кун вақт қолишига қарамай Зафаробод (32 фоиз), Бахмал (28 фоиз), Пахтакор (30 фоиз) Дўстлик ва Янгиобод (13 фоиз) туманларининг бу ишга мутасадди раҳбарлари ҳамон сусткашликка йўл қўймоқдалар.     

Идоравий йиғилишда ҳудудий экспорт прогноз топшириқларининг ижроси чуқур таҳлил этилди. Экспорт режасини бажаришда Арнасой, Пахтакор, Зарбдор, Фориш туманларида қолоқликкка йўл қўйилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг Зомин, Зарбдор, Дўстлик, Зафаробод ва Мирзачўл туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қарорларининг ижроси юзасидан қилинган ишлар ҳам муҳокама қилинди. 

Вилоят ҳокими мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш орқали болаларни қамраб олиш даражасини  жорий йилда 55 фоизга ва 2020 йилда 75 фоизга етказиш бўйича шаҳар ва туманларда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди. Жумладан, Бахмал, Ғаллаорол, Зарбдор, Зомин, Пахтакор туманларида қурилаётган мактабгача таълим муассасаларини молиялаштириш масаласи оқсаётганини танқид қилди.

Шунингдек, ижроия идора йиғилишида солиқ тушуми, табиий газ, электр энергия ва ичимлик суви учун ундириладиган маблағлар ҳамда дебитор қарздорликларни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар  танқидий-таҳлилий жиҳатдан муҳокама қилинди. Шаҳар ва туманлар ҳудудида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш, кўп қаватли ҳамда бир қаватли намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар учун бошланғич бадал тўловларининг шакллантирилиши, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилиши, сафарбарлик чақирув резервига тўловлар, ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.   

Йиғилишда жорий йилнинг июнь-сентябрь ойлари давомида ижроия идора йиғилиши баённомаларида белгиланган топшириқлар ижроси таҳлил этилди. Бу борада шаҳар ва туман ҳокимликларининг масъулиятини ошириш вазифаси топширилди.

“Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури ижроси бўйича ёш тадбиркорларга кредитлар ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шу пайтгача кредит олиш учун ҳужжатлар тақдим этилмаётганлиги кескин танқид қилинди. Бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарларига вазифалар юклатилди.

Идоравий йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли баённома қабул қилинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!